add

Тўқаев Россия билан муносабатлар шунчаки сиёсий хушмуомалалик эмаслигини айтди

Путин ва Тўқаевнинг норасмий учрашуви 2,5 соатдан ортиқ давом этди. Икки давлат келажакда «Росатом» билан атом электр станцияси қурилиши бўйича муҳим келишувларни имзолайди.

Тўқаев Россия билан муносабатлар шунчаки сиёсий хушмуомалалик эмаслигини айтди

Бугун, 12 ноябр куни Қозоғистон ва Россия президентлари музокара ўтказди. Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев Владимир Путинга фавқулодда меҳмондўстлиги учун самимий миннатдорлик билдирди.

«Ташрифимиз давомида Россия томонининг ушбу тадбирга пухта тайёргарлик кўрганини, унинг энг майда жиҳатларигача ўйлаб чиққанини ўз кўзимиз билан кўрдик. Бизнинг учун Россия Федерациясига давлат ташрифи, шубҳасиз, жорий йилнинг энг муҳим воқеаси ҳисобланади. Бунга жиддий тайёргарлик кўрдик, вазирлик ва идоралар ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказдик, чунки ҳамкорлигимиз кўлами ҳақиқатан ҳам беқиёсдир. Россия Федерацияси билан алоқада бўлмаган ва ҳамкорлик қилмаган бирорта соҳамиз йўқ», - деди Тўқаев.

Қозоғистон президенти икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари шунчаки сўз ўйини ёки сиёсий хушмуомалалик эмас, балки ҳамкорликнинг асл моҳияти эканини таъкидлади.

«Икки томонлама муносабатларимизда ҳеч қандай муаммо йўқлигини мамнуният билан қайд этамиз. Барча соҳалар етарлича муваффақиятли ривожланмоқда. Товар айирбошлаш ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйдик. Бу жуда ҳам реал кўрсаткич деб ўйлайман. Яқин келажакда биз кўзланган мақсадга эришамиз», - дея ишонч билдирди Қозоғистон президенти.

Шунингдек, Тўқаев Россия билан атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликни таъкидлаб, мамлакатлар «Росатом» билан ҳамкорликда атом электр станциясини қуришга йўл очадиган ғоят муҳим келишувларни имзолашга яқин эканлигини айтди.

«Бу ҳақиқатан ҳам муҳим воқеа, туб бурилиш лойиҳасидир. Гап нафақат станциянинг ўзини қуриш, балки янги компетенциялар соҳасини яратиш ҳақида кетмоқда», - дея қўшимча қилди у.

Теглар

Мавзуга оид

Тўқаев Россия билан муносабатлар шунчаки сиёсий хушмуомалалик эмаслигини айтди | Vaqt.uz