add

UNESCO Туркий тиллар кунини тасдиқлади

Бугун 09:552531

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған таклифи асосида 15 декабр «Жаҳон туркий тиллар куни» деб эълон қилинди.

UNESCO Туркий тиллар кунини тасдиқлади

UNESCO Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг 15 декабрни «Жаҳон туркий тиллар оиласи куни» деб эълон қилиш таклифини қабул қилди. Қарор ташкилотнинг Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган 43-Бош ассамблеясида 194 мамлакатдан 5 мингдан ортиқ вакиллар иштирокида маъқулланди.

Туркиянинг UNESCOдаги доимий вакили Гулнур Айбет таъкидлашича, бу қарор ташкилотнинг кўп тиллиликни, маданий хилма хилликни ва халқлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга бўлган интилишини акс эттиради. У ташаббусга ҳаммуаллифлик қилган Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга, шунингдек, ҳужжатни қўллаб-қувватлаган 26 давлатга, жумладан Туркманистонга миннатдорлик билдирди.

Айбет тил нафақат мулоқот воситаси, балки авлоддан-авлодга жамоавий хотира, донолик ва ўзига хосликни етказувчи цивилизациялар қалби эканини таъкидлади.

Унинг айтишича, умумий тарих ва маданий қадриятлар билан бирлашган 200 миллиондан ортиқ киши туркий тилларда сўзлашади.

15 декабр санаси бежиз танланмаган: айнан шу куни туркий халқларнинг VIII асрга оид энг қадимий ёзма ёдгорликларидан бири - Ўрхун битиклари ўқиб тушунилган эди. Айбетнинг таъкидлашича, бу қадам бой маданий меросни эътироф этиш рамзи бўлиб, умумий тарихий ўтмиш орқали халқларни яқинлаштиришга хизмат қилади.

Теглар

Мавзуга оид