Туркия Марказий банки асосий ставкани туширди: инфляция секинлашмоқда

23.01.2026 | 09:002 дақиқа

Туркияда инфляция секинлашиши фонида Марказий банк кутилган қарор қабул қилди, аммо бозорлар учун асосий савол — бу тренд қанчалик барқарор бўлиши.

Туркия Марказий банки асосий ставкани туширди: инфляция секинлашмоқда

Туркия Марказий банки асосий фоиз ставкасини 100 базис пунктга пасайтириб, йиллик 37 фоиз даражасига туширди. Шу билан бирга, овернайт кредитлар бўйича ставка 41 фоиздан 40 фоизга, депозитлар бўйича эса 36,5 фоиздан 35,5 фоизгача қисқартирилди.

Регулятор баёнотида таъкидланишича, декабрь ойида базавий инфляция пасайиш тенденциясини намоён этган. Бироқ, январ ойида озиқ-овқат нархлари ўсиши туфайли ойлик инфляция тезлашиши мумкин. Шунга қарамасдан, Марказий банк бу ўсиш базавий инфляция трендини жиддий ўзгартирмайди, деб ҳисобламоқда.

Регулятор ўрта муддатли мақсад сифатида инфляцияни 5 фоиз даражасига туширишни сақлаб қолганини билдириб, пул-кредит ва молиявий шароитлар айнан шу мақсадга мос равишда шакллантирилишини қайд этди.

Иқтисодий кутилмалар ва бозор реакцияси

«Reuters» ўтказган сўров натижаларига кўра, 22 январдаги йиғилишда барча 20 нафар иқтисодчи ставканинг пасайтирилишини кутган. Улардан 17 нафари декабр ойидагига ўхшаш — 150 базис пунктлик кескинроқ қадам бўлишини прогноз қилган, қолган уч нафар таҳлилчи эса камроқ пасайишни тахмин қилган.

Шу нуқтайи назардан, Марказий банкнинг 100 базис пунктлик қарори бозор кутилмаларидан бироз эҳтиёткорроқ бўлди. Бу ҳолат регулятор инфляция пасайишини ҳали тўлиқ барқарор деб ҳисобламаётганидан далолат беради.

Айни пайтда инвесторлар пул-кредит сиёсатида кескин юмшаш эмас, балки босқичма-босқич эҳтиёткор ёндашув устувор бўлишини англаб етмоқда.

Аввалги қарорлар ва келгуси сценарий

Эслатиб ўтамиз: декабр ойида Туркия Марказий банки асосий ставкани 39,5 фоиздан 38 фоизга туширган эди. Яъни сўнгги икки ой ичида ставка жами 250 базис пунктга пасайтирилди. Бу инфляция босимининг секинлашгани ҳақида сигнал берса-да, Туркия иқтисодиёти учун хавф-хатарлар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.

Озиқ-овқат ва энергия нархларидаги ўзгарувчанлик, шунингдек, ички талаб динамикаси регулятор қарорларига таъсир қилишда давом этади.

Иқтисодчиларнинг фикрича, Туркия Марказий банки келгуси ойларда ҳам ставкани пасайтириш имкониятини сақлаб қолади, бироқ бу жараён инфляция кўрсаткичларига қаттиқ боғлиқ бўлади. Шу боис, 2026 йил Туркия учун пул-кредит сиёсатида эҳтиёткор баланс йили бўлиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид