Сурхондарёда банкомат пулини ўзлаштирган банкирлар аниқланди

25.02.2026 | 11:151 дақиқа

Тижорат банки ходимлари қарийб 400 млн сўмни талон-торож қилганликда гумонланмоқда.

Сурхондарёда банкомат пулини ўзлаштирган банкирлар аниқланди

Сурхондарёда тижорат банки ходимлари банкомат пулини ўзлаштиргани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълумотларга кўра, департаментнинг Жарқўрғон тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда ҳудудий тижорат банкининг собиқ шўба мудири ва назоратчи кассири банкоматларга ажратилган маблағларни ўзлаштиргани маълум бўлган.

Текширув материалларига кўра, банк хизматлари марказининг собиқ шўба мудири Т.С. ўзига бириктирилган банкоматларга ажратилган 262,5 млн сўмни ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилган. Шунингдек, назоратчи кассир С.Н. ҳам 132,8 млн сўм маблағни ноқонуний равишда ўзлаштиргани маълум бўлди.

Шу тариқа, умумий зарар миқдори қарийб 395 млн сўмни ташкил этган. Мазкур ҳолат банк тизимида ички назорат механизмларининг самарадорлигига доир саволларни кун тартибига чиқармоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилди. Жиноят кодексининг 167-моддаси, яъни ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 110 минг доллар пора талаб қилган банк мансабдори ушланганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид