add

Хусусий авиакомпаниялар сони 15 тага етказилади

05.01.2026 | 15:552 дақиқа

«Ўзбекистон–2030» стратегияси доирасида аэропортлар модернизация қилиниб, авиация бозорида хусусий сектор улуши кенгайади.

Хусусий авиакомпаниялар сони 15 тага етказилади

«Ўзбекистон–2030» стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳасига мувофиқ, мамлакатда авиация соҳасини чуқур ислоҳ қилиш режалаштирилмоқда. Ҳужжатга кўра, Ўзбекистондаги бешта йирик аэропорт давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиниб, бошқарувга берилади. Лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган.

Стратегияда 2030 йилга қадар ҳар йили битта аэропортни давлат-хусусий шериклик асосида янгилаш назарда тутилган. Модернизация ишлари Uzbekistan Airports ҳамда хусусий инвесторлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ушбу жараён учун Транспорт вазирлиги масъул этиб белгиланган.

Ҳужжатда авиация бозорида рақобатни оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, мамлакатдаги хусусий авиакомпаниялар сонини 15 тага етказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, республика авиатехник паркидаги ҳаво кемалари сони 180 тагача оширилиши кўзда тутилган. Бу ички ва халқаро парвозлар географиясини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Маълумот ўрнида, Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабр куни Олий Мажлис ҳамда халққа қилган мурожаатномасида «Ўзбекистон–2030» стратегиясини қайта кўриб чиқиш вазифасини қўйган эди. Сўнгги йиллардаги иқтисодий ва инфратузилмавий ўзгаришлар ҳисобга олиниб, стратегиянинг янгиланган таҳрири ишлаб чиқилди.

Стратегиянинг аввалги тaҳририда ҳам самарадорлиги паст ҳудудий аэропортларни давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш белгиланган эди. Амалий мисол сифатида, 2025 йил октябр ойида Incheon International Airport Corporation билан Урганч аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш бўйича келишув имзоланди.

Ушбу битимга мувофиқ, хусусий шерик йўловчи ва юк терминалларини қуриш ҳамда бошқариш, ерга хизмат кўрсатиш ишларини амалга оширади. Давлат томони эса учиш-қўниш йўлаклари ва перронни ўз зиммасига олади.

Теглар

Мавзуга оид