Uzcard акциядорларига яна 334,7 млрд сўм дивиденд тўлайди
Янги тўлов амалга оширилса, компаниянинг 2026 йилда акциядорларга тўлаган дивидендлари камида 1,37 трлн сўмга етади. Бу Uzcard’нинг бутун бошли 2025 йилдаги соф фойдасидан ҳам кўп.
© sun'iy intelektUzcard тўлов тизими оператори — «Ягона умумреспублика процессинг маркази» акциядорларга 334,7 млрд сўм дивиденд тўлайди. Бу ҳақдаги қарор 20 август куни ўтказилган навбатдан ташқари акциядорлар йиғилишида қабул қилинди.
Компания 2026 йилнинг иккинчи чорагида 707,8 млрд сўм соф фойда олган. Унинг 47,3 фоизи дивидендга йўналтирилади.
Ҳар бир оддий акция учун дивиденд миқдори 6 694 сўм этиб белгиланган. Тўловлар 20 августда бошланган ва 18 октябргача якунланиши керак. Дивиденд 17 августда шакллантирилган акциядорлар реестрига мувофиқ тўланади.
Бу Uzcard’нинг жорий йилдаги иккинчи йирик дивиденд қарори. Май ойида компания акциядорларга 665 млрд сўм тўлашни маъқуллаганди. Шундан 250 млрд сўми биринчи чорак фойдаси, 415 млрд сўми эса олдинги йилларда тақсимланмай қолган фойда ҳисобидан ажратилган.
Шу тариқа 2026 йилда қабул қилинган икки қарор бўйича дивидендларнинг умумий миқдори 999,7 млрд сўмга етди. Биринчи ярим йиллик фойдасидан дивидендга йўналтирилган маблағ эса 584,7 млрд сўмни ёки соф фойданинг 51 фоизини ташкил қилмоқда.
Uzcard ярим йилликда соф фойдасини 84,2 фоизга ошириб, 1 трлн 145,2 млрд сўмга етказган. Компаниянинг молиявий ҳисоботига кўра, январь—июнь ойларининг ўзида акциядорларга 1 трлн 31,8 млрд сўм дивиденд тўланган. Янги тўлов билан бу кўрсаткич камида 1 трлн 366,5 млрд сўмга етиши мумкин.
Uzcard’нинг 75 фоизи «IMC-Capital» компаниясига, қолган 25 фоизи Камрон Акбаровга тегишли. Шу улушлардан келиб чиқилса, янги дивиденднинг қарийб 251 млрд сўми «IMC-Capital»га, 83,7 млрд сўми Камрон Акбаровга тўғри келади.