Тошкент халқаро молия маркази фаолияти бўйича янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Бугун 16:012 дақиқа

Тошкент халқаро молия маркази учун алоҳида ҳуқуқий режим, мустақил суд ва 2076 йилгача имтиёзлар жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Тошкент халқаро молия маркази фаолияти бўйича янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Ўзбекистонда Тошкент халқаро молия марказини (ТХММ) ташкил этиш тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.

Марказ қандай мақсадда ташкил этилмоқда?

Ўзбекистонда Тошкент халқаро молия марказини (ТХММ) ташкил этишдан асосий мақсад — рақобатбардош капитал бозорини шакллантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишдир. Марказ молиявий хизматлар, инвестициялар ва рақамли активлар учун алоҳида юрисдикцияга эга махсус ҳудуд сифатида ишлайди.

Алоҳида ҳуқуқий тизим жорий этилади

ТХММнинг энг муҳим хусусияти — мустақил ҳуқуқий режим. Унда қонунлар махсус кетма-кетликда амал қилади: аввало конституциявий қонун, кейин марказ ҳужжатлари, сўнг Англия ва Уэлс ҳуқуқи тамойиллари.

Марказ ҳужжатлари Ўзбекистондаги бошқа қонунлардан устувор бўлади (Конституциядан ташқари). Бу халқаро инвесторлар учун аниқ ва ишончли ҳуқуқий муҳит яратишга қаратилган.

Мустақил суд ва инглиз тили

Марказ ҳудудида Тошкент халқаро тижорат суди ташкил этилади. У мустақил фаолият юритади ва унинг қарорлари мажбурий ҳисобланади.

Шунингдек, марказнинг расмий тили инглиз тили бўлади. Барча ҳужжатлар ва суд жараёнлари айнан шу тилда амалга оширилади.

2076 йилгача солиқ имтиёзлари

Қонун лойиҳасига кўра, марказ иштирокчилари 2076 йил 1 январгача бир қатор солиқлардан озод қилиниши мумкин. Улар қаторида фойда солиғи, ижтимоий солиқ, мол-мулк ва ер солиғи ҳамда ҚҚС бор.

Айниқса, исломий банк хизматлари, суғурта, брокерлик ва инвестиция фондлари бошқаруви каби соҳалар учун алоҳида имтиёзлар назарда тутилган.

Валюта эркинлиги ва енгиллаштирилган тартиб

Марказ иштирокчиларига хорижий валюталарда эркин операциялар ўтказишга рухсат берилади. Капитални эркин чиқариш ва конвертация қилиш кафолатланади.

Шу билан бирга, валюта ва солиққа оид айрим жиноий моддалар марказ ҳудудида қўлланмайди. Улар ўрнига жарима ёки лицензияни бекор қилиш каби чоралар қўлланилади.

Рақамли активлар маркази

ТХММ крипто-активлар бозорини ривожлантириш учун платформага айланиши кутилмоқда. Марказ рақамли активлар биржаларини лицензиялайди ва уларнинг фаолиятини назорат қилади.

Биржалар мижозларни хавфлар ҳақида огоҳлантириши ва киберхавфсизлик тизимлари билан ишлаши шарт бўлади.

Инвестиция ва иқтисодий самара

Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилгача марказ иқтисодиётга 20–25 млрд доллар инвестиция жалб қилиши мумкин. Бу ҳар йили ЯИМни қўшимча 1 фоизга оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, 15 минггача янги иш ўринлари яратилиши ва 10 минг мутахассис малакаси оширилиши кутилмоқда.

Тошкент халқаро молия маркази Ўзбекистонни минтақавий молиявий хабга айлантиришга қаратилган стратегик лойиҳа ҳисобланади. Инглиз ҳуқуқи, солиқ имтиёзлари ва эркин иқтисодий режим инвесторлар учун янги имкониятлар очиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент халқаро молия маркази «Ташкент City» ҳудудида жойлашиши ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид