Транспорт вазири: Бухоро ва Хивани замонавий электропоезд боғлайди

Кеча 22:402 дақиқа

Ўзбекистон темирйўлларида жиддий янгиланишлар кутилмоқда: мамлакатга янги «Skoda» ва «Hyundai Rotem» поездлари олиб келинади. Тошкент метросининг бир нечта бекатларидан темирйўл платформаларига ўтиш имконияти яратилади.

Транспорт вазири: Бухоро ва Хивани замонавий электропоезд боғлайди © Foto: Qonunchilik palatasi

Бугун, 3 июн куни транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Қонунчилик палатасида темирйўл транспорти соҳасидаги лойиҳалар бўйича ҳисобот берди.

Унинг айтишича, жорий йил якунига қадар Бухоро–Урганч–Хива йўналишида замонавий электропоездлар ҳаракати йўлга қўйилади.

Шунингдек, Урганч халқаро аэропортини шаҳар темирйўл тармоғи билан боғловчи 10,8 километрлик янги линия қурилиши жадал давом этмоқда. Вазирнинг таъкидлашича, мазкур Урганч–Хива темирйўл тармоғи 1 августга қадар тўлиқ электрлаштирилади ва замонавий электропоездлар қатнови бошланади.

Бундан ташқари, Тошкент–Самарқанд йўналишида алоҳида юқори тезликдаги темирйўл линияси бўйича техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқилган бўлиб, лойиҳани 2030 йилга қадар якунлаш режалаштирилган.

Янги поездлар келади

Вазирнинг маълум қилишича, жорий йилда яна тўртта «Жалолиддин Мангуберди» тезюрар электропоезди олиб келинади. Аввалроқ шундай турдаги иккита поезд мамлакатга етказилган эди.

Ҳозирда Тошкент–Хива–Тошкент йўналишида электропоездлар синовдан ўтказилмоқда. Синовлар муваффақиятли якунлангач, мунтазам қатновлар бошланади.

Шу билан бирга, Тошкент–Андижон ва Тошкент–Термиз йўналишларини модернизация қилиш ҳамда «Hyundai Rotem» компанияси ишлаб чиқарган саккизта тезюрар электропоездни мазкур йўналишларга жалб этиш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Йўловчилар сони ошади

Жорий йил охиригача Тошкент агломерациясида темирйўл ва жамоат транспортини боғловчи янги транспорт тугунлари барпо этилади. Хусусан, «Чоштепа», «Шаҳристон» ва «Турон» метро бекатлари яқинида темирйўл тўхташ пунктлари қурилади.

Шунингдек, Чехиянинг «Skoda Transportation» компаниясидан 10 та замонавий электропоезд харид қилиниши режалаштирилган. Уларнинг 2027 йилдан бошлаб мамлакатга келтирилиши кутилмоқда.

Вазирнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳалар амалга оширилиши натижасида йилига қўшимча 5,2 миллион нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.

Теглар

Мавзуга оид