«Темир биродарлар»: Хитой ва Покистон иттифоқининг 75 йиллик тарихи

Махфий ядровий алмашинувлардан тортиб муҳим дипломатик келишувларгача — Покистон ва Хитой узоқ вақтдан буён бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Хўш, бу муносабатларнинг келажаги қандай?

«Темир биродарлар»: Хитой ва Покистон иттифоқининг 75 йиллик тарихи © news.cgtn.com

Асрлар давомида миллат ва империялар ҳудуд талашиб, ўзаро курашиб келган. Бироқ 1963 йилнинг март ойида Покистон тарихда кам учрайдиган қадам ташлади: у Гонконгдан беш баравар катта ҳудудни бошқа бир давлатга — Хитойга ихтиёрий равишда топширди.

Пекин билан тузилган чегара битимига мувофиқ, Покистон Қорақурум тоғ тизмасида жойлашган, майдони тахминан 5 180 квадрат километрни ташкил этувчи Шаксгам водийси назоратини Хитойга берди. Ваҳоланки, Ҳиндистон бу ерларни баҳсли Кашмирнинг бир қисми деб ҳисоблар эди.

Бу келишувнинг ўзига хос стратегик мантиғи бор эди. Ўша вақтда Покистон мазкур ҳудуд устидан тўлақонли суверенитетга эга эмасди ва бу баҳс бугунги кунга қадар ўз ечимини топмаган. Бундан ташқари, Хитой бу воқеадан роппа-роса уч ой олдин — 1962 йилдаги чегара урушида Ҳиндистонни мағлуб этган эди. Покистон раҳбарияти баҳсли тоғларни Ҳиндистон даъволаридан ёлғиз ўзи ҳимоя қилишга урингандан кўра, уни Хитой назоратига топширишни мантиқлироқ деб топди.

21 май куни Покистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 75 йил тўлди. Олтмиш йилдан ортиқ вақт муқаддам содир бўлган бу воқеа асосан Ҳиндистонга нисбатан умумий душманлик кайфияти устига қурилганди. Бу ҳолат икки ғайриоддий шерикни — бир томондан коммунистик ва дунёвий давлатни, иккинчи томондан эса дин асосида яратилган мамлакатни бирлаштира олган ноёб ишончнинг дастлабки белгиси эди.

Шу ҳафта бошида Покистон парламенти аъзоларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бош вазир ўринбосари ва Ташқи ишлар вазири Исъҳоқ Дар Сенатнинг меҳмонлар галереясида ўтирган Хитой делегациясига мурожаат қилди. Дар икки давлат ўртасидаги «муштарак қарашлар», «Покистон бўйлаб тарқалган» дўстлик рамзлари ва «кундан-кунга мустаҳкамланиб бораётган» муносабатлар ҳақида сўз юритди. Шундан сўнг, Сенат дипломатик алоқаларнинг 75 йиллигига бағишланган «Хитой-Покистон дўстлиги ва биродарлигини қайта тасдиқлаш тўғрисида»ги резолюцияни бир овоздан қабул қилди.

23 май куни эса Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф юқори мартабали ҳукумат ва ҳарбий мулозимлар ҳамроҳлигида тўрт кунлик давлат ташрифи билан Пекинга жўнаб кетади.

Юбилейга бағишланган қўшма баёнотлар, коммюнике ва оммавий чиқишларда ҳар икки ҳукумат ўнлаб йиллар давомида ишлатиб келаётган одатий иборалардан яна фойдаланиши кутилмоқда: «Темир биродарлар», «Ҳар қандай шароитда ҳам синалган дўстлик», «Тоғлардан баланд, уммонлардан теран».

Бироқ байрам тантаналарида қўшнилар ўртасидаги муносабатларнинг асл тарихи тўлиқлигича очиқланмайди. Аслида, бу тарих баҳсли ҳудудларнинг Хитойга топширилишини, ҳеч бир томон расман тан олмаган ядровий келишувларни, шунингдек, 1971 йилда айнан Покистон воситачилигида эришилган, бироқ Исломободга деярли ҳеч қандай расмий эътироф келтирмаган дипломатик яқинлашувларни ўз ичига олади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, бугунги кунда ушбу алоқалар расмий баёнотларда тасвирланганидан кўра кўпроқ ўзаро прагматик манфаатларга асосланган ва айни пайтда анча барқарор кўринишга эга.

