Солиқ имтиёзлари: Кимлар солиқдан озод этилган?

Бугун 16:554 дақиқа

Ўзбекистонда жисмоний шахслар учун айрим даромад турлари ижтимоий аҳамияти сабаб солиқдан озод қилинган. Таълим, тиббиёт, уй-жой, инвестиция ва бошқа соҳалардаги ушбу имтиёзлар аҳоли фаровонлигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Хўш, қайси даромадлар солиқдан озод қилинган?

Солиқ имтиёзлари: Кимлар солиқдан озод этилган? © davinciorthopedics.com

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 378-379-380-моддаларида жисмоний шахсларнинг солиққа тортилмайдиган даромадлари, дипломатик ва халқаро мақомдаги шахслар учун имтиёзлар, камайтирилган солиқ ставкалари белгилаб қўйилган.

Солиқ солинмайдиган даромад турлари:

Таълим ва малака оширишга йўналтирилган маблағлар

• Ўзининг, фарзандларининг ёки 26 ёшга тўлмаган турмуш ўртоғининг ўқиши учун контракт тўловлари;

• Нодавлат боғча ва мактаблар учун ҳар бир фарзандга ойига 3 млн сўмгача тўловлар;

• Нодавлат таълим марказларида қайта тайёрланиш ва малака ошириш БҲМнинг 8 бараваригача ёки 3 млн 296 минг миқдордаги харажатлардан солиқ олинмайди.

Ижтимоий ва моддий ёрдам пуллари ва совғалар

• Вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этгани учун ҳодимга бериладиган моддий ёрдамнинг меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг (МҲТЭКМ) 4,22 бараваригача, яъни 5 млн 363 минг 620 сўмгача бўлган миқдори;

• Иш берувчи томонидан ходим ва унинг фарзандлари учун тўланган даволаниш, тиббий хизмат ва ногиронлик протезлари харажатлари;

• Ногиронлар учун санаторий йўлланмалари ҳамда ходимларнинг фарзандлари (16-18 ёшгача) учун оромгоҳ йўлланмалари қиймати;

• Ижтимоий реестрдаги оилаларга ҳомийлардан келадиган БҲМнинг 100 бараваригача ёки 41 млн 200 минг сўм миқдоридаги ёрдам пуллари;

• Иш берувчидан олинган йилига МҲТЭКМнинг 2,11 бараваригача, яъни 2 млн 681 минг 810 сўм миқдордаги совғалардан солиқ тўланмайди.

Уй-жой ва ипотека имтиёзлари

Ойлик иш ҳақининг ипотека кредитини (асосий қарз ва фоизларини) тўлаш учун йўналтирилганда 12 фоиз даромад солиғи ушланмайди. Агар ипотека ҳисобига олинган уйни 3 йил (36 ой) ичида сотиб юборилса, шу пайтгача тўланмаган барча 12 фоизлик даромад солиқлари давлатга қайта ҳисобланиб, қайтариб тўланиши шарт бўлади.

Уйини талабаларга ижарага берган жисмоний шахсларнинг шу ижрадан олган даромадларидан солиқ тўламайди.

Мол-мулкни сотиш ёки мерос қолдириш

Уй-жой (36 ойдан кўп мулкида бўлган), автомобил ва бошқа буюмларни сотишдан олинган фойдадан солиқ тўланмайди.

Яқин қариндошлардан олинган ҳар қандай мерос ёки ҳадя солиқдан озод. Бегоналардан олинган қимматбаҳо мулклар (уй, машина) имтиёздан мустасно.

Инвестиция ва жамғармалар

Банк омонатлари фоизлари, давлат облигациялари бўйича ютуқлар ва дивидендлардан;

Маҳаллий фонд бозоридан акциялар сотиб олишга йўналтирилган иш ҳақининг бир қисми (маълум шартлар билан);

Халқ банкидаги ихтиёрий пенсия ҳисобварағига йўналтирилган маблағлардан солиқ тўланмайди.

Касбий ва спорт фаолияти билан боғлиқ даромадлар

Халқаро мусобақаларда ғолиб бўлганлик учун берилган пул ва буюм мукофотлари;

Пахта теримида ишлаганлик учун олинган ҳақ;

Кунбай иш марказлари орқали топилган даромадлар;

Олтин изловчилар (старателлар) томонидан қазиб олинган металлни реализация қилишдан олинган даромадлардан солиқ тўланмайди.

Махсус тоифадаги шахслар учун

Чернобил ҳалокати оқибатларини тугатишда қатнашганлар ва уларнинг турмуш ўртоқлари даромадлари;

«Маҳалла сервис» компания ходимларининг иш ҳақи даромадларидан солиқ олинмайди.

Дипломатик ва халқаро мақомдаги шахслар учун имтиёзлар

Ушбу модда халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, чет давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларини Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ барча даромадлари бўйича солиқдан озод этади. Мазкур имтиёз қуйидаги шартлар асосида амал қилади:

• Шахс Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаслиги керак;

• Имтиёз дипломатик ва консуллик хизмати билан боғлиқ бўлмаган (масалан, шахсий тадбиркорликдан олинган) даромадларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Солиқ базасини камайтириш

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 380-моддасига кўра маълум бир тоифадаги фуқароларга жами йиллик даромадидан қатъи назар, ҳар ойлик даромадининг бир қисмини солиқдан озод қилиш ҳуқуқини беради.

МҲТЭКМнинг 1,41 баравари миқдорида (1 млн 792 минг 110 сўм):

• «Ўзбекистон Қаҳрамони», уруш ногиронлари ва қатнашчилари;

• Икки ва ундан ортиқ 16 ёшга тўлмаган болалари бор ёлғиз оналар ёки бева аёл/эркаклар;

• Хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва бева хотинлари.

МҲТЭКМнинг 3 баравари миқдорида (3 млн 813 минг сўм):

• Болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар;

• I ва II гуруҳ ногиронлари (Чернобил АЭС ҳалокати иштирокчиларидан ташқари).

Солиқ имтиёзларидан фойдаланиш фуқаронинг солиқ органларига тақдим этган аризаси ва имтиёзга ҳуқуқ берувчи ҳужжатлари (масалан, пенсия гувоҳномаси, ногиронлик маълумотномаси, таълим шартномаси) асосида амалга оширилади. Ҳозирги кунда ушбу жараёнлар ахборот тизимларининг ўзаро интеграциялашуви натижасида «Солиқ» мобил иловаси орқали масофавий тарзда ҳам расмийлаштирилмоқда.

Солиқ кодексида белгиланган баъзи имтиёзлар учун белгиланган қоидаларга риоя қилмаслик солиқ мажбуриятининг қайта тикланишига сабаб бўлиши мумкин.

Теглар

Севарахон Одилжонова

Севарахон ОдилжоноваМақолалар сони: 799

Барчаси

Мавзуга оид

Солиқ имтиёзлари: Кимлар солиқдан озод этилган? | Vaqt.uz