Logo

Трамп, Эпштейн ва Путинга яқин россиялик олигархлар: «Deutsche Bank» ҳужжатлари сизиб чиқиши орқали нималар маълум бўлди?

Германиянинг «Deutsche Bank» банкидан жуда кўп махфий ички ҳужжатлар тарқалиб кетди. Бу ҳужжатлар банкнинг россиялик миллиардерлар билан қандай молиявий алоқалар олиб борганини очиб берди. Банк санкцияларга тушиш хавфи бўлса ҳам, йиллар давомида бой россияликларга хизмат кўрсатишда давом этган. Ўзбекистондаги қатор банклар ушбу немис банки билан ҳамкорлик қилади. Ҳужжатлар тарқалганидан кейин «Deutsche Bank» акциялари 6 фоиздан кўпроққа тушиб кетди. Банк эса санкцияларни четлаб ўтганлик ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Банк билан боғлиқ шубҳали молиявий операцияларда собиқ президентнинг куёви ҳам бор.

Трамп, Эпштейн ва Путинга яқин россиялик олигархлар: «Deutsche Bank» ҳужжатлари сизиб чиқиши орқали нималар маълум бўлди? © Reuters

Германиянинг «Deutsche Bank» банки жинсий жиноятларда айбланиб, судланган Жеффри Эпштейн билан кўп йиллар давомида молиявий алоқада бўлган. Шунингдек, банк Доналд Трампнинг солиқ маълумотларини хатолик билан бегона одамга юборган. Бундан ташқари, «Deutsche Bank» Россияда ҳам бизнесини ривожлантиришга ҳаракат қилган. У ҳатто таниқли россиялик олигархлар билан ҳамкорликни 2022-йилнинг февралида Россия Украинага кенг кўламли бостириб киргунига қадар давом эттирган. Буларнинг барчаси журналистлар қўлига тушган банкнинг ички ҳужжатлари орқали маълум бўлди.

Айнан «Deutsche Bank»нинг россиялик олигархлар ва уларнинг пуллари билан боғлиқ алоқалари икки нафар номаълум шахсни 15 миллионта ички ҳужжатни журналистларга беришга ундаган. Ҳужжатлар орасида электрон хатлар, банк ходимларининг ёзишмалари, раҳбарият йиғилишлари баённомалари, ички текширув натижалари ва молиявий жиноятларни назорат қилиш бўлимининг ҳужжатлари бор.

Ҳужжатларни журналистларга берган шахслар ўз ишларини «жамоатчилик манфаатини кўзлаб» амалга оширганини айтган. Уларнинг мақсади банк фаолиятидаги муаммоларни, жумладан, «россиялик олигархларга тегишли ҳисоб рақамларини» очиб бериш бўлган. Улардан бири банк раҳбарияти ва унинг ички иш тартибини бутунлай ўзгартириш кераклигини таъкидлаган.

2010-йилларнинг бошидан бошлаб тўпланган ҳужжатларни дунёнинг турли давлатларидан 200 дан ортиқ журналист биргаликда ўрганган. Улар орасида Германиянинг «Der Spiegel», Буюк Британиянинг «Financial Times», Франциянинг «Le Monde» ва АҚШнинг «The New York Times» нашрлари журналистлари ҳам бор. Россиядан эса «Важные истории» («Муҳим ҳикоялар») нашри журналистлари қатнашган. Россия ҳукумати ушбу нашрни «хорижий агент» деб ҳисоблайди.

«Фалокат» яқинлашаётган эди

Банк раҳбарияти ўз ташкилотида жуда катта муаммолар борлигини яхши тушунган. «Financial Times» нашри келтирган ички ёзишмалардан бирида шундай ҳолат тасвирланган.

2018-йилда Кристиан Зевинг «Deutsche Bank» бош директори лавозимига тайинланганидан икки ҳафта ўтиб, унинг ҳамкасби электрон хат юборган. Хатда банкни катта «фалокат» кутаётгани ҳақида огоҳлантирилган.

Маълум бўлишича, Германиянинг энг йирик банки ўзининг инвестиция бўлимида муаммоли деб топилган 28 мингта мижозга хизмат кўрсатишни ҳали ҳам давом эттираётган эди.

Банк назорат органларига амалда қонун-қоидаларни бузиб ишлаганини тан олган. Ўша пайтда банкнинг янги раҳбари бўлган Кристиан Зевинг бутун меҳнат фаолиятини айнан шу банкда ўтказган эди. У раҳбарликка келганидан кейин аввалги можароларга барҳам беришга ва банкдаги тартибни тиклашга ваъда берган. Аммо ушбу муаммолар ҳақида эшитганида у вазиятга биргина сўз билан баҳо берган: «Фалокат».

