add

Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича Европа ва АҚШ режаларининг 13 та фарқи

Кеча 21:359893 Дақиқа

Европа томонидан тайёрланган тинчлик режасининг тўлиқ матни эълон қилинди. Бу ҳужжат аввалроқ The Washington Post нашрида қисқача кўринишда чоп этилган эди.

Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича Европа ва АҚШ режаларининг 13 та фарқи

Reuters агентлигининг ёзишича, Режа Британия, Франция ва Германия томонидан тайёрланган бўлиб, у АҚШнинг 28 банддан иборат асосий режасига таянади, аммо баъзи бандлар таҳрир қилинган ёки бутунлай чиқариб ташланган.

Икки режа ўртасидаги 13 та принципиал фарқ келтирилган:

1. НАТОни кенгайтирмаслик ваъдаси олиб ташланган. АҚШ режасида бу банд шундай шаклда берилган: «Россия қўшни давлатларга бостириб кирмайди, НАТО эса янада кенгайишдан воз кечади».

2. Украина қуролли кучлари сони 800 минг нафаргача чекланган. АҚШ режасида эса 600 минг нафар деб кўрсатилган.

3. Украинага НАТОга аъзо бўлиш имконияти қолдирилган. Европа режасида бу банд шундай шаклда ифода этилган: «Украинанинг НАТОга қўшилиши алянс аъзоларининг умумий келишувига боғлиқ, ҳозир бундай келишув мавжуд эмас». АҚШ режасида эса шундай дейилган: «Украина ўз Конституциясида НАТОга қўшилмасликни мустаҳкамлайди, НАТО эса Украина келажакда қабул қилинмаслигини ўз уставида белгилайди».

4. Европа режасида «тинчлик вақтида НАТО Украина ҳудудига ўз қўшинларини жойлаштирмаслиги» ҳақида ёзилган (8-банд). АҚШ режасида эса шунчаки: «НАТО Украинада қўшин жойлаштирмайди», дейилади.

5. Украина АҚШдан «5-модда акс эттирилган кафолат» олади (яъни, бир аъзога ҳужум бошқаларга ҳам ҳужум ҳисобланади). АҚШ режасида эса шунчаки «АҚШ кафолати» деб ёзилган.

6. Европа режасида Украинага Москва ва Санкт-Петербургга ҳужум қилишга тақиқ йўқ. АҚШ режасида эса бу тақиқ 10-бандда бор.

7. Европа режасида «Россия босқичма-босқич жаҳон иқтисодиётига қайта интеграция қилинади», дейилади (13-банд). АҚШ режасида эса «босқичма-босқич» деган сўз йўқ.

8. Европа АҚШнинг Украина тикланиши бўйича вариантидан воз кечган. Европа режасида шундай дейилади: «Украина тўлиқ тикланади ва Россия томонидан етказилган зарар қоплангунгача музлатиб қўйиладиган Россия активлари ҳисобидан молиявий компенсация олади». АҚШ режасида эса музлатилган активларнинг тақсимоти муфассал баён этилган.

9. Украина ва Европа, шу жумладан АҚШ ва Россия иштирокидаги гуруҳга киради, бу гуруҳ тинчлик келишувига риоя этилишини назорат қилади. АҚШ ҳужжатида эса фақат АҚШ ва Россия қайд этилган.

10. Европа режасида «Украина ЕИнинг диний бағрикенглик ва тил озчиликларини ҳимоя қилиш қоидаларини қабул қилади». АҚШ режасида эса бу масала аниқроқ ифода этилган: томонлар таълим дастурларини ўзгартириш, ирқчиликни йўқ қилиш, ОАВ ва таълимдаги камситиш чораларидан воз кечиш, ҳамда «нацистик идеология»дан дастурли равишда воз кечишга мажбур бўлади.

11. Европа режасида шундай дейилади: «Ҳудудлар алмашинуви бўйича музокаралар фронт чизиғидан бошланади». Бошқа тафсилотлар берилмаган. АҚШ режасида эса Қрим, Луҳанск ва Донецк де-факто Россияники сифатида эътироф этилади, Херсон ва Запорожжя областлари эса фронт чизиғи бўйича «муввақат музлатилган ҳудудлар»га айлантирилади. Шунингдек, Украина Донецкнинг Россия томонидан эгалланмаган қисмида қўшинларини олиб чиқиши кўзда тутилади ва бу ҳудуд Россияники бўлган нейтрал демилитаризация қилинган буфер зонаси сифатида эътироф этилади.

12. Украинада сайловлар қайси вақтда ўтиши аниқ эмас. Европа режасида «тинчлик келишуви имзолангандан сўнг иложи борича тезроқ» дейилган. АҚШ режасида эса сайловлар 100 кун ичида ўтиши кўзда тутилган.

13. Европа режасида ҳарбий жиноятлар учун умумий амнистия масаласи тилга олинмаган. АҚШ режасида эса бундай амнистия тўғрисида аниқ баён этилган.

Теглар

Мавзуга оид