
Тошкент мактабларида ниқоб тақиш мажбурий эмас — ССВ
Соғлиқни сақлаш вазирлиги мактабларда ниқоб тақиш режими жорий этилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида 30 октябрдан бошлаб мактаб ўқувчилари учун тиббий ниқоб тақиш мажбурий қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу маълумот жамоатчилик орасида турли талқинларга сабаб бўлди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков мазкур хабарларни рад этар экан, тарқалган маълумотлар нотўғри талқин қилинганини маълум қилди.
Унга кўра, асос сифатида кўрсатилган ҳужжат — Бош давлат санитария шифокорининг 26 сентябрдаги қарори — ҳар йили мавсумий грипп ва ўткир респиратор касалликлар авж олишидан олдин қабул қилинадиган одатий қарор ҳисобланади.
Нурмат Отабеков таъкидлашича, ҳужжатда ниқоб тақиш талаби эпидемик вазият мураккаблашгандагина амалга оширилиши кўрсатилган.
Ҳозирги пайтда мамлакат бўйича вазият барқарор бўлиб, мактабларда ниқобни оммавий тарзда тақиш зарур эмас. Фақат гуруҳ ёки синфда касалланган болалар аниқланган ҳолларда, ўша жойларда эҳтиёт чораси сифатида ниқобдан фойдаланиш тавсия этилади.
Шу билан бирга, мутахассислар ҳаво-томчи йўли билан юқадиган касалликлар мавсумларида ижтимоий масофани сақлаш ва узоқ мулоқотда бўлганда ниқоб тақишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур қарорни барча мактаблар учун мажбурий тартиб сифатида эмас, балки маҳаллий эпидемиологик шароитдан келиб чиқиб амалга ошириладиган тавсиявий ҳужжат сифатида қабул қилиш зарурлигини эслатди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ССВ болалар орасида «ғайриодатий инфексия» тарқалаётганини рад этган эди.