56 ёшли Кристиан Зевинг ҳозир ҳам «Deutsche Bank» раҳбари ҳисобланади. У илгари банкни тубдан қайта ташкил қилгани учун мақталган эди. Унинг раҳбарлиги даврида банк яна фойда кўра бошлади ва акцияларининг нархи ҳам тикланди.

Журналистларнинг сизиб чиққан ҳужжатлар асосида олиб борган текширувлари банк фаолиятидаги жиддий камчиликларни очиб берди. Натижада 17-ноябр куни банк акциялари 6 фоизга тушди. Бу 2025-йилнинг апрелидан бери кузатилган энг катта бир кунлик пасайиш бўлди.

Банк ходимлари ўртасидаги ёзишмаларда яна бир қизиқ ҳолат аниқланган. Банкларда мижозларни текшириш ва уларнинг кимлигини, пуллари қаердан келганини аниқлаш тизими KYC деб аталади. Аммо «Deutsche Bank» ходимлари бу қисқартмани ҳазил тариқасида «Kill Your Career» — «Карерангни ўлдир» деб изоҳлашган.

Журналистлар ўрганган ҳужжатларда жинсий жиноятларда айбланиб, судланган ва кейинчалик қамоқда вафот этган молиячи Жеффри Эпштейн билан боғлиқ шубҳали пул ўтказмалари ҳам аниқланган. «Financial Times» маълумотларига кўра, «Deutsche Bank» Эпштейн билан боғлиқ жами 582 миллион долларлик пул операцияларини амалга оширган. Бироқ пул ўтказмаларининг шубҳали деб топилиши уларнинг барчаси жиноят бўлганини англатмайди.

Бундан ташқари, «Financial Times» маълумотларига кўра, 2017-йилнинг мартида, Доналд Трамп АҚШ президенти бўлиб ишлаётган биринчи даврида, «Deutsche Bank» унинг солиқ маълумотларини хатолик билан бегона одамга юборган. Ўша пайтда Трамп банк мижозларидан бири бўлган. Банк унинг солиқ ҳужжатини бошқа бир мижознинг бухгалтерига адашиб жўнатган. Энг қизиғи, банк бу хатолик ҳақида Оқ уйга хабар бермаган ва воқеани яширган.

Журналистлар текшируви шуни ҳам кўрсатдики, «Deutsche Bank» Россия Украинага кенг кўламли бостириб киргунига қадар россиялик олигархлар ва йирик компаниялар билан бизнес алоқаларини ривожлантиришда давом этган. Бунинг учун банкнинг ўз ходимлари ҳам бир неча бор огоҳлантириш берган. Улар бундай ҳамкорлик санкциялар, банк обрўсига путур етиши ва коррупция билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигини айтишган.

«Financial Times»нинг ёзишича, 2020-йилда «Deutsche Bank» Россиядаги фаолиятини кенгайтиришни режалаштирган. Аслида эса 2015-йилда банк Россиядаги бизнесини қисқартиришни бошлаган эди. Бунга «кўзгу битимлари» деб аталган можаро сабаб бўлган. Ушбу битимлар орқали Россиядан камида 10 миллиард доллар чет элга чиқарилган.

«Кўзгу битимлари» қуйидагича амалга оширилган: бир мижоз «Deutsche Bank»нинг Москвадаги офиси орқали Россиянинг йирик компаниялари акцияларини рублга сотиб олган. Шу мижоз билан боғлиқ бошқа бир шахс эса Лондондаги офис орқали худди шунча акцияни долларга сотган. Натижада Россиядаги рубл чет элдаги долларга айлантирилган.

Оддий қилиб айтганда, бу усул Россиядан катта миқдордаги пулни чет элга чиқариш учун оддий биржа савдоларига ўхшатиб ишлатилган. АҚШ ва Буюк Британия назорат органлари бу операциялар иқтисодий жиҳатдан ҳеч қандай мантиққа эга эмаслигини аниқлаган. Улар ушбу битимлар пул ювиш учун ишлатилган бўлиши мумкинлигини билдирган. 2017-йилда «Deutsche Bank» ушбу можаро учун жами 630 миллион доллар жарима тўлашга рози бўлган.

Шунга қарамай, 2021-йилда банк бошқаруви Россиядаги фаолиятни эҳтиёткорлик билан кенгайтиришни бир овоздан маъқуллаган. Ўша йилнинг декабр ойида «Deutsche Bank» Москвадаги «Оқ майдон» бизнес марказида янги офисини очган.