«Аслида бу иттифоқни шунчаки ўзаро яқинлик эмас, балки ҳар икки томоннинг бир-бирини тўлдириб туриш омили ушлаб турибди. 75 йиллик тарих — бу ўзгарувчан шароитларда икки давлатнинг бир-бири учун қайта-қайта керакли ва фойдали бўлиб келгани тарихидир», — дейди Оксфорд университети доценти Мария Аделе Каррай «Al Jazeera» телеканалига берган интервюсида.

Умумий душман сабаб яралган иттифоқ

1942 йилнинг феврал ойида Покистон давлатининг асосчиси Муҳаммад Али Жинна Деҳлида Хитойнинг ўша вақтдаги миллат етакчиси Чан Кайши билан учрашган эди.

Маълумотларга кўра, Чан Кайши кейинчалик мустақил Ҳиндистоннинг биринчи бош вазирига айланган Жаваҳарлал Неру билан жуда илиқ муносабатда бўлган. Бироқ Бутун Ҳиндистон Мусулмонлар лигаси етакчиси Жинна унда яхши таассурот қолдирмаган. Чан Кайши ўз кундалигида уни «ғирром» деб атаб, «инглизлар айнан шундай одамлардан фойдаланишини» ёзиб қолдирган.

1

Тарихчи Рана Миттер ўзининг «Унутилган иттифоқчи: Хитойнинг 1937–1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида иштироки» номли асарида қайд этишича, Чан Кайши сепаратистик сиёсатга мутлақо тоқат қила олмасди.

Аммо орадан тўққиз йил ўтиб, Жинна асос солган мамлакат материкда Чан Кайши ҳукуматини сиқиб чиқарган коммунистик Хитойни расман тан олди. Шу тариқа, 1950 йилнинг январ ойида — Хитой Халқ Республикаси ташкил топганидан сўнг олти ой ҳам ўтмай, Покистон Пекинни тан олган биринчи мусулмон давлати ва илк нокоммунистик мамлакатлардан бирига айланди.

Мазкур қадам кўпинча дадил ва илғор ҳаракат сифатида баҳоланса-да, унинг негизида стратегик зарурат ётар эди. 1947 йилнинг августида Британия ҳукмронлигидан мустақилликка эришган Покистон давлат сифатида тўлиқ шаклланиб улгурмасиданоқ Ҳиндистонга қарши мувозанатни таъминловчи кучга муҳтож бўлиб қолди. Бу ўринда география ва хавф-хатарларни реал баҳолаш идеологиядан кўра муҳимроқ аҳамият касб этган.

Гарчи Покистон дипломатлари Пекин билан алоқаларни зимдан ривожлантириб бораётган бўлса-да, Исломобод Осиё ва Яқин Шарқда коммунизм экспансиясини жиловлаш мақсадида тузилган АҚШ бошчилигидаги иттифоқларга — 1954 йилда Жануби-Шарқий Осиё Шартномаси Ташкилоти (SEATO) ва 1955 йилда Марказий Шартнома Ташкилотига (CENTO) расман аъзо бўлди.

Покистон армиясининг собиқ бригада генерали, ҳозирда Калифорниядаги Ҳарбий-денгиз аспирантураси олими Фероз Ҳасан Хон ҳам ушбу муносабатлар мантиғини айнан ўша дастлабки йиллар билан боғлайди:

«Хитой билан муносабатлар ҳар доим узоқни кўзлаб олиб борилган ўйин бўлган. Покистон ўз қўшнилари билан доимий стратегик душманлик ҳолатида яшай олмаслигини яхши тушунарди. Ғарб узоқ, қудратли ва прагматик эди, лекин у қўшни эмасди», — дейди у.

