Уруш, доллар ва сўм: иқтисодчилар нима дейди?
Жаҳондаги уруш ва кескинликлар молия бозорларида ноаниқликни кучайтирмоқда. Бу ҳолат доллар, сўм ва инфляцияга қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида иқтисодчилар турлича фикр билдирмоқда.

Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинликлар жаҳон молия бозорларида ноаниқликларни кучайтирди. Бундай вазиятларда инвесторлар одатда хавфсиз активларга, айниқса АҚШ долларига мурожаат қилади. Натижада доллар бошқа валюталарга нисбатан мустаҳкамланади.
Маълумотларга кўра, уруш бошланганидан буён доллар бошқа валюталарга нисбатан тахминан 1,5 фоизга мустаҳкамланган. Бунда АҚШнинг энергия мустақиллиги ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Уруш бошланганидан буён ўзбек сўми ҳам долларга нисбатан тахминан 0,5 фоизга қадрсизланган. Бироқ мутахассислар бу жараённинг келгусида қандай давом этиши борасида турлича фикр билдирмоқда.
Миркомил Холбоев: сўмга босим бор, аммо кескин қадрсизланиш эҳтимоли паст
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таъкидлашича, урушнинг узоқ давом этиши айрим омиллар орқали сўмга босим ўтказиши мумкин.
Аввало, Ўзбекистон энергия товарларининг нет-импортёри ҳисобланади. Масалан, 2025-йилда мамлакат 4 млрд долларлик энергия ресурсларини импорт қилган, экспорт эса 1,5 млрд доллар атрофида бўлган. Нефт нархининг ошиши энергия маҳсулотларини импорт қилиш учун хорижий валютага талабни оширади ва бу сўмнинг қадрсизланишига таъсир кўрсатиши мумкин.
Шунингдек, таъминот занжирларидаги узилишлар ва энергия нархларининг ошиши инфляцион босимларни кучайтириши мумкин. Инфляция кутилмалари ёмонлашса, аҳоли ва бизнес хорижий валютада жамғаришга кўпроқ интилади. Бу ҳам миллий валютага босимни оширади.
Бироқ Холбоев сўмни қўллаб-қувватлаши мумкин бўлган омиллар ҳам мавжудлигини таъкидлайди. Масалан, геосиёсий ноаниқликлар олтин нархининг ошишига олиб келиши мумкин. Ўзбекистон 2025-йилда 10 млрд долларлик олтин экспорт қилган. Агар олтин нархи кўтарилса, экспорт тушумлари ортиб, бу сўмни қўллаб-қувватлайди.
Бундан ташқари, нефт нархининг ошиши Россия ва Қозоғистон каби асосий иқтисодий ҳамкорларда иқтисодий фаолликни кучайтириши мумкин. Бу мамлакатларда иқтисодий фаоллик ошса, Ўзбекистондан экспорт ва меҳнат мигрантлари пул ўтказмалари ҳам кўпайиши мумкин.
Яна бир омил — Яқин Шарқдаги кескинликлар сабаб айрим фуқаролар саёҳат режаларини, жумладан ҳаж сафарларини кечиктириши мумкин. Бу хорижий валютага бўлган талабни қисқартиради.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда валюта курси тўлиқ эркин сузувчи эмас. Мамлакатнинг халқаро захиралари ҳам юқори даражада. 1 март ҳолатига кўра, улар 77,1 млрд долларни ташкил этган. Бу эса Марказий банк зарурат туғилганда валюта бозорига интервенция қилиб, сўмни қўллаб-қувватлаш имкониятига эга эканини англатади.
Холбоевнинг фикрича, шу омилларни ҳисобга олганда, урушнинг сўмга таъсирини тўлиқ салбий деб баҳолаш тўғри эмас ва ҳозирча миллий валютанинг кескин қадрсизланиши бўйича кутилмалар мавжуд эмас.
Валижон Тўрақулов: уруш долларга талабни оширади
Иқтисодчи Валийжон Тўрақулов уруш ва геосиёсий можаролар вақтида доллар мустаҳкамланиши табиий жараён эканини таъкидлайди.
Унинг таърифига кўра, жараён қуйидаги занжир асосида кечади:
Уруш → риск ошади → инвесторлар доллар сотиб олади → доллар қимматлашади.
Бундай вазиятда инвесторлар келажакдаги ноаниқликлардан ҳимояланиш учун олтин ва АҚШ давлат облигацияларига сармоя қилади. Бу активларни сотиб олиш учун эса доллар керак бўлади. Шунинг учун долларга бўлган талаб ошади ва унинг нархи ҳам кўтарилади.
Тўрақуловнинг фикрича, агар уруш узоқ вақт давом этса, масалан бир ойдан ортиқ давом этса, Ўзбекистонда ҳам доллар курси сезиларли даражада ошиши мумкин.
Отабек Бакиров: асосий хавф курс эмас, инфляция
Иқтисодчи Отабек Бакиров эса асосий хавф сўм курсида эмас, балки инфляцияда бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.
Унинг фикрича, уруш натижасида нефть, газ ва кўмир каби энергия ресурслари нархи ошиши мумкин. Шунингдек, логистика ва транспорт харажатлари ҳам қимматлашади. Бу омиллар эса импорт товарлари нархининг ошишига олиб келиб, инфляцияга қўшимча босим беради.
Бакиров Украинадаги урушдан кейинги вазиятни мисол келтиради. Ўшанда Ўзбекистонда инфляция узоқ вақтдан кейин бир хонали кўрсаткичга — 9,7 фоизга тушган эди. Бироқ урушдан кейин инфляция яна тезлашиб, 12,3 фоизгача ошган.
Унинг таъкидлашича, уруш деярли ҳар доим инфляцияни кучайтиради ва унинг асосий юкини оддий истеъмолчилар кўтаради.
Теглар