Банк ички ҳужжатларида мижозларни хавфлилик даражасига қараб гуруҳларга ажратган. Энг кўп хавф туғдириши мумкин бўлган мижозлар орасида «Газпром», «Сибур» ва АҚШ санкцияларига тушган миллиардерлар Геннадий Тимченко ҳамда Олег Дерипаска билан боғлиқ компаниялар бўлган.

Банкнинг молиявий жиноятларга қарши курашувчи мутахассислари Олег Дерипаскага тегишли компаниялар билан ҳамкорликни тўхтатишни тавсия қилган. Аммо банкнинг тижорат бўлими ходимлари бунга қарши чиққан ва ҳамкорликни давом эттиришни талаб қилган. Улар миллиардер Олег Дерипаскани «ҳурматга сазовор бизнесмен» ва «ишончли ҳамкор» деб аташган.

«Financial Times» маълумотларига кўра, «Deutsche Bank»нинг Россиядаги энг йирик ва энг кўп даромад келтирадиган мижози «Газпром» бўлган. Ушбу компания сўнгги ўн йил давомида банкка ҳар йили ўртача 10 миллион евродан ортиқ даромад келтирган.

«The New York Times»нинг ёзишича, «Deutsche Bank» йиллар давомида Россиянинг энг таъсирли бизнесменлари билан алоқаларни узишга шошилмаган. Чунки бу мижозлардан келадиган даромад банк учун жуда муҳим бўлган. Шу билан бирга, 2014-йилдаёқ банкнинг обрўси билан боғлиқ хавфларни ўрганувчи ички қўмитаси Олег Дерипаскани «Deutsche Bank» обрўсига энг катта зарар етказиши мумкин бўлган мижозлар рўйхатининг биринчи ўрнига қўйган эди.

«Важные истории» журналистлари яна бир муҳим маълумотни аниқлаган. 2014-йилда Россия Қримни қўшиб олганидан кейин «Deutsche Bank» бой россиялик мижозларига Швейцария ва Люксембург орқали хизмат кўрсата бошлаган.

Бу давлатларда банк мижозларининг маълумотлари қонун билан қаттиқ ҳимояланади. Яъни, бошқа давлатларнинг ҳукуматлари банкдан мижозларнинг ҳисоблари ва пуллари ҳақида маълумот олишда қийинчиликларга дуч келади.

Шу сабабли АҚШ Адлия вазирлиги Россияга қарши санкциялар жорий этилганидан кейин «Deutsche Bank»дан россиялик мижозлари ҳақида маълумот сўраганида ҳам, бу маълумотларни олиш осон бўлмаган.

«Важные истории» маълумотларига кўра, «Deutsche Bank» мижозлари орасида россиялик миллиардерлар Роман Абрамович, Андрей Мелниченко, Алишер Усмонов ва Алексей Мордашов ҳам бўлган.

Банкнинг 2020-йилга оид ички ҳужжатида яна бир муҳим маълумот келтирилган. Россиялик 160 та мижоздан 17 нафари АҚШ Молия вазирлиги тузган «Кремл рўйхати»га киритилган. Бу рўйхатда Россия ҳукумати билан алоқадор деб ҳисобланган ва келажакда санкцияларга тушиши мумкин бўлган шахслар бор эди.

Энг муҳими, ушбу 17 мижоз «Deutsche Bank»нинг Россиядаги мижозларидан оладиган жами даромадининг 47 фоизини таъминлаган. Яъни, банк Россиядан топаётган даромадининг деярли ярмини санкцияларга тушиши мумкин бўлган атиги 17 мижознинг ҳисобидан олган.

2021-йилга келиб, «Deutsche Bank» Россияда обрў ва санкциялар нуқтаи назаридан жуда хавфли деб ҳисобланган камида 46 мижозга хизмат кўрсатган. 2022-йилнинг бошида эса банк энг хавфли мижозлар қаторига 59 нафар россияликни киритган.

2022-йилнинг февралида Россия Украинага кенг кўламли бостириб кирганидан кейин банк ходимлари АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия томонидан жорий қилинган жуда кўп санкцияларга дуч келган.

«The New York Times» банк ходимлари ўртасидаги ички ёзишмалардан бирини келтирган. Унда банкнинг санкциялар ва молиявий назорат билан шуғулланувчи ходимаси раҳбариятдан бир савол сўраган: россиялик олигархларнинг катта мижозлар базасига эга бўлган банк уларга пулларини ҳали имкони борлигида олиб чиқиб кетишни маслаҳат бериши керакми?

