
Уолл-стрит сунъий интеллект «пуфаги» ёрилишига ҳозирлик кўрмоқда
Bloomberg таҳлилига кўра, сунъий интеллект атрофидаги эйфория сўнмоқда, бозор эса 2026 йилда СИ «пуфаги» ёрилиши мумкин бўлган ҳал қилувчи босқичга киряпти.

ChatGPT пайдо бўлиши билан бошланган сунъий интеллект бумидан сўнг уч йил ўтиб, Уолл-стритда кайфият кескин ўзгаряпти. Bloomberg таҳлилчиларига кўра, бозор «реалликни текшириш» босқичига кирди ва 2026 йил бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин.
Охирги ойларда СИ бозорининг етакчи компаниялари акциялари пасайишни бошлади. Nvidia ва Oracle ўз ҳисоботларидан сўнг акциялари тушиб кетди. Асосий савол очиқ қолмоқда: истеъмолчилар СИ хизматлари учун миллиардлаб сармояларни қоплайдиган даражада тўлашга тайёрми?
Bloomberg учта асосий хатарни ажратади.
Биринчиси — флагман компаниялар харажатни даромаддан анча кўп қилмоқда. Масалан, OpenAI $1,4 трлн сарфлашни режалаштиряпти, аммо фойда фақат 2030 йилдан кутилмоқда. Бу вақтгача компания тахминан $115 млрд «ёқиб юборади».
Иккинчи хавф — қарзлар. Oracle ва бошқа йирик компаниялар облигациялар орқали миллиардлаб маблағ жалб қиляпти. Технология муваффақиятсиз бўлса ҳам, фоизлар тўланиши шарт.
Учинчи омил — капитал харажатлар босими. Microsoft, Amazon, Meta ва Alphabet келгуси бир йилда дата-марказлар қурилишига 400 млрд доллардан ортиқ сарфлашни режалаштирган.
Айрим компаниялар алоҳида хавфли даражада қиммат баҳоланмоқда. Palantir акциялари фойдага нисбатан 180 карра, Snowflake эса 140 карра мултипликатор билан савдо қилинмоқда. Бу кўрсаткичлар «дотком пуфаги» даврини эслатади.
Таҳлилчилар 2000 йилдагидек кескин инқирозни кутмаяпти, аммо капиталнинг катта қайта тақсимланиши эҳтимоли юқори. Агар технология гигантлари тез орада реал фойда кўрсата олмаса, сармоялар «қизиб кетган» акцияларни тарк эта бошлаши мумкин.





