
Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади
15-16 ноябр кунлари Тошкент шаҳрида Шавкат Мирзиёев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Учрашувда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ҳам иштирок этади.

15-16 ноябр кунлари Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда президент ахборот хизмати хабар берди.
Саммитда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт ТЎқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, шунингдек, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе иштирок этади.
Тадбир кун тартибидан Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, устувор соҳаларда қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга ошириш масалалари ўрин олган. Минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилади.
Маслаҳат учрашуви якунларига кўра кўп томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами қабул қилиниши кутилмоқда.
Минтақа давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашувларини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон етакчиси томонидан 2017 йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг ушбу форматдаги раислиги даврида ҳамкорликнинг турли соҳаларини қамраб олувчи 20 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида бўлажак Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви олдидан Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги интервью ташкил қилган эди.