2022-йил 10-март куни «Deutsche Bank» раҳбари Кристиан Зевинг ходимларига Россиядан бутунлай чиқиб кетиш банкнинг қадриятларига зид бўлишини айтган. Унинг фикрича, айрим мижозлар мамлакатни дарҳол тарк эта олмас эди. Аммо эртаси куни, 11-мартда, банк Россиядаги фаолиятини босқичма-босқич тўхтатишини эълон қилган. Бу қарор «JPMorgan Chase» ва «Goldman Sachs» каби йирик Америка банклари Россиядан чиқишини эълон қилганидан кейин қабул қилинган.

Банк билан боғлиқ шубҳали молиявий операцияларда Назарбоевнинг куёви ҳам бор

Ушбу ҳолатлардан бирида, журналистлар текширувига кўра, шубҳали молиявий операция Қозоғистон билан боғлиқ бўлган.

Текширувнинг алоҳида бир қисми қозоғистонлик бизнесмен Тимур Қулибоевга бағишланган. У Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг куёви ва мамлакатдаги энг бой тадбиркорлардан бири ҳисобланади.

Тимур Қулибоев камида 2006-йилдан бери «Deutsche Bank» мижози бўлган. Журналистларнинг таъкидлашича, банк бир неча йил давомида унинг бойлиги дастлаб қаердан келгани ва бу пуллар қандай йўл билан топилганига шубҳа билан қараган. Жумладан, 2013-йилда банкнинг ички текшируви давомида Қулибоевга алоқадор коррупция айбловлари аниқланган. Бироқ Қулибоев коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун судланмагани ва Европада унга нисбатан олиб борилган текширувлар тўхтатилгани сабабли «Deutsche Bank» у билан ҳамкорликни давом эттирган.

Яна бир ҳолат 2020-йилнинг январида содир бўлган. Ўшанда Бирлашган Араб Амирликларидан Тимур Қулибоевнинг банк ҳисоб рақамига 15 миллион доллар ўтказишга уриниш бўлган. Журналистларнинг ёзишича, Қулибоев ушбу пулнинг қаердан келганини тушунтириб бера олмаган. Шундан сўнг банк бу пул ўтказмасини шубҳали деб ҳисоблаб, уни блоклаган.

«Ҳужжатлардан маълум бўлишича, бундан бир неча ҳафта ўтгач, банк ходимлари Люксембургдаги «Deutsche Bank» филиалида Қулибоевнинг рафиқаси номига янги ҳисоб рақами очиш ишларини бошлашган. Фақат бир неча ой ўтгачгина банк у билан узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган ҳамкорликни тўхтатиш масаласини муҳокама қилган», — дейилади мақолада.

Тимур Қулибоевнинг ўзи ҳеч қандай қонунбузарликка йўл қўймаганини айтган. Унинг вакиллари баёнот беришича, банк Қулибоевнинг даромадлари қаердан келиши ҳақида етарли маълумотга эга бўлган. Унинг асосий даромад манбаларидан бири рафиқаси билан биргаликда эгалик қиладиган «Almex» инвестиция компанияси ва ушбу компаниянинг «Halyk Bank»даги улуши бўлган.

Қулибоевнинг адвокатлари ҳам журналистлар тақдим этган маълумотлар асосида 15 миллион долларлик пул ўтказмаси айнан қайси операция эканини аниқлай олмаганини билдирган. Улар Қулибоев ўз бойлигининг ҳақиқий манбаларини яширган ёки «Deutsche Bank»га атайлаб ёлғон маълумот берган деган тахминлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлашган.

Шунингдек, бизнесмен вакиллари унинг 2000-йилларнинг ўрталаридаёқ «Deutsche Bank»да шахсий ҳисоб рақамига эга бўлгани ҳақидаги маълумотга ҳам эътироз билдирган. Уларнинг айтишича, Қулибоев шахсий ҳисобини анча кейин очган. Журналистлар эса унинг шахсий ҳисоблари билан компанияларига тегишли банк ҳисобларини бир-бирига аралаштириб юборишган.

Банкнинг муносабати қандай бўлди?

«Deutsche Bank» сизиб чиққан ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини инкор этмади. Аммо банк журналистлар эълон қилган маълумотларнинг аксарияти кўп йиллар олдинги воқеаларга тегишли эканини таъкидлади. Айрим ҳолатлар ҳатто 20 йил олдин содир бўлган. Банк ўз баёнотида шундай деди:

«Зарур бўлган ҳолатларда биз бу масалаларни ўз вақтида текширганмиз ва назорат органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилганмиз».