Пекинда бундай дунёқарашнинг мустаҳкамланишида Хитойнинг биринчи бош вазири Чжоу Энлай асосий рол ўйнаган. 1955 йилнинг апрелида Индонезияда бўлиб ўтган Бандунг конференциясида Покистон Ғарбга мойил саноқли иштирокчи давлатлардан бири эди. Хитой етакчилари Покистонни ўзлари учун душман эмас, деган хулосага келишди. Уларнинг фикрича, Покистоннинг асосий ташвиши 1948 йилдаёқ уруш қилишга улгурган Ҳиндистон эди. Бу вақтда Пекиннинг ўзида ҳам Деҳлига нисбатан ишончсизлик тобора ортиб бораётганди.

«Агар ўртада умумий таҳдид сифатида Ҳиндистон бўлмаганида, Покистон ва Хитой муносабатлари бутунлай бошқача манзара касб этган бўларди. Мазкур геосиёсий мантиқ ўнлаб йиллар давомида ўз кучини йўқотмай келмоқда», — дейди Хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчи Муҳаммад Файсал «Al Jazeera»га.

Яширин асослар

Покистон ва Хитой муносабатларининг асл пойдеворини, таъбир жоиз бўлса, асосий иккита воқеа ташкил этади. Бироқ уларнинг ҳеч бири юбилей тантаналарида эслаб ўтилмаслиги аниқ.

Биринчиси — Шаксгам водийсининг Хитойга топширилиши.

2

Ўша вақтда Покистон Ташқи ишлар вазири бўлган Зулфиқор Али Бхутто мазкур ҳудудий келишув музокараларига бошчилик қилган. Бу битим уни Чжоу Энлайнинг энг ишончли кишиларидан бирига айлантирди.

«Бу дипломатик маҳоратнинг ажойиб намунаси эди», — дейди собиқ бригада генерали Хон.

Покистон SEATO аъзоси бўла туриб, расман ўзига қарши бўлган коммунистик давлат билан алоқаларни мустаҳкамлашда Ҳимолайдаги чегара низосидан усталик билан фойдалана олди.

Иккинчи воқеани эса ҳар икки ҳукумат ҳанузгача очиқ муҳокама қилишдан қочади: бу — ядровий масала.

Хитой 1964 йилнинг октабрида Лоп Нурда ўзининг биринчи ядровий қурилмасини синовдан ўтказиб, бундай натижага эришган илк ривожланаётган давлатга айланди.

Орадан ўн йил ўтиб, 1974 йилда Ҳиндистон Похронда ядро синовини ўтказгач, ўша пайтда бош вазир бўлган Бхутто бунга қатъий муносабат билдирди: «Покистон ҳар қандай қиймат эвазига бўлса-да, бундай салоҳиятга эга бўлиши шарт».

Бундан бор-йўғи уч йил олдин, 1971 йилнинг декабрида Покистон Ҳиндистондан қақшатқич зарба еган, оқибатда Бангладеш давлати ташкил топиб, қарийб 93 минг покистонлик аскар таслим бўлган эди. Бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик ҳарбий таслим бўлиш ҳолати саналарди. Файсалнинг таъкидлашича, айнан шу воқеа Покистоннинг ядровий дастурини тезлаштириш учун «кучли туртки» бўлган.

«Саноқли ҳафталар ичида Бхутто ядровий дастурни бошлаш учун илмий доираларни бирлаштирди. Ҳиндистоннинг 1974 йилдаги синови эса бу ишнинг нақадар кечиктириб бўлмас даражада эканини яққол кўрсатиб қўйди», — дейди у.

Икки йил ўтгач, 1976 йилда Хитой ва Покистон ҳукуматлари шу вақтгача норасмий бўлиб келган келишувни расмийлаштирди. Улар икки томонлама ядровий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади ва бу ҳужжат кейинги ўн йилликда Хитой томонидан кўрсатиладиган ёрдамнинг ҳуқуқий асосига айланди.

АҚШ разведка хизматларининг хулосалари ва аксарият мустақил таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ўша ҳал қилувчи босқичда (тахминан 1980-йилларда) Хитой катта ёрдам кўрсатган. Жумладан, қурол чизмаларига оид маълумотлар ҳамда камида иккита ядровий қурилма учун етарли миқдорда бойитилган уран тақдим этган.

Расман ҳар икки ҳукумат буни инкор этади. Сабаби, буни ошкора тан олиш — Хитойнинг ядро қуролини тарқатишдаги иштирокини тан олишини англатар эди. Бироқ Хоннинг сўзларига кўра: «Покистон қаерда қийинчиликка дуч келмасин, Хитой эҳтиёт қисмлар, билим ва ҳамкорлик орқали бу бўшлиқни тўлдириб келган».

Таъкидлаш жоизки, алмашинув икки томонлама олиб борилган. Покистоннинг центрифуга дастури Европа тармоқлари орқали технологияларни қўлга киритган бўлса, Хитой олимлари ҳам Покистоннинг ютуқларидан ўзлаштирган. Бу ўзаро манфаатли алмашинув эди.

1998 йилнинг май ойида Покистон Ҳиндистоннинг икки ҳафта олдинги синовларига жавобан Балужистоннинг Чағай ҳудудида ўзининг ядровий синовларини ўтказди. Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ушбу синовларни қораловчи резолюциясига тўсқинлик қилди.

Кейинчалик Покистоннинг БМТдаги вакили Ҳиндистоннинг провокацияси ва Покистоннинг бунга қайтарган жавоби ўртасидаги «фарқни тўғри тушунгани» учун ўз мамлакати номидан Хитойга миннатдорлик билдирди.

Махфий алоқа канали

1970-йилларнинг ўрталарига келиб, Покистон ҳам Хитой учун стратегик шерик сифатида қанчалик қадрли эканини амалда исботлаб улгурган эди.

1971 йилнинг июл ойида АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Генри Киссинжер Исломободда «Pakistan International Airlines» самолётига ўтирди-ю, тўсатдан кўздан ғойиб бўлди. Бунинг расмий сабаби сифатида унинг тоби қочгани рўкач қилинган бўлса-да, аслида у Пекинга йўл олган эди.

Шу тариқа бошланган ва 1972 йилнинг февралида президент Ричард Никсоннинг Хитойга ташрифи билан ўз чўққисига чиққан мазкур махфий алоқалар ХХ асрнинг энг муҳим дипломатик бурилишларидан бири сифатида тарихга кирди.

3

«Йирик қудратли давлатларнинг яқинлашувига замин яратган мамлакатлар ўз хизматларига муносиб рағбат олиши тарихда камдан-кам кузатиладиган ҳолат. Улар яратиб берган воситачилик канали ишга тушиши билан, уларнинг ўрни ва аҳамияти дарҳол унутилади», — дейди Каррай.

1971 йилда Шарқий Покистонда маҳаллий армия томонидан содир этилган шафқатсизликларга Никсон маъмуриятининг кўз юмиши — ўша пайтда Пекин билан алоқа каналини сақлаб қолиш учун ташланган мажбурий қадам сифатида қабул қилинган.

Юз минглаб инсонлар ҳалок бўлаётган бир вақтда Вашингтон асосан сукут сақлашни маъқул кўрди. Шундай бўлса-да, Совуқ уруш даврининг энг ҳал қилувчи дипломатик алоқаларидан бирини ўрнатишга катта ҳисса қўшгани учун Покистон деярли ҳеч қандай расмий миннатдорлик кўрмади.

«Покистон шунчаки манфаатпараст воситачи эмасди. Пекин йиллар давомида Покистоннинг ролини эътироф этиб келаётган бўлса, Вашингтоннинг мақтовлари кейинги маъмуриятлар давридаёқ унутилиб кетди», — дейди Покистоннинг Хитойдаги собиқ элчиси Сардор Масъуд Хон.

Элчининг фикрича, Хитойни Покистоннинг Гвадар порти билан боғловчи 3000 километрлик инфратузилма тармоғини ўз ичига олган «Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги» (CPEC) лойиҳаси, шунингдек, икки давлат ўртасидаги бугунги мудофаа ҳамкорлигининг кўлами — айнан «1970-йилларда шаклланган стратегик ишончнинг юксак чўққиси» ҳисобланади.

