Евроосиё тараққиёт банки Тожикистондаги автомобил йўли қурилишини молиялаштиради

Бугун 16:392 дақиқа

Банк ажратаётган маблағлар ҳисобига 10 километр йўл ва учта кўприк қурилади.

Евроосиё тараққиёт банки Тожикистондаги автомобил йўли қурилишини молиялаштиради © drive2.ru

Евроосиё тараққиёт банки ва Тожикистон Молия вазирлиги бугун, 20-май куни Душанбе шаҳрида Лабиджар – Қалайхумб автомобил йўлининг биринчи участкаси қурилишини молиялаштириш бўйича келишувни имзолади. Ҳужжатга ЕОТБнинг Тожикистон бўйича директори Владимир Якунин ва мамлакат молия вазири Файзиддин Каххорзода имзо чекди. Бу ҳақда банк матбуот маркази хабар қилди.

Лойиҳа мамлакат транспорт инфратузилмасини ривожлантириш учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, республикага бўйсунувчи туманлар ҳамда Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ўртасидаги транспорт алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган.

IMZO

Манба: YeOTB matbuot xizmati

Маблағ ва мақсад

Келишувга мувофиқ, ЕОТБ Тожикистонга умумий қиймати 18,5 миллион доллар бўлган имтиёзли молиялаштириш тақдим этади. Шундан 17 миллион доллар кредит маблағлари, яна 1,5 миллион доллар эса мақсадли грант сифатида ажратилади.

Маблағлар 10 километрлик йўл участкасини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, учта кўприк барпо этишга йўналтирилади. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида юк ташиш хавфсизлиги ошиши, тоғли ҳудудларнинг транспорт жиҳатидан қулайлиги яхшиланиши ҳамда республика ҳудудларида савдо, тадбиркорлик ва инвестицияларни жалб қилиш учун қўшимча шароитлар яратилиши кутилмоқда.

Владимир Якуниннинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа Тожикистон транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича кенг қамровли ишлар таркибига киради ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш ҳамда аҳоли мобиллигини оширишга хизмат қилади. Унинг сўзларига кўра, иштирокчи давлатларнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётига кўмаклашувчи инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ЕОТБнинг асосий устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

ЕОТБ ҳақида

Евроосиё тараққиёт банки – Евроосиё ҳудудида фаолият юритувчи кўп томонлама тараққиёт банки. Банк 20 йилдан буён иқтисодий алоқалар ва иштирокчи мамлакатлар интеграциясини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш билан шуғулланади.

ЕОТБ маълумотларига кўра, 2025-йил декабр ойи охири ҳолатига банкнинг жамғарилган портфели умумий қиймати 19,6 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 326 та лойиҳани ўз ичига олган. Портфелнинг асосий қисмини транспорт инфратузилмаси, рақамли тизимлар, яшил энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат ва машинасозлик соҳаларидаги лойиҳалар ташкил этади. Банк ўз фаолиятида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва ESG (Environmental, Social, and Governance) тамойилларига таянади.

Теглар

Мавзуга оид