
UzNIF акциялар ҳажмини 8,64 трлн донага етказди
UzNIF акциялар миқдорини сезиларли кенгайтирди. Бу келгуси транзакциялар ва активлар алмашинуви учун ҳуқуқий ва техник асос сифатида хизмат қилади.

2025 йил 11 ноябр куни Тошкентда «Миллий инвестиция жамғармаси» АЖ (UzNIF) навбатдан ташқари умумий йиғилиш ўтказди. Йиғилиш 100 фоиз кворум билан ўтди ва жамғарма уставининг янги таҳрири бир овоздан тасдиқланди. Асосий янгилик — эълон қилинган акциялар миқдори 3,64 трлн донадан 8,64 трлн донaгача оширилди.
Бу қарор келгуси капитaл бозори амалиётлари учун муҳим техник тайёргарлик ҳисобланади. Айнан акциялар «сиғими» кенгайтирилгани, портфелга қўшиладиган йирик давлат активлари алмашинувини ҳуқуқий тўсиқларсиз амалга ошириш имконини беради. Айни пайтда жамғарма фаолиятида жараёнлар самарадорлигини таъминлашда бу муҳим босқичдир.
Президентнинг 2025 йил 19 сентябрдаги ПҚ-289-сон қарорига мувофиқ, UzNIF портфелига «Ўзсаноатқурилишбанк»даги 30 фоиз, «Ўзбекгидроэнерго»даги 20 фоиз, «Ўзбекинвест»даги 10 фоиз ва «Темирйўлинфратузилма»даги 15 фоиз акциялар ўтади. Бу улушларни қабул қилиш учун эълон қилинган акциялар ҳажмини ошириш зарур эди.
Йиғилишда янги уставни рўйхатдан ўтказиш ва тегишли ташкилий ишларни амалга ошириш ваколати UzNIF ишончли бошқарувчиси — «Franklin Templeton Asset Management» (FE) компаниясига топширилди. Бу марказлашган ижро интизомини таъминлашга қаратилган.
Умуман олганда, UzNIFнинг бу қадами 2026 йилда амалга ошириладиган йирик инвестицион босқичларга тайёргарликни кўрсатади. Айниқса, активлар билан ишлаш ва бозор инфратузилмаси бўйича кенг қамровли жараёнларга замин яратилади.





