add

Хитой 2030 йилгача дунёдаги энг йирик атом энергияси операторига айланади

Бугун 09:551332

Хитойда норақобат тарзда ишлаб чиқилган FirmSys тизими ҳозирда 20 дан ортиқ АЭСда қўлланилмоқда. У сунъий ақл билан интеграциялашган.

Хитой 2030 йилгача дунёдаги энг йирик атом энергияси операторига айланади

Хитойнинг Жанубидаги Шэнжэн шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро атом энергияси саноати кўргазмасида FirmSys номли рақамли бошқарув тизимининг янгиланган талқини тақдим этилди.

Бу тизим Хитой томонидан мустақил ишлаб чиқилган биринчи ядровий тоифадаги рақамли назорат тизими бўлиб, мамлакатдаги 20 дан зиёд атом электростанцияларида фойдаланилмоқда.

Янгиланган FirmSys сунъий интеллект, реактор қисмларининг рақамли эгизаклари ва виртуал симуляция технологиялари билан жиҳозланган. Бу эса операторларга носозликларни барвақт аниқлаш, олдиндан огоҳлантириш ва қарор қабул қилишда ақлли ёрдам бериш имконини яратади.

CGN рақамли технологиялар компанияси президенти Сун Юнбин: «FirmSys тўлиқ миллий ишланма бўлиб, «атом станциясининг мияси» деб қаралмоқда. Унинг барча аппарат ва дастурий таъминоти — чиплар, операцион тизимлар ва алоқа дастурлари Хитойда ишлаб чиқилган», — дея таъкидлади.

Шэнжэндаги атом энергиясига бағишланган халқаро форумда дунёнинг турли мамлакатларидан мутахассислар иштирок этмоқда. Улар сунъий ақл ёрдамида энергия операцияларини оптималлаштириш, илғор ядровий технологиялар ва глобал ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилмоқда.

Ҳозирда Хитойда 58 та ядровий реактор фаолият юритмоқда, яна 44 таси қурилиш жараёнида. Бу билан мамлакат 2030 йилга бориб 113 GW ядровий қувватга эга бўлиб, дунёдаги энг йирик атом энергияси операторига айланиши кутилмоқда. 2024 йилда Хитойнинг атом энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 450 млрд kWh бўлиб, 140 млн тонна стандарт кўмир истеъмоли ва 370 млн тонна СО₂ чиқиндисини қисқартиришга имкон берди.

Теглар

Мавзуга оид

Хитой 2030 йилгача дунёдаги энг йирик атом энергияси операторига айланади | Vaqt.uz