Уч ойда Ўзбекистондаги банклар қанча соф фойда олди?

Кеча 21:362 дақиқа

1 апрел ҳолатига кўра, мамлакатда фаолият юритаётган 34 та банкдан олтитаси 300 миллиард сўмдан ортиқ соф фойда кўрган.

Уч ойда Ўзбекистондаги банклар қанча соф фойда олди? © Vaqt.uz

2026 йилнинг 1 апрел ҳолатига кўра, Ўзбекистон банк тизимининг соф фойдаси 5 триллион 524,4 миллиард сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос давридаги 3 триллион 419 миллиард сўмга нисбатан 61,6 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Марказий банкнинг банк тизими даромадлилиги кўрсаткичларига доир расмий ҳисоботида маълум қилинди.

Банкларнинг фоизли даромадлари сезиларли даражада ошиб, 35 триллион 78,8 миллиард сўмга етди. Шу билан бирга, фоизли харажатлар 25 триллион 196,4 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, натижавий фоизли маржа 9 триллион 882,4 миллиард сўм бўлиб шаклланди. Таққослаш учун, ўтган йилнинг шу даврида фоизли маржа 8 триллион 818,8 миллиард сўмга тенг эди.

Тизимнинг фоизсиз даромадлари ҳам кескин ўсиш кўрсатиб, 22 триллион 780,7 миллиард сўмни ташкил этди. Ушбу йўналишдаги харажатлар чегирилгандан сўнг, банкларнинг фоизсиз фаолиятдан кўрган соф даромади 7 триллион 473,2 миллиард сўмга етди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг биринчи чорагидаги 5 триллион 423,5 миллиард сўмлик натижадан қарийб 2 триллион сўмга кўпдир.

1 апрел ҳолатига кўра, мамлакатда фаолият юритаётган 34 та банкдан олтитаси 300 миллиард сўмдан ортиқ соф фойда кўрган. Рейтингнинг биринчи поғонасини ўтган йилнинг шу даврини зарар билан якунлаган «Ипотека-банк» эгаллади — 846,4 миллиард сўм. Иккинчи ўринда 603,2 миллиард сўм соф фойда билан «Ўзмиллийбанк» жойлашган бўлса, кучли учликни 550,04 миллиард сўм билан «Ўзсаноатқурилишбанк» якунлади.

Шунингдек, қуйидаги банклар энг юқори соф фойда кўрган муассасалар қаторидан жой олди:

• «Ҳамкорбанк» — 467,7 миллиард сўм;

• «Халқ банки» — 326 миллиард сўм;

• «Капиталбанк» — 324,9 миллиард сўм.

Ҳисобот даврида фақат битта «AVO bank» фаолиятини зарар билан якунлаган. Январ-март ойларида у кўрган зарар миқдори 2,97 миллиард сўмни ташкил этган.

Банк тизими самарадорлигини белгиловчи рентабеллик кўрсаткичларида ҳам ижобий динамика кузатилди:

ROA (активлар рентабеллиги) — 2,08 фоиздан 2,64 фоизгача кўтарилди;

ROE (капитал рентабеллиги) — 11,61 фоиздан 15,98 фоизгача яхшиланди.

Ҳисобот даврида банклар томонидан кредит ва лизинг бўйича кўрилиши мумкин бўлган зарарларни баҳолаш учун 8 триллион 76 миллиард сўм ажратилган. Солиқ тўлангунга қадар банк тизимининг умумий фойдаси 6 триллион 212,2 миллиард сўмни ташкил этди. Шундан 687,8 миллиард сўми фойда солиғи сифатида тўланган.

Шунингдек, соф фоизли маржанинг жами активларга нисбати 4,19 фоизни, кредитлар бўйича олинган соф фоизли даромадларнинг жами кредит қўйилмаларига нисбати эса 6,34 фоизни ташкил этмоқда.

Теглар

Мавзуга оид