Logo

Тадбиркорларга муддати ўтган экспорт қарзларини сўндириш осонлашади

Bugun 08:252 daqiqa

Тадбиркорларга экспорт операциялари бўйича юзага келган муддати ўтган дебитор қарздорликни ўз маблағлари ҳисобидан сўндириш имконияти берилади. Бунинг учун 2027-йил 1-январга қадар бир марталик умумдавлат акцияси ўтказилади.

Тадбиркорларга муддати ўтган экспорт қарзларини сўндириш осонлашади © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистонда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликларни қисқартириш учун янги механизм жорий этилади. Бу 27-август куни қабул қилинган президент фармонида белгиланган.

Ҳужжатга кўра, тадбиркорларга экспорт операциялари бўйича активлар белгиланган муддатларда репатриация қилинмагани сабабли юзага келган дебитор қарздорликни ўз маблағлари ҳисобидан сўндиришга рухсат берилади.

Бу имконият 2027-йил 1-январга қадар бир марталик умумдавлат акцияси доирасида амал қилади. Тартиб фармон кучга киргунига қадар тузилган ташқи савдо шартномаларига нисбатан қўлланади.

Акция товар, иш ёки хизмат амалда экспорт қилинган, аммо хорижий контрагент тўловни белгиланган муддатда амалга оширмагани учун «Э-контракт» тизимида муддати ўтган деб қайд этилган қарздорликларни қамраб олади.

Бироқ устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, уларнинг шундай улушга эга бўлган ташкилотлари мазкур имкониятдан фойдалана олмайди.

Жарима икки баравар қисқаради

2027-йил 1-январдан ташқи савдо операциялари бўйича активларни ўз вақтида репатриация қилмаганлик учун жарима айрим ҳолатларда суд томонидан икки бараварга камайтирилиши мумкин.

Бунинг учун белгиланган шартлардан камида биттаси мавжуд бўлиши талаб этилади. Жумладан, резидент маблағларни ўз вақтида қайтариш учун ўзига боғлиқ барча чораларни кўрган бўлиши керак.

Бунда тадбиркорнинг суд, арбитраж ёки бошқа мажбурий ундирув механизмлари орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилгани ҳам инобатга олинади.

Шунингдек, ташқи савдо операциялари бўйича активларнинг 50 фоиздан ортиғи репатриация қилинган бўлса, жарима миқдори икки бараварга камайтирилиши мумкин.

Санкциялар ҳам ҳисобга олинади

Хорижий ҳамкор жойлашган ёки тўлов амалга ошириладиган давлатда халқаро санкциялар, банк ва тўлов тизимларидаги чекловлар ёки валюта операцияларига оид тақиқлар мавжудлиги ҳам енгиллик учун асос бўлади.

Бундай ҳолатларда активларни репатриация қилиш имконияти объектив равишда чеклангани инобатга олинади. Натижада тадбиркорга нисбатан қўлланадиган жарима икки бараварга камайтирилиши мумкин.

Янги тартиб ташқи савдо операциялари бўйича тўпланган муддати ўтган дебитор қарздорликларни қисқартиришга қаратилган.

Шу билан бирга, тадбиркорларнинг мавжуд мажбуриятларини бажаришини енгиллаштириш ва ташқи савдода юзага келадиган валюта мажбуриятларини тартибга солиш кўзда тутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid