add

Сўм 11 ойда 7,5 фоизга мустаҳкамланди

Миллий валюта қадрининг ошишига пул ўтказмалари, экспорт тушумлари ва валюта таклифининг тез ўсиши асосий омил бўлди.

Сўм 11 ойда 7,5 фоизга мустаҳкамланди

2025 йил январ–ноябр ойларида сўмнинг алмашув курси 7,5 фоизга мустаҳкамланди. Марказий банк таҳлилига кўра, бу натижа ички валюта бозорида талаб ва таклиф нисбатининг ўзгариши ҳамда ташқи молиявий оқимлар билан боғлиқ омиллар таъсирида шаклланган.

Сўм қадри ошишида энг муҳим омиллардан бири меҳнат муҳожирлари юборган пул ўтказмалари ҳажмининг кескин кўпайиши бўлди. Хусусан, 11 ой давомида Ўзбекистонга муҳожирлардан 17,3 млрд доллар келиб тушган бўлиб, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга кўп. Ушбу маблағлар ички валюта бозорида таклифни ошириб, миллий валюта барқарорлигига жиддий ҳисса қўшган.

Шунингдек, экспорт тушумларининг ўсиши, хорижий кредитлар жалб этилиши ва импорт тўловлари ҳажмининг барқарорлашуви ҳам сўмнинг мустаҳкамланишига ижобий таъсир кўрсатди. Марказий банк тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ортиб бораётганини ҳам муҳим омил сифатида қайд этган.

Ҳисобот даврида Ўзбекистонда чет эл валютасига талаб ўтган йилга нисбатан 24 фоизга, таклиф эса 26 фоизга ўсди. Айниқса, юридик шахслар томонидан валюта таклифининг 35 фоизга ошиши бозорда таклиф суръати талабдан юқори бўлганини кўрсатди.

Январ–ноябр ойларида олтинсиз экспорт тушумлари 16 млрд долларга етди. Унинг 8,9 млрд доллари ички валюта бозорида сотилиб, қўшимча валюта манбаси сифатида хизмат қилди. Бу кўрсаткич ҳам ўтган йилга нисбатан юқори ўсишни намоён этди.

Шу даврда аҳоли банкларга 19,4 млрд доллар сотган, 10,6 млрд доллар эса харид қилган. Маълумот учун, 2025 йил сентябр ойининг ўзида сўм курси долларга нисбатан 3,4 фоизга мустаҳкамланган. Марказий банк миллий валюта курси эркин бозордаги жорий талаб ва таклиф асосида шаклланишини, регулятор томонидан мақсадли курс белгиланмаслигини таъкидлаган.

Теглар

Мавзуга оид

Сўм 11 ойда 7,5 фоизга мустаҳкамланди | Vaqt.uz