
Туркияда Мармар денгизи соҳилдан 20 метр ортга чекинди
Туркиянинг Текирдоғ вилоятида Мармар денгизи сувлари соҳилдан тахминан 20 метр ортга чекинди ва бу ҳолат маҳаллий аҳоли ўртасида хавотир уйғотди.

Туркиянинг Текирдоғ вилоятига қарашли Мармара-Эреглиси туманида Мармар денгиз сувлари кутилмаганда соҳил чизиғидан тахминан 20 метрга ортга чекинди. Бу ҳақда 17 декабрь куни Habertürk телеканали хабар берди.
Сувнинг ортга чекиниши натижасида соҳил бўйлаб қумли майдонлар пайдо бўлган, айрим жойларда эса кичик оролчаларга ўхшаш шакллар ҳосил бўлган. Шунингдек, қирғоқ яқинида турган бир нечта балиқчилар қайиқлари саёзликда қолиб, қуруқликка чиқиб қолган.
Ушбу манзара маҳаллий аҳоли орасида хавотир ва турли тахминларни келтириб чиқарган. Айниқса, сўнгги йилларда Истанбул ва Мармара минтақасида эҳтимолий кучли зилзила ҳақидаги прогнозлар фонида бу ҳолат жамоатчилик эътиборини тортди.
Бироқ Қандилли обсерваторияси мутахассислари аҳолини хотиржамликка чақирди. Олимлар таъкидлашича, денгиз сувининг бундай ортга чекиниши сейсмик фаоллик билан боғлиқ эмас. Уларнинг изоҳига кўра, ҳодиса метеорологик омиллар — хусусан, атмосфера босимининг ўзгариши ва шамол йўналишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Мутахассислар бундай табиий ҳолатлар Мармар денгизи ҳудудида илгари ҳам кузатилганини қайд этиб, бу ҳолат яқин вақтда зилзила юз беришига ишора қилмаслигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 8 декабр куни Туркиянинг Анталя вилоятида магнитудаси 5,1 бўлган зилзила қайд этилган эди. Ўшанда эпицентр Анталя шаҳридан тахминан 15 км шимоли-шарқда жойлашгани маълум қилинган.





