Туркияда ваҳшийларча ўлдирилаётган ўзбек аёллари

18.02.2026 | 20:454 дақиқа

Туркияда ўзбек аёлларига нисбатан содир этилаётган даҳшатли қотилликлар меҳнат мигрантлари хавфсизлиги масаласини яна кун тартибига чиқарди.



Туркияда ўзбек аёллари ўлдирилмоқда. Истанбулда икки ўзбек аёлининг бурдаланиши, Айдинда бошидан ўқ еб вафот этган ўзбек аёли билан боғлиқ фожиали воқеалар нафақат жамоатчиликда катта ғазаб ва қўрқув уйғотди, балки Туркияда ишлаб келаётган меҳнат мигрантлари, айниқса ўрта ёшдаги аёлларимиз хавфсизлиги ва ҳуқуқий ҳимоя масаласини яна бир бор долзарблигини кўрсатмоқда.

Истанбулдаги икки ўзбекистонлик аёл қотиллиги

Истанбулда икки нафар Ўзбекистон фуқароси — Дурдона Ҳокимова ва Сайёра Эргашалиева ўз ҳамюртлари томонидан шафқатсиз тарзда ўлдирилгани кенг жамоатчилик резонансига сабаб бўлган эди. Тергов маълумотларига кўра, гумондорлар — Ўзбекистон фуқаролари Дилшод Турдимуродов ва Ғофуржон Камолхўжаев жиноятдан сўнг чет элга қочмоқчи бўлган пайтда қўлга олиниб, қамоққа олинган.

Тергов давомида даҳшатли жиноят қандай кетма-кетликда амалга оширилгани ойдинлашди. 23-январ куни гумондорлар Умрания туманидаги квартирада Сайёра Эргашалиевага пичоқ билан ҳужум қилган, сўнг жасадни бўлакларга ажратиб, Фотиҳ туманидаги чиқинди қутиларига ташлаган. Орадан бир кун ўтиб, марҳуманинг телефони орқали унинг дугонаси Дурдона Ҳокимовага хабар юборилиб, у ҳам учрашувга чақирилган ва худди шу усулда ўлдирилган. Ҳокимованинг жасади Шишли туманидаги чиқинди контейнерларидан топилган.

Суд жараёнига қадар гумондорларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Уларнинг айбни тан олгани ва ҳужжатлар судга тақдим этилгани маълум қилинган.

Дурдона Ҳокимованинг турмуш ўртоғи Эрхон Дурсун турк матбуотига берган интервюсида гумондорлардан бири Дурдона билан «шаръий никоҳ»да ёки «ишқий муносабат бўлганман» деган даъволарни рад этди. Унинг айтишича, марҳума учрашувга қисқа муддатга чиққан ва фарзанди билан бирга борган. Оила аъзолари гумондорларга энг оғир жазо тайинланишини талаб қилмоқда. 

Марҳуманинг акаси Элдор Жўраев ҳам оила оғир руҳий зарба олганини билдириб, адолатли ва қатъий ҳукм чиқарилишига умид қилаётганини айтди. 

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги мазкур ҳолатни назоратга олганини, Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда ишлаётганини маълум қилди. Тергов ҳаракатлари ҳали ҳам давом этмоқда. 

Айдиндаги қотиллик

2025 йил 5 июл куни Айдин вилоятидаги казинода официант бўлиб ишлаган 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси Муаттар Алиева бошидан ўқ еган ҳолда топилган ва шифохонада вафот этган. Ҳодиса жойига полиция ва тез тиббий ёрдам етиб келган, бироқ уни қутқариш имкони бўлмаган.

Тергов давомида казино эгаси Рашид Ясан қўлга олинган. Прокуратура унга «қасддан одам ўлдириш» моддаси билан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазоси сўраган. Шу билан бирга, яна уч нафар шахс  далилларни яшириш ёки йўқ қилишда айбланиб, уларга 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси сўралган.

Рашид Ясан ҳодисани М. Алиеванинг ўз жонига қасд қилгани сифатида баён қилган бўлса-да, прокуратура бу баёнотларни жавобгарликдан қочиш учун берилган деб баҳолади. Ҳодиса юз берган хонада камера бўлмаган, шунингдек баъзи гумондорлар қурол ёки ёзувларни яширганликда айбланган.

Ушбу воқеа Туркияда меҳнат фаолияти билан бўлган мигрант аёллар хавфсизлиги масаласини яна бир бор муҳокамаларга олиб чиққан эди. 

Зулайҳонинг ўлими

Яна бир фожеали ҳолат 2025 йил сентябр ойида Туркиянинг ўзбекистонликлар энг кўп яшайдиган йирик шаҳарларидан бири — Истанбулнинг Фотиҳ туманида содир бўлган эди.

36 ёшли Зулайҳо исмли Ўзбекистон фуқароси яшаб турган хонадонида бўғзига пичоқ билан етказилган жароҳат оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Аёл билан бир неча кун давомида алоқа ўрнатиб бўлмагач, унинг дугонаси ва уй эгаси хавотир олиб, яшаш манзилига борган. Улар Оқсарой маҳалласидаги ижара уйида аёлни қон ичида ётган ҳолда топган.

Шундан сўнг зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилган. Воқеа жойига етиб келган терговчилар ва тиббиёт ходимлари аёл аллақачон вафот этганини тасдиқлаган.

Ўзбекистон Бош консуллиги маълумотига кўра, марҳуманинг шахсига оид айрим тафсилотлар аниқланган. У аввал Туркияда бўлиш қоидаларини бузганлиги сабаб депортация қилинган ва мамлакатга кириш тақиқи қўйилган. Кейинчалик эса исм-фамилиясини ўзгартириб, яна Туркияга киргани маълум бўлган. Бироқ унинг қотили ҳалигача топилмаган. 

Хусусан, 2025 йил 17 августда ўзбекистонлик аёл ўз эри томонидан ваҳшийларча ўлдирилган. Воқеа Иҳламуркую маҳалласи Айташи кўчасида юз берган. Маълумотларга кўра, эр хотинини рашк қилиб, у билан жанжаллашган. Тортишув вақтида эр аёлни ваҳшийларча сўйиб ташлаган. Аёл олган тан-жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган. Ўз жуфтини ўлдиргач, эркак воқеа жойидан қочиб кетган. Истанбул полицияси томонидан олиб борилган излаш ишлари давомида у 18 август куни эрталаб Умранияда қўлга олинган. Тергов жараёнларида эркак жиноятни содир этганини тан олган. 

Хулоса

Бу каби фожиалар чет элга кетиш масаласи фақат иқтисодий эмас, балки ижтимоий ва миллий хавфсизлик даражасидаги муаммога айланганини кўрсатади. Меҳнат мигрантлари мамлакат иқтисодиётига миллиардлаб доллар маблағ олиб кираётган бир пайтда, уларнинг ҳуқуқий ҳимояси, хавфсизлиги ва ҳаётини асраш масаласи ҳам биринчи ўринда туриши керак.

Мутахассислар фикрича, асосий ечимлардан бири — мигрантлар кетишидан олдин мажбурий ҳуқуқий ва хавфсизлик тайёрлов дастурларини кучайтириш, дипломатик ваколатхоналар орқали тезкор ёрдам механизмларини кенгайтиришдир.

Теглар

Нозима Қаршибоева

Нозима ҚаршибоеваМақолалар сони: 41

Барчаси

Мавзуга оид