Logo

Трамп НАТО саммитида яна Гренландияни талаб қилди

АҚШ президентининг сўзларига кўра, Гренландия устидан назорат ўрнатиш масаласи АҚШнинг НАТО билан алоқаларига путур етказган.

Трамп НАТО саммитида яна Гренландияни талаб қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп Анкарада ўтаётган НАТО саммити доирасида Гренландия Даниянинг эмас, балки АҚШ назоратида бўлиши кераклигини яна бир бор билдирди. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги хабар берди.

Нашрнинг таъкидлашича, Трампнинг Даниянинг ярим мухтор ҳудуди ҳисобланган Гренландияни АҚШ сотиб олиши ёки ўз назоратига олиши кераклиги ҳақидаги даъволари анчадан буён НАТОнинг икки асосчи давлати — Вашингтон ва Копенгаген ўртасидаги муносабатларга, қолаверса, АҚШнинг Европа билан алоқаларига соя солиб келмоқда. Энди бу масала дипломатик музокаралар даражасига кўчган.

«Бу ҳудуд АҚШ томонидан назорат қилиниши керак, Дания томонидан эмас», — деди Трамп Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашув вақтида журналистларга берган изоҳида.

Дания рад жавобини берди

Бир неча соат ўтгач, Анкарада сўзга чиққан Дания бош вазири Метте Фредериксен иттифоқчилар Дания қироллиги суверенитетини ҳурмат қилишига ҳамда Гренландия сотилмаслигини тан олишига умид билдирди.

«Қўшма Штатларнинг Гренландияга эгалик қилиш ва уни ўз назоратига олиш истаги барчага маълум. Умид қиламанки, бунинг ҳеч қачон амалга ошмаслиги ҳам ҳамма учун худди шундай маълум», — деди у.

Фредериксеннинг таъкидлашича, Анкарада Гренландия, Арктика ёки шимолий ҳудудлар бўйича алоҳида музокаралар режалаштирилмаган.

Гренландия ташқи ишлар вазири Муте Эгеде эса «Facebook» саҳифасидаги постида орол келажаги фақат унинг аҳолиси томонидан белгиланиши кераклигини билдирди.

«Бу доим шундай бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади», — деди у.

Арктика учун кураш

Трампнинг сўзларига кўра, Гренландия устидан назорат ўрнатиш масаласи АҚШнинг НАТО билан алоқаларига путур етказган.

«НАТО билан муносабатларимга айнан шу нарса путур етказди, чунки Гренландия Данияга фойда келтирмайди. Дания Гренландияга ҳақиқий ёрдам кўрсатиш учун пул сарфламайди, аммо бу орол Қўшма Штатлар учун муҳим ҳудуд. Қолаверса, унинг атрофини Хитой ва Россия кемалари ўраб олган, бунга эса йўл қўйиб бўлмайди», — деди у.

«Биз уларга Россия масаласида ёрдам бериш учун шунча маблағ сарфлаётган бўлсак ҳам, улар (Дания) бунга рози бўлишмади», — дея қўшимча қилди Трамп.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио аввалроқ Вашингтон, Дания ва Гренландия ўртасида бу борадаги мулоқотлар давом этаётганини маълум қилган.

Теглар

Мавзуга оид