Ташиевдан кейин навбат вазирларга: Жапаров ҳукуматда йирик «тозалаш» ўтказди

16.02.2026 | 15:352 дақиқа

Уч нафар вазир ўз лавозимидан айрилди. Қирғизистон президенти давлат тўнтариши учун асослар йўқлиги ҳақида айтди.

Ташиевдан кейин навбат вазирларга: Жапаров ҳукуматда йирик «тозалаш» ўтказди

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров бирданига ҳукуматнинг уч нафар аъзосини лавозимидан озод этди. Бу ҳақда маъмурият матбуот хизмати хабар берди.

2020 йилдан бери Фавқулодда вазиятлар вазирлигини бошқариб келган Бообек Ажикеев ФВВ раҳбари лавозимидан олинган. Унинг ўрнига Урматбек Шамирканов вазифасини бажарувчи этиб тайинланган, унинг номзоди Жўқорғу Кенеш кўриб чиқиши учун киритилган.

2024 йилдан бери лавозимни эгаллаб келган Транспорт ва коммуникациялар вазири Абсаттар Сиргабаев ҳам истеъфога чиқарилган. Унинг ўрнини вақтинчалик Талантбек Солтобаев эгаллади.

Учинчи бўлиб Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазирлиги раҳбари, ушбу идорага 2024 йил сентабр ойидан бери раҳбарлик қилиб келаётган Медер Машиев лавозимидан айрилган. Унинг вазифаси вақтинча Ақил Токтобаевга юклатилди.

Тўнтариш ҳақидаги миш-мишларга раддия

Мамлакат президенти Садир Жапаров «Kabar» агентлигига берган интервюсида Қирғизистонда давлат тўнтаришига олиб келиши мумкин бўлган вазият қайд этилмаганини билдирди.

«Ҳеч қандай тўнтариш ёки шунга ўхшаш нарса бўлмайди. Биринчидан, қонунлар бунга йўл қўймайди, иккинчидан, бундай вазиятнинг ўзи мавжуд эмас», — деди давлат раҳбари.

Ташиевнинг кетиши

Эслатиб ўтамиз, 10 феврал куни Камчибек Ташиев Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимларидан озод этилган эди.

Садир Жапаров Ташиевнинг лавозимдан озод этилишини: «Бу қадамнинг асосий мақсади давлат бирлигини мустаҳкамлаш ва жамиятда, шу жумладан давлат органлари ўртасида бўлиши мумкин бўлган бўлинишларни олдини олишдир», – дея тушунтирган.

Теглар

Мавзуга оид