«Deutsche Bank», шунингдек, 2019–2025-йиллар давомида молиявий назорат ва хавфсизлик тизимларини яхшилаш учун 7 миллиард евро, яъни тахминан 7,7 миллиард доллар сарфлаганини билдирди. Банк россиялик олигархлар билан бўлган муносабатларига изоҳ беришдан бош тортди ва бунга мижозлар ҳақидаги маълумотларни сир сақлаш мажбуриятини сабаб қилиб кўрсатди.

«Бугунги “Deutsche Bank” — аввалги банкдан бутунлай фарқ қилади. Биз ҳозир ҳам ўз стратегиямизни амалга оширишга эътибор қаратмоқдамиз. Ушбу стратегия самарали эканини 2025-йилдаги рекорд даражадаги фойдамиз ва сўнгги чораклардаги натижаларимиз ҳам кўрсатмоқда», — дея қўшимча қилди банк.

«Deutsche Bank»нинг Ўзбекистон банклари билан алоқалари

«Deutsche Bank» 1993-йилдан буён Ўзбекистон молия бозорида фаол ишлаб келмоқда. Банк дастлаб Ўзбекистон Марказий банки билан халқаро захираларни бошқариш ва банклараро ҳисоб-китоблар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйган бўлса, кейинчалик мамлакатнинг деярли барча йирик тижорат банклари учун халқаро капитал бозорларига чиқиш ва хорижий кредит линияларини жалб қилишда асосий кўприк вазифасини бажармоқда.

Хусусан, «O‘zmilliybank» «Deutsche Bank»нинг Ўзбекистондаги энг йирик ҳамкорларидан биридир. 2018-йилда икки банк ўртасида энергетика, транспорт, тиббиёт ва нефт-кимё лойиҳаларига ускуналар импортини узоқ муддатли молиялаштириш учун 500 миллион евролик келишув имзоланган. Кейинчалик, 2021-йилда давлат кафолатисиз 100 миллион долларлик кредит линияси очилган бўлса, 2023-йилнинг май ойида транспорт, тоғ-кон металлургияси ва электротехника лойиҳалари учун яна 130 миллион евро миқдорида давлат кафолатисиз кредит маблағлари жалб қилинди.

«O‘zsanoatqurilishbank» ҳам «Deutsche Bank» билан йирик инвестиция ва савдони молиялаштириш лойиҳаларини амалга оширмоқда. 2024-йилнинг май ойида немис банки «O‘zsanoatqurilishbank»га ўрта бизнесни ривожлантириш, саноат ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида 165 миллион евро миқдорида синдикатлаштирилган кредит ажратди. 2026-йилнинг май ойида эса банк Европанинг етакчи молия институтлари, жумладан «Deutsche Bank» билан савдони молиялаштириш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича янги стратегик келишувларга эришди.

«Deutsche Bank» ўзбек банкларининг халқаро кредит бозоридаги дебютларини ташкил этишда ҳам муҳим рол ўйнаган. Жумладан, 2020-йилнинг октябр ойида «Xalq banki» «Deutsche Bank» билан ҳамкорлик ўрнатган бўлса, 2021-йилнинг феврал ойида «Deutsche Bank»нинг асосий ташкилотчилигида «Xalq banki» халқаро молия бозоридан 102,5 миллион долларлик илк синдикатлаштирилган кредитини жалб қилди. Худди шу даврда «Asakabank» ҳам савдо битимларини молиялаштириш ва мижозларнинг айланма маблағларини тўлдириш учун «Deutsche Bank»нинг ўзидан (ягона икки томонлама кредитор сифатида) 90 миллион доллар кредит олди.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг хусусий ва хорижий капитал иштирокидаги банклари «Deutsche Bank» билан халқаро ҳисоб-китоблар (корреспондентлик) ва савдони молиялаштириш бўйича яқиндан ишлайди. Хусусан, «Turonbank» 2025-йилнинг октябр ойида «Deutsche Bank» билан евродa корреспондентлик ҳисобварақларини очиш ва савдони молиялаштириш амалиётларини кенгайтириш бўйича ҳамкорликнинг янги босқичига ўтди. «KDB Bank O‘zbekiston» эса Германиядаги «Deutsche Bank AG» (евро ва доллар) ҳамда Ню-Йоркдаги «Deutsche Bank Trust Company Americas» (доллар) орқали халқаро валюта ўтказмалари ва ҳисоб-китобларни амалга ошириб келмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Трамп, Эпштейн ва Путинга яқин россиялик олигархлар: «Deutsche Bank» ҳужжатлари сизиб чиқиши орқали нималар маълум бўлди? | Vaqt.uz