Logo

Тошкентда 110 дан ортиқ киши «акция»да чув тушди

Бугун 10:252 дақиқа

Якка тартибдаги тадбиркорлар тузган «кибербункер»да операторлар сохта онлайн-дўконлар номидан юзлаб ватандошга қўнғироқ қилиб, уларнинг 300 млн сўмдан ортиқ пулини ноқонуний йўл билан ўзлаштирган.

Тошкентда 110 дан ортиқ киши «акция»да чув тушди © Sun'iy intelekt

Тошкент вилояти ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор-қидирув тадбири давомида, пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган кўп қаватли уйнинг 4-қаватида ноқонуний call-марказ – «кибербункер» фаолияти фош этилди.

Аниқланишича, Фарғона вилоятида яшовчи, 2005-йилда туғилган, муқаддам судланмаган шахс (Д.Х.) ва унинг шериклари фуқароларга қўнғироқ қилиб, уларнинг гўёки Uzum Market савдо иловасининг «компания акцияси» ғолиби бўлгани ҳақида ёлғон маълумотлар берган.

Улар совға учун тўлов, фуқарога ажратилган кредит ёки микрозайм лимити ҳисобидан вақтинча «ALVION», «MEGA TECNO» ва «MEGA SHOP» ЯТТга ўтказилишини, кейинчалик эса «компания акцияси»да ютиб олинган маиший техника етказиб берилишини ваъда қилиб, жабрланувчилардан маблағлар ўтказилишига эришган.

Шу билан бирга, гуруҳ аъзолари савдо платформасида ўзларини гўёки маҳсулот етказиб берувчи сифатида рўйхатдан ўтказган. Маҳсулот етказиб беришни талаб қилган ёки «устингиздан шикоят қиламан» дея норозилик билдирган айрим харидорларга атайлаб жуда арзон, сифатсиз ёки буюртмага мутлақо мос келмайдиган маҳсулотлар юборган.

Бу йўл билан жабрланувчиларнинг эътибори чалғитилиб, ажратилган кредит ёки микрозайм лимитларини тўлиқ ўзлаштиришга эришилган. Маблағлар ўтказиб бўлингач, кўп ҳолларда жабрланувчилар билан алоқа бутунлай узиб қўйилган.

Текширувлар давомида «ALVION», «MEGA TECNO» ва «MEGA SHOP» ЯТТлар орқали Шайхонтоҳур туманида ташкил этилган «кибербункер»да 5 нафар оператор фаолият юритгани, улар ижтимоий тармоқлардаги сохта онлайн-дўконлар номидан юзлаб фуқароларга қўнғироқ қилиб, дастлабки терговга қадар 110 дан ортиқ ватандошнинг 300 млн сўмдан ортиқ маблағларини ноқонуний йўл билан ўзлаштиргани аниқланди.

Тезкор тадбир давомида 10 та компютер жамланмаси, 8 та мобил телефон, 150 варақдан иборат шахсларнинг шахсга доир маълумотлари ва «UZUM NASIYA» иловасидан ажратилган лимитлар жадваллари, 2 та дафтар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда гуруҳ аъзоларининг республиканинг бошқа ҳудудларидаги фирибгарлик ҳолатларига алоқадорлиги, шунингдек, фуқароларга етказилган моддий зарарни аниқлаш ва қоплаш юзасидан дастлабки тергов ҳамда тезкор-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид