Logo

Сотувга қўйиладиган 35 та бозор, 178 трлн сўмлик солиқ имтиёзлари ҳамда Қирғизистон билан иттифоқчилик — 30 июл дайжести

Кеча 23:203 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Сотувга қўйиладиган 35 та бозор, 178 трлн сўмлик солиқ имтиёзлари ҳамда Қирғизистон билан иттифоқчилик — 30 июл дайжести

Тошкентдаги 35 та бозор ва савдо комплекси сотувга қўйилади

Президент қарорига мувофиқ, Тошкентдаги 35 та бозор, савдо комплекси ва уларнинг шохобчалари оммавий савдоларга чиқарилади. Жумладан, «Чорсу», «Юнусобод», «Ўрикзор», «Қўйлиқ», «Сергели», «Наврўз», «Паркент», «Янгиобод» ва бошқа йирик бозорлар хусусий инвесторларга таклиф этилади. Савдоларни ташкил этишда буюртмачи сифатида «Toshkent Invest Company» АЖ иштирок этади.

Қарорга кўра, бозорларга қарашли филиаллар, автотураргоҳлар ва бўш ер майдонлари ҳам электрон аукцион орқали сотилади. Ҳар бир объект учун тайёр бизнес лойиҳаси ишлаб чиқилади, сотувдан тушган маблағнинг 1 фоизи ҳамда савдони ташкил этиш харажатлари «Toshkent Invest Company»га йўналтирилади.

Солиқ имтиёзлари 178 трлн сўмдан ошди

2025 йилда Ўзбекистонда тақдим этилган солиқ имтиёзлари ҳажми 178,2 трлн сўмни ташкил қилди. Бу ўтган йилга нисбатан 31,2 фоизга кўп. Имтиёзларнинг 119,1 трлн сўми Солиқ қўмитаси, 59,1 трлн сўми эса Божхона қўмитаси ҳиссасига тўғри келган. Энг катта улуш — 114,6 трлн сўм ёки 64 фоиз — ҚҚС имтиёзларига тўғри келади.

Фойда солиғи бўйича энг катта имтиёзлар халқаро шартномалар доирасида тақдим этилган. Бундай имтиёзлар 2025 йилдан бошлаб алоҳида ҳисобга олина бошлади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун жорий этилган ноль ставка бўйича имтиёзлар ҳажми 1,7 трлн сўмни ташкил этган.

Ўзбекистон U-17 Осиё кубогига мезбонлик қилади

2027 йилги U-17 Осиё кубоги Ўзбекистонда ўтказилади. Бу қарор Осиё футбол конфедерацияси Ижроия қўмитасининг йиғилишида қабул қилинди. Шунингдек, 2029 йилги U-17 Осиё чемпионати Саудия Арабистонида бўлиб ўтади.

Йиғилишда 2028 йилги U-23 Осиё кубоги мезбони ҳам аниқланди. Лос-Анжелес Олимпиадасига саралаш вазифасини бажарадиган мусобақа Японияда ўтказилади. Мезбонлик учун Ўзбекистон ҳам номзодини қўйган эди, аммо AFC Японияни инфратузилма, хавфсизлик ва турнирларни ҳудудлар ўртасида навбат билан ўтказиш тамойили асосида танлади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон савдо ҳажмини 2 млрд долларга етказмоқчи

Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров Чўлпонотада ўтказган музокараларда ўзаро савдо айланмасини 2 млрд долларга етказиш бўйича келишувларга эришди. Бунинг учун импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар етказиб бериш ҳажми оширилади, шунингдек, Тошкент ва Бишкекда савдо уйлари ҳамда ваколатхоналар очилади.

Томонлар энергетика, геология, логистика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва тўқимачилик соҳаларида қўшма лойиҳаларни кенгайтиришга келишиб олди. Шунингдек, стратегик аҳамиятга эга «Қамбарота ГЭС-1» қурилиши бўйича битимни тез фурсатда имзолаб, лойиҳани амалий босқичга ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон иттифоқчилик шартномасини имзолади

Чўлпонота шаҳрида Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров музокаралари якунида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланди. Шунингдек, давлат раҳбарлари ҳузурида 11 та икки томонлама ҳужжат алмашилди.

Имзоланган ҳужжатлар давлат чегараси, «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланиш, ижтимоий суғурта ва пенсия таъминоти, олий таълим, туризм, маданият, агросаноат ҳамкорлиги ҳамда Иссиқкўлдаги объектларга оид келишувларни қамраб олди.

Теглар

Мавзуга оид