Ўзбекистонда нақд пул ҳажми тарихий рекордни янгилади
Муомаладаги нақд пуллар бир йил ичида 16,4 трлн сўмга кўпайган.
© Milliy statistika qo'mitasi matbuot xizmati2026-йил 1-август ҳолатига Ўзбекистонда муомаладаги нақд пул ҳажми 76,3 трлн сўмга етди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.
Қайд этилишича, нақд пул ҳажми июл ойида 1 трлн сўм ёки 1,4 фоизга ошган. Бир йил аввал, 2025 йил август бошида ушбу кўрсаткич 59,8 трлн сўм эди. Шу тариқа, йиллик ўсиш 16,4 трлн сўм ёки 27,5 фоизни ташкил қилди.
Йил бошидан буён ҳам нақд пул ҳажми сезиларли ошди. 2026 йил бошида муомалада 68,5 трлн сўм нақд пул бўлган бўлса, август бошига келиб бу сумма 7,8 трлн сўмга кўпайди.
Пул массаси тезроқ ўсди
Шу билан бирга, кенг маънодаги пул массаси — М2 ҳажми 434,5 трлн сўмга етди. Бу кўрсаткич июль ойида 9,4 трлн сўм ёки 2,2 фоизга, бир йилда эса 118,8 трлн сўм ёки 37,6 фоизга ошган.
Шундай қилиб, нақд пул умумий пул массасига нисбатан секинроқ ўсган. Натижада унинг М2 таркибидаги улуши бир йил ичида 19 фоиздан 17,6 фоизга тушган.
Жами пул массасининг 361,2 трлн сўми миллий валютадаги маблағларга тўғри келмоқда. Уларнинг ҳажми бир ойда 7,3 трлн сўмга, бир йилда эса 109,1 трлн сўм ёки 43,3 фоизга ошган. Миллий валютадаги маблағлар М2нинг 83,1 фоизини ташкил этмоқда.
Депозитлар ўсишда давом этди
Нақд пул ва миллий валютадаги талаб қилиб олингунча депозитларни бирлаштирувчи М1 пул массаси 161,8 трлн сўмга етди. Бу бир ойда 1,4 трлн сўмга, бир йилда эса 43,4 трлн сўм ёки 36,7 фоизга кўпайган.
М1 таркибидаги талаб қилиб олингунча депозитлар 85,5 трлн сўмни ташкил этди. Уларнинг йиллик ўсиши 27 трлн сўм ёки 46,1 фоиз бўлган.
Миллий валютадаги бошқа депозитлар ҳажми 199,4 трлн сўмга етди. Асосан жамғарма ва муддатли маблағлардан иборат ушбу депозитлар бир йилда 65,7 трлн сўм ёки 49,1 фоизга ошган.
Шу билан бирга, хорижий валютадаги депозитларнинг сўмдаги эквиваленти 73,3 трлн сўмни ташкил этди. Уларнинг йиллик ўсиши 15,3 фоиз бўлиб, М2даги улуши 20,1 фоиздан 16,9 фоизгача қисқарди.
Марказий банк М2 таркибига банк тизимидан ташқаридаги нақд пуллар ҳамда аҳоли, хусусий сектор ва айрим ташкилотларнинг миллий ва хорижий валютадаги депозитларини киритади. Келтирилган ўсиш кўрсаткичлари номинал ҳисобланади ва инфляция таъсири инобатга олинмаган.