Истеъфодаги дипломатнинг таъкидлашича, Хитойнинг Покистонга нисбатан кўрсатган «хайрихоҳлиги» ҳеч қачон «жавобсиз қолмаган».

Аслида Хитой ва Покистон бундан аввал ҳам ўзаро транспорт йўлаги барпо этган эди.

1960-йилларнинг бошларида старт олган Қорақурум автомобил йўли қурилиши дунёдаги энг ўтиб бўлмас тоғли ҳудудлар бўйлаб 1300 километрлик масофада йўл тортишни талаб қилган. Бу улкан лойиҳани якунлаш учун қарийб йигирма йил вақт сарфланди.

Қурилиш жараёнларида 810 нафарга яқин покистонлик ишчи ва 200 нафар хитойлик муҳандис ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти тоғ кўчкилари ва жарликка қулаш оқибатида қурбон бўлган эди. Ҳалок бўлган 140 дан ортиқ хитойлик ишчилар Гилгитдаги хотира қабристонига дафн этилган.

Ушбу автомобил йўли Хитойнинг Шинжон-Уйғур минтақасидаги Қашқар шаҳрини Араб денгизи билан боғлаб, Пекинга Ҳинд океанига чиқувчи илк қуруқлик йўналишини очиб берди.

Собиқ бригада генерали Хон бу йўлни 2015 йилда ишга туширилган инфратузилма дастурининг дебочаси, яъни «асл CPEC» (Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги) деб атайди.

«Чжоу Энлай Хитойнинг ғарбий вилоятлари денгизга чиқиш имкониятидан маҳрум эканини ва уларга албатта шундай йўл кераклигини яхши тушунар эди. Хитой буни ўнлаб йиллар олдиндан кўра олган», — деди Хон.

2015 йилнинг апрелида Си Жинпинг Исломободга ташриф буюриб, кейинчалик 62 миллиард долларлик инфратузилма ва энергетика сармоясига айланган лойиҳани эълон қилганида, Покистон расмийлари CPEC'ни мамлакат ҳаётида ҳақиқий туб бурилиш ясовчи куч сифатида катта қувонч билан кутиб олишган эди.

Хитойнинг Жанубий Осиёдаги иқтисодий иштирокини ўрганувчи Индиана университети доценти Стелла Хонг Чжангнинг таъкидлашича, бу умидлар бошданоқ реалликдан йироқ бўлган.

«Покистон каби йирик ва мураккаб мамлакат учун ташқаридан молиялаштириладиган ҳеч қандай ягона дастур саноқли йиллар ичида туб ўзгаришларни амалга ошириши мумкин эмасди», — дейди таҳлилчи.

Йўлакдаги зиддиятлар

CPEC (Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги) Покистоннинг электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтирди, аммо 1990-йиллардан буён ушбу соҳани қийнаб келаётган узлуксиз қарз инқирозини ҳал қила олмади. Аксинча, баъзи жиҳатдан бу муаммони янада чуқурлаштирди. Шунингдек, Гвадардаги кичик балиқчилар шаҳарчасини йирик денгиз марказига (хабига) айлантириш режалари маҳаллий реалликка бориб урилди.

4

«Бу лойиҳа барчани қамраб олиш ўрнига, аксинча, ажратиб қўювчи хусусият касб этди. Маҳаллий аҳолига бу лойиҳада деярли ҳеч қандай эгалик ҳуқуқи берилмади, бу эса барқарор ривожланиш учун ўта зарур бўлган қуйидан юқорига йўналтирилган ташаббусларни йўққа чиқарди» — дейди таҳлилчи Чжанг.

Покистон расмийларининг сўзларига кўра, бундай таркибий камчиликлар мамлакатдаги хавфсизлик вазияти ёмонлашишидан анча олдин тўпланиб қолган эди.

«Бурилиш нуқтаси тахминан 2016 йилнинг охирларига тўғри келди», — дейди CPEC илғор тажриба марказининг ижрочи директори ва Покистон Вазирлар Маҳкамаси котибиятининг собиқ юқори мартабали мулозими Сафдар Соҳайл.

«Саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш ва IT соҳалари жуда секин ривожланди. Сув ресурсларини бошқариш лойиҳаси эса хитойликлар томонидан бутунлай тўхтатилди. Хитой биздаги кўтаринки кайфиятни нотўғри қабул қилди ва CPEC'ни Покистоннинг миллий ривожланиш режасига айлантириб юборганимиздан чўчиб тушди», — дейди собиқ ҳукумат мулозими.

Соҳайлнинг сўзларига кўра, Покистоннинг дастлабки умидлари омма олдида жар солинган рақамлардан анча камтарроқ эди. Хитой томони таклиф қилган «Узоқ муддатли режа»да 15 йил давомида ривожланиш дастурларини молиялаштириш учун тахминан 15 миллиард доллар кўзда тутилган бўлиб, бу Си Жинпинг 2015 йилда эълон қилган 46 миллиард долларнинг кичик бир қисми эди, холос.

Пекиндаги «Horizon Insights Centre» бош котиби ва Ҳиндистонда ишлаган собиқ дипломат Хэ Аннинг таъкидлашича, хавфсизлик масаласи лойиҳа учун бевосита амалий тўсиққа айланган.

«Хитой давлат корхоналари молиявий йўқотишлардан кўра одамларнинг қурбон бўлишига кучли таъсирчан. Лойиҳалар молиявий қийинчиликларни қандайдир енгиб ўтиши мумкиндир. Аммо Хитой фуқароларининг ҳалок бўлиши — бутунлай бошқа масала», — дейди у.

Таҳлилчи Чжангнинг сўзларига кўра, ҳозирда Покистондаги Хитой иқтисодий фаоллигининг асосий қисми расмий CPEC доирасидан ташқарида, хусусан, қуёш панеллари ва электромобиллар савдоси соҳасида амалга оширилмоқда. Бу эса давлатлараро мувофиқлашувдан кўра, кўпроқ бозордаги табиий талаб билан боғлиқ.

«KTrade Securities» томонидан тақдим этилган савдо маълумотларига кўра, фақатгина 2024 молия йилида Хитойдан қуёш панеллари импорти 16 гигаваттга етган. 2025 йилнинг ўрталарига келиб эса умумий ўрнатилган қувват ҳажми тахминан 36 гигаваттни ташкил қилди. Бу Покистоннинг умумий электр энергияси ишлаб чиқариш қувватининг қарийб тўртдан уч қисмига тенг деганидир.

Бироқ бу қулайликнинг ўзига яраша молиявий товони бор. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Хитой Покистоннинг энг йирик икки томонлама кредитори ҳисобланади. Покистоннинг Хитой олдидаги қарзи тахминан 29 миллиард долларни ташкил этади ва бу мамлакат умумий ташқи қарзининг қарийб 22 фоизи демакдир.

CPEC амалга оширилган ўн йил давомида икки давлат ўртасидаги савдо дисбаланси (номутаносиблиги) янада кенгайиб кетди. Хусусан, 2025 йилда Хитойнинг Покистонга экспорти 20,2 миллиард долларгача ўсган бўлса, Покистоннинг Хитойга экспорти бор-йўғи 2,8 миллиард долларни ташкил этган. Покистон ўз қарзларини узиш учун Хитойдан тўлов муддатларини узайтиришни бир неча бор сўрашга мажбур бўлди. Жумладан, 2025 йилнинг мартида 2 миллиард долларлик, июн ойида эса яна 3,4 миллиард долларлик қарз тўловлари кечиктирилди.

Содда қилиб айтганда, Покистон Хитойга маҳсулот сотишдан топган ҳар бир доллари эвазига Хитой товарларини сотиб олиш учун етти доллардан кўпроқ маблағ сарфламоқда.

Ҳарбий йўналиш

Дарҳақиқат, Покистоннинг Хитойга қарамлиги фақатгина молиявий масалалар билан чекланмайди.

Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) маълумотларига кўра, ҳозирда Хитой Покистон қурол импортининг 80 фоизини таъминламоқда.

