Logo

Украина «Ozon»ни нишонга олишга ўтди

Украина қуролли кучлари Россия инфратузилмасига қарши «узоқ масофали санкциялар» доирасида «Wildberries»дан сўнг «Ozon» маркетплейсининг омборларига ҳужум қилди.

Украина «Ozon»ни нишонга олишга ўтди

22 августга ўтар кечаси Украина дронлари биринчи марта Самара яқинидаги Чапаевск шаҳрида жойлашган «Ozon» омборига зарба берди. Эртаси тунда Оренбургдаги омбор, яна бир кун ўтиб эса бир йўла Адигейск, Невинномисск ва Махачқалъадаги учта объект ҳужумга учради. 27 август куни эса дронлар Уфадаги «Ozon» омборини ҳам нишонга олди.

Зарба берилган омборларнинг кўпчилигида ёнғин чиқди, жароҳатланганлар бор. Бир ҳафта ичида Украина «Ozon»нинг жами еттита объектига ҳужум уюштирди. Бунинг ортидан Москва биржасида Россиянинг иккинчи йирик маркетплейси акциялари кескин равишда 28 фоизга қулади (гарчи кейинроқ бу пасайиш қисман тикланган бўлса ҳам). 7 кун ичида Киев «Ozon»нинг 233 минг квадрат метрдан ортиқ — яъни умумий омбор майдонларининг 6 фоизига шикаст етказди.

Украина Мудофаа вазирлиги дрон ҳужумлари «Wildberries»дан «Ozon»га кўчганини тасдиқлади.

«Украина кучлари «Wildberries»нинг 15 та энг йирик логистика марказини нишонга олиб бўлгач, навбат «Ozon»га келди», — дейилади вазирликнинг 22 август кунги баёнотида.

Киевнинг мақсади нима?

«Wildberries»га қарши ҳужумлар 18 июлда бошланган эди. ОАВ ҳисоб-китобларига кўра, ўтган бир ярим ой давомида Киев ушбу маркетплейс омборларининг 40 фоиздан ортиғини ишдан чиқарган, кўрилган зарар эса юзлаб миллиард рубл билан ўлчанмоқда.

Украина президенти Володимир Зеленский «Wildberries» омборларига қилинган ҳужумларни бу жойларда дрон қисмлари, навигация ускуналари ва ҳарбий маҳсулотлар сақлангани билан изоҳлади. Компаниянинг ўзи эса бу маълумотни инкор қилмоқда. Украина Мудофаа вазирлиги «Ozon» ва «Wildberries»га қарши амалиётларни «узоқ масофали санкциялар» деб атади.

«Икки хил мақсадда фойдаланиладиган товарлар сақланадиган марказларга мунтазам зарба бериш душман логистикасини издан чиқаради ва Россия иқтисодиётига жиддий путур етказади», — дея таъкидлайди вазирлик.

Атлантика кенгашининг катта илмий ходими Мелинда Ҳаринг Киевнинг Россиядаги энг йирик омборларга қилаётган ҳужумларини пухта ўйланган стратегия деб ҳисоблайди.

«Украина Москвани музокаралар столига ўтирғизиш учун мақсадли кампания олиб бормоқда. Қирқ кунлик ҳужумлар серияси россияликларга уруш оқибатларини ўз кундалик ҳаётида ҳис қилишлари учун мўлжалланган эди», — деди эксперт «ТРТ» нашрига берган интервюсида.

Киевдаги Украина хавфсизлик ва ҳамкорлик маркази ҳисоб-китобларига кўра, «Wildberries», «Ozon» ва «Яндекс Маркет»нинг умумий даромади 140,3 миллиард долларга етган. Бу Россия ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизидан кўпроғини ташкил қилади. Бундан ташқари, Украина ҳужумлари Россия аҳолиси орасида ваҳима уйғотиб, кучли психологик таъсир ҳам кўрсатмоқда.

«Ozon» бунга бардош бера оладими?

22 августга қадар «Ozon» ўзининг асосий рақобатчиси дуч келган муаммолардан фақат манфаат кўраётган эди. Россия электрон савдо бозорида иккинчи ўринда турувчи ушбу маркетплейс рақиб омборларига қилинган ҳужумлар ортидан ўз мавқеини анча мустаҳкамлаб олди. Шу билан бирга, компания эҳтимолий хавф-хатарларга олдиндан тайёргарлик кўрди: қимматбаҳо товарлар тарқатиш пунктларига кўчирилди, сотувчилар учун суғурта бадали оширилди ва маҳсулотларни тўғридан-тўғри омборсиз сотиш тизимига ўтиш тавсия қилинди.

Шунга қарамай, Украина ҳужумларидан кўрилган умумий зарар барибир улкан бўлиб қолмоқда. Forbes таҳлилчилари баҳосига кўра, биргина омборларга берилган зарбалар оқибатидаги йўқотишлар 62 миллиард рублга (730 миллион доллар) етмоқда. Ёниб кетган товарлар миқдори эса 107 миллиардга (1,2 миллиард доллар) етган.

Давлатдан ёрдам олиш масаласи эса мавҳумлигича қолмоқда. Владимир Путин топшириғига биноан «Wildberries» учун солиқ имтиёзлари тайёрланди, аммо «Ozon» бундай кўмак оладими ёки йўқ — номаълум. Иқтисодий ривожланиш вазирлиги бу масалани фақат компаниянинг ўзи мурожаат қилсагина кўриб чиқишини билдирган. «Ozon» раҳбарияти эса ҳужумлар ва инқироздан чиқиш режалари ҳақида ҳозирча сукут сақламоқда.

Украина уруш йўналишини ўзгартира оладими?

