Халқаро қидирувда бўлган собиқ давлат ходими Туркиядан Ўзбекистонга қайтарилди
У давлат маблағларини талон-торож қилиш ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланмоқда.
© O'zbekiston Respublikasining Istanbul shahridagi Bosh konsulxonasiХалқаро қидирувга берилган собиқ давлат ташкилоти мутасадди ходими Туркиядан Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Маълум қилинишича, у Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинган.
Тергов маълумотларига кўра, Й.Г. Хоразм вилоятидаги Бандликка кўмаклашиш мутасадди ходими лавозимида ишлаган даврида мансаб ваколатларидан фойдаланиб, давлат маблағларини талон-торож қилганликда ва ҳужжатларни қалбакилаштирганликда айбланмоқда.
Й.Г. Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) бўйича қидирувга берилган эди. Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.