5

Бугунги кунда Покистон армиясининг барча уч қўшин тури Хитой мудофаа экотизимига чуқур интеграция қилинган. Булар қаторига ҳамкорликда ишлаб чиқарилган «JF-17 Thunder» қирувчи самолётларидан тортиб, фрегатлар ва «HQ-9» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини киритиш мумкин.

2025 йилнинг май ойида ушбу ҳарбий интеграция илк бор ҳақиқий жанговар шароитда синовдан ўтди. Ўшанда Покистон ва Ҳиндистон кучлари сўнгги ўн йилликлардаги энг жиддий ҳарбий тўқнашувга киришди.

«2025 йил май ойидаги тўқнашув Покистонни Хитой ҳарбий техникасининг ишончлилигига тўлиқ ишонтирди ва ҳозирда қўшма ишлаб чиқариш жараёнлари янада жадаллашмоқда. Хитой учун эса бу низо ўз ҳарбий тизимларининг Ғарб ва Россия платформаларига қарши қандай ишлашини амалда кўрсатиб берган муҳим тажриба бўлди», — дейди Файсал «Al Jazeera» билан суҳбатда.

Таҳлилчи Чжоунинг сўзларига кўра, жанговар ҳаракатлар давомида айниқса Chengdu «J-10» қирувчилари ва «PL-15» ракеталари, шунингдек, ўзаро мувофиқликда ҳаракат қилган эрта огоҳлантирувчи самолётлар, дронлар ва радиоэлектрон кураш тизимларининг натижалари Хитой мутахассисларини руҳлантириб юборган.

Бироқ эътиборли жиҳати шундаки, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишувига Пекин эмас, балки Вашингтон воситачилик қилди.

75 йилдан сўнг

2026 йилнинг 14 май куни Покистон Хитойнинг ички капитал бозорида ўзининг биринчи «Панда облигациялари»ни муомалага чиқарди. Уч йил муддатга мўлжалланган, юанда ифодаланган ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ҳамда Осиё тараққиёт банки кафолатлари билан таъминланган ушбу қимматли қоғозларнинг умумий қиймати 250 миллион долларни ташкил этди.

6

Покистон расмийлари буни ўзига хос тарихий воқеа сифатида баҳолади: 1951 йилда расмий дипломатик алоқалар ўрнатилиши билан бошланган муносабатлар эндиликда Хитойнинг ички молиявий тизимигача кириб борди. Облигацияларнинг чиқарилиши Покистон ва Хитойнинг АҚШ-Эрон низоси бўйича деярли доимий мулоқотда бўлиб турган бир пайтига тўғри келди.

Покистоннинг АҚШ ва БМТдаги собиқ элчиси Масъуд Хоннинг таъкидлашича, мамлакатнинг ҳозирги дипломатик ҳолати 1971 йилда АҚШ ва Хитой ўртасида муносабатлар ўрнатишга ёрдам берган махфий алоқа каналидан-да муҳимроқ аҳамият касб этмоқда.

«Покистон дастлаб минтақавий якдилликни шакллантириб олгач, бундай муҳим ролга муносиб бўлди», — дейди элчи.

Унинг фикрича, Покистон ўзини шунчаки қудратли давлатлар ўртасидаги воситачи эмас, балки «тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда масъулиятли минтақавий ҳамда глобал иштирокчи» сифатида намоён қилмоқда.

Бироқ тўсиқлар ва муаммолар ҳам йўқ эмас. Покистонда Хитой фуқаролари ҳамон нишонга олинмоқда. CPEC инфратузилма яратиш билан бир қаторда, мамлакат гарданига улкан қарз юкини ҳам илди. Бунинг устига, сўнгги бир йил давомида Пекин ва Ню Деҳли ўртасидаги алоқалар илиқлашди. Бунга асосий сабаб — Ҳиндистон ва Хитойнинг Оқ уйдаги кутилмаган қарорлари билан танилган Доналд Трамп маъмурияти билан тўқнаш келаётганидир. Бу эса Исломобод тўлиқ назорат қила олмайдиган янги геосиёсий омилларни юзага келтирди.

Теглар

Мавзуга оид