add

Хориждаги иш ўринлари очиқ танлов орқали тақсимланади

Кеча 22:252 дақиқа

Хориждаги иш ўринларини тақсимлашда шаффофликни ошириб, рақобат ва электрон назорат механизмларини жорий этаишга қаратилган ҳужжат лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Хориждаги иш ўринлари очиқ танлов орқали тақсимланади

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги хорижий иш берувчилар ва рекрутинг агентликларидан жалб қилинган бўш иш ўринларини лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари ўртасида очиқ танлов асосида тақсимлашни назарда тутувчи янги тартиб лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат лойиҳаси хорижда ишлаш имкониятларини марказлашган ва рақамлаштирилган усулда бошқаришга қаратилган.

Ушбу лойиҳага кўра, хориждан келиб тушган иш ўринлари электрон оферта шаклида Xorijdaish.uz платформасида эълон қилинади. Барча лицензияга эга хусусий бандлик агентликларининг шахсий кабинетларига автоматик хабарнома юборилади. Офертада иш берувчи ҳақидаги маълумотлар, касб номи, квота сони, иш ҳақи, иш шароити, номзодларга қўйиладиган талаблар ҳамда ариза топшириш муддатлари акс эттирилади.

ХБАлар танловда иштирок этиш учун розилик аризасини фақат электрон шаклда юбориши ва уни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаши шарт бўлади. Аризалар Агентлик ҳузуридаги доимий фаолият юритувчи ишчи комиссия томонидан кўриб чиқилади. Комиссия 3 иш куни ичида ҳужжатларни таҳлил қилиб, иштирокга рухсат бериш, қўшимча маълумот сўраш ёки рад этиш бўйича хулоса чиқаради.

Квоталарни тақсимлаш механизмига алоҳида эътибор қаратилган. Аввало, иштирок этишига рухсат берилган барча агентликларга квоталар тенг асосда тақсимланади. Агар қолдиқ квоталар сақланиб қолса, улар шартнома мажбуриятларини ўз вақтида ва сифатли бажарган агентликларга устуворлик берилган ҳолда ажратилади. Айрим истисно ҳолатларда эса квоталар аризалар платформга келиб тушган вақтига қараб тақсимланиши мумкин.

Квота ажратилгандан сўнг Агентлик ва ХБА ўртасида 5 иш куни ичида электрон шартнома тузилиши лозим. Мажбуриятлар бажарилиши тўлиқ электрон назоратда бўлиб, амалга ошириш ҳолати реал вақт режимида платформда акс этиб боради. Талабларни бузган агентликлар огоҳлантирилади ёки кейинги квота тақсимотларида вақтинча иштирок этмаслиги мумкин.

Теглар

Мавзуга оид