Тошкент автобусларида реклама овози пасайтириладиган бўлди
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖга кўра, ролик овози йўловчиларнинг ўзаро мулоқотига ҳамда ҳайдовчининг диққатига халақит бермайдиган даражада бўлиши керак.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaТошкент шаҳридаги жамоат транспорти мониторларида намойиш этилаётган реклама роликларининг овози йўловчиларнинг эътирозларидан сўнг пасайтириладиган бўлди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти маълум қилди.
Қайд этилишича, автобус салонларидаги мониторлар «E-auksion» платформаси орқали ғолиб бўлган тадбиркорга ижара асосида берилган. Ижтимоий тармоқлардаги мурожаатлар ва жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда, жамият томонидан ушбу реклама берувчи компания вакиллари билан махсус учрашув ўтказилган.
Музокаралар давомида тадбиркорга реклама материаллари овозини меъёрида сақлаш шартлиги тушунтирилган. Хусусан, ролик овози йўловчиларнинг ўзаро мулоқотига ҳамда ҳайдовчининг диққатига халақит бермайдиган даражада бўлиши кераклиги таъкидланган.
Шунингдек, ижарачига реклама роликлари овозини пасайтириш ва автобус ичида ортиқча шовқин ҳосил қилмаслик бўйича аниқ кўрсатмалар берилган.
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ вакилларининг билдиришича, компания мазкур масалани ўз назоратига олган. Ҳозирда жамоат транспортида йўловчилар учун қулай муҳит яратишга қаратилган чоралар кўрилмоқда.





