
Тошкентда олимлар ва адиблар иштирокида халқаро форум ўтказилади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонда бўлиб ўтган халқаро форумда таклиф киритди.

Шавкат Мирзиёев 12 декабр куни Ашхобод шаҳрида Туркманистон доимий бетарафлигининг 30 йиллиги, Халқаро бетарафлик куни ҳамда 2025 йил «Халқаро тинчлик ва ишонч йили» деб эълон қилинганига бағишланган халқаро форумда иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда Россия, Туркия, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда бошқа давлатлар етакчилари, ҳукуматлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳам қатнашди.
Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг Қўшилмаслик ҳаракатидаги бўлажак раислиги даврида Ўзбекистон тинчлик ва зўравонликдан холилик маданиятини қўллаб-қувватлаш бўйича глобал ҳаракатни рағбатлантириш, сиёсий мулоқот асосида давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, жаҳонда бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳитини қарор топтиришга кўмаклашишни бош устувор йўналишлар сифатида белгилашни мақсад қилган.
Раислик давомида келгуси авлодлар манфаатлари йўлида можароларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун 2027 йилни Превентив дипломатия йили деб эълон қилиш режалаштирилган. Унинг доирасида конференция ва форумлар ташкил этиш, парламент, жамоат ва ёшлар делегацияларининг ўзаро алмашувларини қамраб оладиган тадбирлар дастури қабул қилинади.
Шунингдек, Ўзбекистон Туркманистоннинг 2025 йилни «Халқаро тинчлик ва ишонч йили» деб эълон қилиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлаб, БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли резолюциясининг ҳаммуаллифи бўлганди.
Шавкат Мирзиёев ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатликка асосланган ҳуманитар ҳамкорликни илгари суриш муҳимлигини таъкидлади.
«Шу муносабат билан келгуси йили Тошкентда ижодий жамоалар, олимлар ва адиблар иштирокида «Маданиятлар мулоқоти» деб номланган қўшма халқаро гуманитар форумни ташкил этиш, шунингдек, таълим, маданият ва волонтёрлик ҳаракати соҳаларидаги ташаббусларни биргаликда амалга ошириш орқали ёшларни тинчлик ва ишонч жараёнини мустаҳкамлашга жалб этишга йўналтирилган «Ёшлар тинчлик ва ишонч йўлида» минтақавий дастурини жорий этишни таклиф қиламиз», деди Шавкат Мирзиёев.





