add

«Yangi Bank» омонатчиларига 208 млрд сўм тўлаб беради

29.01.2026 | 15:322 дақиқа

Кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўловлари 31,5 мингдан ортиқ мижозни қамраб олиши маълум қилинди.

«Yangi Bank» омонатчиларига 208 млрд сўм тўлаб беради

«Yangi Bank» омонатчиларига кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўловларини бериш бошланди. Бу ҳақда Омонатларни кафолатлаш агентлиги маълум қилди. Жами 31 507 нафар омонатчига 208 млрд сўм миқдорида тўлов амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу банк омонатчиларининг деярли барчасини қамраб олади.

Тўлов жараёни

Кафолатланган омонатлар бўйича тўловлар Бизнесни ривожлантириш банки орқали амалга оширилади. Банк томонидан тўловларни ташкил этиш учун барча тайёргарлик ишлари якунланган. Жисмоний шахслар компенсация маблағларини «BRB» мобил иловаси орқали онлайн ёки банк хизматлари марказларига мурожаат қилиб, нақд пул шаклида олишлари мумкин.

Якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар учун тўловлар банк хизматлари марказлари орқали амалга оширилади. Улар маблағни БРБда ҳисобварақ очиш ёки мавжуд бошқа банк ҳисобварақларига ўтказиш йўли билан қабул қилиши мумкин.

Омонатчилар

«Yangi Bank»ни тугатиш комиссияси тақдим этган омонатчилар реестрига мувофиқ, умумий компенсация суммасининг 98,7 фоизи жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, 31 327 нафар жисмоний шахсга жами 205 млрд сўм ҳисобланган. Юридик шахсларга 2,9 млрд сўм, 54 нафар якка тартибдаги тадбиркорга эса 261 млн сўм тўлаб берилиши кўзда тутилган.

Омонатларни кафолатлаш агентлиги тўловларни олиш жараёнида ҳеч қандай қўшимча хизмат ҳақи талаб этилмаслигини таъкидлади. Шунингдек, фуқаролар фирибгарлик ҳолатларидан эҳтиёт бўлиш, шахсий ва банк маълумотларини учинчи шахсларга ошкор қилмасликка чақирилди.

Маълумот ўрнида, «Yangi bank»нинг жами молиявий зарари 171 млрд сўмдан ошгани маълум қилинганди. Ушбу зарарнинг асосий қисми 2025 йил ҳисобига тўғри келади.

Теглар

Мавзуга оид