Logo

Тошкентда гуманоид роботлар ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бошланди

Жанубий Кореянинг Robotis компанияси иштирокида амалга оширилаётган лойиҳага 70 млн доллар инвестиция киритилиши режалаштирилган. Корхона 2 мингдан ортиқ иш ўрни яратиши кутилмоқда.

Тошкентда гуманоид роботлар ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бошланди © ISSV

Тошкент шаҳрида гуманоид роботлар ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод қурилишига старт берилди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълум қилди.

Корхона қурилишига тамал тоши қўйиш маросими 15 июнь куни Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида «Янги Авлод» саноат зонасида бўлиб ўтди. Тадбирда Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Қосимов, Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчиси Вон До Ён ҳамда Robotis компанияси президенти Ким Бёнг Су иштирок этди.

Вазирлик маълумотига кўра, янги корхона юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, халқаро тажрибани жалб этиш ва малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилади. Лойиҳа Ўзбекистонда робототехника соҳасини ривожлантириш бўйича муҳим ташаббуслардан бири сифатида баҳоланмоқда.

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси маълумотларига кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 70 млн долларни ташкил этади. Завод 10 гектар майдонда қурилади ва 2 мингдан ортиқ кишини иш билан таъминлаши кутилмоқда.

Расмийлар ушбу лойиҳани Ўзбекистонни Марказий Осиёда робототехника соҳасининг етакчи марказларидан бирига айлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоламоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил декабрь ойида Robotis компанияси ва «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси робототехника соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзолаган эди. Ҳужжат Ўзбекистонда технологик база ва ишлаб чиқариш қувватларини шакллантириш, шунингдек, соҳада малакали мутахассислар тайёрлашни назарда тутади.

Теглар

Мавзуга оид