Logo

Тошкентнинг янги аэропорти 2065 йилгача хусусий инвесторлар бошқарувига ўтади

Тошкент вилоятида дастлабки қиймати қарийб 3 миллиард долларга тенг бўлган Янги халқаро аэропорт барпо этилади. 2026 йил 17 июн куни V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида лойиҳани амалга ошириш ва уни эксплуатация қилиш бўйича давлат-хусусий шериклик (ДХШ) шартномаси тузилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Тошкентнинг янги аэропорти 2065 йилгача хусусий инвесторлар бошқарувига ўтади

Мазкур йирик лойиҳа Саудия Арабистонининг «Vision International Investment» (Vision Invest) компанияси бошчилигидаги халқаро консорциум томонидан амалга оширилади. Консорциум таркибига Япониянинг «Sojitz Corporation» ва Корея Республикасининг “Incheon International Airport Corporation” компаниялари ҳам киритилган. Келишувга мувофиқ, янги аэропорт 35 йил муддатга ДХШ механизмлари асосида ташқи бошқарувга берилади.

Лойиҳанинг техник кўрсаткичлари ва инфратузилмиси

Янги аэропорт мажмуаси 2026-2030 йиллар давомида Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги 1 310 гектар майдонда қурилиши белгиланган. 2030 йил охирида фойдаланишга топширилиши мўлжалланган мажмуанинг дастлабки босқичида йилига 20 миллион йўловчига ва 300 минг тоннагача юкга хизмат кўрсатилади. Истиқболда эса йўловчи ўтказиш қобилияти 46 миллионга етказилиши кутилмоқда.

Қурилиш лойиҳаси доирасида амалдаги аэропорт терминалидан тўрт баробар катта бўлган, умумий майдони 208 минг квадрат метрни ташкил қилувчи янги йўловчи терминали қад ростлайди. Дастлабки босқичда ҳар бирининг узунлиги 4 километр бўлган 2 та учиш-қўниш йўлаги, ҳаво кемалари учун 98 та (келажакда 160 дан ортиқ) тўхташ жойи, ёқилғи қуйиш мажмуаси, замонавий диспетчерлик минораси ҳамда 40 дан ортиқ телескопик траплар барпо этилади. Иккита учиш-қўниш йўлаги бир вақтнинг ўзида самолётларнинг учиши ва қўнишига имкон бериб, соатига 30 дан ортиқ операцияларни амалга оширишни таъминлайди. Бу ҳақда расмий релизда қайд этилди.

Имзоланган битимга асосан, вазифалар тақсимоти ҳам тасдиқланган. Унга кўра, хусусий шериклар консорциуми йўловчи терминали ва вокзал атрофи майдонини қуриш ва кейинчалик эксплуатация қилишни ўз зиммасига олади. Давлат шериги эса аэродром мажмуасини қуриш ва бошқаришни таъминлайди.

«Uzbekistan Airports» бошқаруви раиси Жавлонбек Умархўжаевнинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳа Ўзбекистон авиация саноатини ривожлантиришда янги босқич бўлиб, мамлакатнинг Марказий Осиёдаги асосий транспорт маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.

Аэропорт қурилиши Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги 353-сонли қарори асосида амалга оширилмоқда. Объектга автомобиль йўли ва маҳаллий темир йўл қатновлари орқали етиб бориш учун қўшимча транспорт ечимлари ишлаб чиқилади.

Тасдиқланган жадвалга кўра, 2026 йилнинг июн ойида муҳандислик тармоқларини кўчириш, ҳудудни тайёрлаш ва босқичма-босқич қурилиш ишларини бошлаш режалаштирилган.

Теглар

Мавзуга оид

Тошкентнинг янги аэропорти 2065 йилгача хусусий инвесторлар бошқарувига ўтади | Vaqt.uz