
Япония Марказий Осиё давлатлари билан «C5+1» саммити ўтказишни режалаштирмоқда
19–20 декабр кунлари Токиода минтақанинг беш давлати иштирокида саммит ўтказиш режалаштирилмоқда. Учрашув орқали Япония Марказий Осиё билан дипломатик фаолликни кучайтирмоқчи.

Япония 19–20 декабр кунлари «C5+1» форматидаги саммитни ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Nippon нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, саммит доирасида бош вазир Санаэ Такаитининг Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлари ҳам кўриб чиқилмоқда. ЛДП вице-президенти Таро Асо партиянинг минтақа билан ҳамкорлик масалаларига бағишланган йиғилишида мазкур режаларни маълум қилган.
Унинг таъкидлашича, сўнгги ярим йил ичида Россия, Хитой, АҚШ ва бошқа давлатлар Марказий Осиё мамлакатлари билан саммитлар ўтказгани дипломатик рақобатни янада кучайтирган. Шу боис, Япония учун ҳам бундай форматдаги учрашувни муваффақиятли ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади.
Маълумот учун, Япониянинг собиқ бош вазири Фумио Кишида шу йил август ойида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Мўғулистонга амалга ошириши керак бўлган сафарини мамлакатда кутилган кучли зилзила хавфи туфайли сўнгги дақиқаларда бекор қилган эди.