Собиқ мудофаа вазири Михаил Фёдоров вазиятга пессимистик баҳо бермоқда. 25 август куни «Reuters» агентлигига берган интервюсида у Украина Россияга қарши урушда аста-секин ютқазаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, сунъий интеллектга асосланган дронлар ва арзон ракеталар вазиятни ўзгартириши мумкин, бироқ улардан фойдаланиш бўйича яхлит стратегия йўқ. Зеленский маъмурияти эса бунга жавобан собиқ вазир яқингача уруш боришини ижобий баҳолаб келганини эслатиб ўтди.

Кремл бу баёнотдан дарҳол ўз манфаати йўлида фойдаланди. Дмитрий Песков буни Киевдаги ички сиёсий кураш ва ҳукуматнинг ичидан емирилаётгани белгиси сифатида баҳолади.

Айни пайтда Украина учун ҳарбий вазият оғирлигича қолмоқда. Россия шаҳарлар ва инфратузилмага дронлар, баллистик ва гипертовушли ракеталар билан ёппасига ҳужум қилишни давом эттирмоқда. Жумладан, 27 августга ўтар кечаси 7 тадан ортиқ баллистик ракета ва 258 та дрон учирилган. Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиганинг сўзларига кўра, портлар, дон омборлари ва энергетика объектлари асосий нишонга олинган.

Бунга жавобан Украина Россия ичкарисидаги нефтни қайта ишлаш заводларига (НҚИЗ) ҳужумларни кучайтирмоқда. Бунинг оқибатида Россия ёқилғи бозорида жиддий инқироз юзага келди:

  • Ҳужумлар кўлами: «Bloomberg» ҳисоб-китобларига кўра, август ойида нефт заводларига камида 21 марта дрон ҳужуми уюштирилди ва Россиядаги энг йирик 10 та заводдан 4 таси зарар кўрди.

  • Қайта ишлаш ҳажми: Кўрсаткич кунига ўртача 3,8 миллион баррелгача тушиб кетди. Бу сўнгги 20 йил ичидаги энг паст натижадир (одатда ёз фаслида бу рақам 5,3–5,5 миллион баррелни ташкил қилар эди).

  • Ишлаб чиқаришнинг қисқариши: Бензин ишлаб чиқариш ва ички бозорга етказиб бериш қарийб 20 фоизга, дизел эса 23 фоизга камайди.

Тақчиллик нархларда ҳам акс этмоқда. Росстат маълумотларига кўра, 24 августга келиб, бир ҳафта ичида бензин яна 0,9 фоизга, йил бошидан буён эса 19,4 фоизга қимматлашди. Бир литр бензиннинг ўртача нархи 77,05 рублга етди, айрим мустақил ёқилғи қуйиш шохобчаларида эса 100 рублга яқинлашди.

Ёқилғи тақчиллигини қоплаш мақсадида Москва зудлик билан импортни оширишга мажбур бўлмоқда. Россия Қозоғистоннинг «Kondensat» заводи билан хомашёни қайта ишлаб, олинган ёқилғининг 70 фоизини қайтариб олишга келишиб олди. Шунингдек, Ҳиндистондан тахминан 1 миллион баррел ёқилғи харид қилинди. Беларусдан ёқилғи импорт қилиш ҳажми эса кескин ошиб, тарихий рекорд даражага етди.

Россия ядровий зарба беришга тайёрми?

Нефт заводларига уюштирилаётган кенг кўламли ҳужумлар ортидан Кремлда Украинага нисбатан зарбаларни кучайтириш, ҳатто ядро қуролини ишга солиш ҳақидаги чақириқлар тез-тез янграмоқда. Бу ҳақда «Bloomberg» агентлиги Россия президенти маъмуриятига яқин манбаларига таяниб хабар берди.

Нашр суҳбатдошларининг қайд этишича, президент Путиннинг Украинага қарши тактик ядро қуролини қўллаши мумкинлигини инкор этмаётган россиялик мулозимлар сони тобора ортиб бормоқда. Владимир Путиннинг ўзи 22 август куни «Киев Пандора қутисини очди» қабилида баёнот бериб, Украина иқтисодиётининг «энг нозик нуқталарига» жавоб зарбалари беришни ваъда қилган эди. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам «Ozon» объектларига қилинган дастлабки ҳужумларни шарҳлар экан, айнан шу сўзларни ёдга олди.

«Киевда жавоб зарбаларини ҳар куни, ҳар кеча ҳис қилишмоқда ва бундан кейин ҳам ҳис қилишади», — дея таҳдид қилди у.

Бироқ «Bloomberg» нашрининг таъкидлашича, ҳозирча ядровий можарога тайёргарлик кўрилаётганини тасдиқловчи бирорта ҳам белги йўқ. Москва авваллари ҳам Киевнинг ғарблик иттифоқчиларини қўрқитиш мақсадида шундай пўписалардан фойдаланиб келган.

Хулоса қилиб айтганда, ҳозирча Москванинг бу каби таҳдидлари қуруқ пўписа бўлиб қолмоқда. Ядровий ҳужумга тайёргарлик кўрилаётганини тасдиқловчи бирорта белги йўқ. Экспертлар ҳам бундай сценарийнинг амалга ошиш эҳтимолини жуда паст баҳоламоқда. Бундан ташқари, тарихга назар ташласак, 1945 йилда Хиросима ва Нагасаки шаҳарлари бомбардимон қилинганидан буён ядровий давлатлар ҳеч қачон тактик қуролни қўллашга журъат эта олмаган. Масалан, Франция Жазоирда, АҚШ Веитнамда, СССР эса Афғонистонда мағлубиятга учраган бўлса-да, уларнинг барчаси атом қуролини ишлатмасдан вазиятдан чиқиб кетишни афзал кўрган.

Теглар

Мавзуга оид