Logo

Ёзда арзонлашмайдиган «тонировка», 390 млрд сўм соф фойда кўрган «Payme» ва болаларнинг оммавий заҳарланиши бўйича суд ҳукми — 14 июл дайжести

Кеча 23:323 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ёзда арзонлашмайдиган «тонировка», 390 млрд сўм соф фойда кўрган «Payme» ва болаларнинг оммавий заҳарланиши бўйича суд ҳукми — 14 июл дайжести

Боғча болаларининг оммавий заҳарланиши бўйича 11 кишига ҳукм чиқарилди

Тошкент вилоятида 2025 йилда мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши юзасидан кўрилган жиноят иши бўйича 11 нафар айбланувчига ҳукм ўқилди. Суд уларни санитария қоидаларини бузишда айбли деб топди.

Ҳукмга кўра, «Shark Milk Product» масъулларига 3 йилдан 3,5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, бошқа айбдорларга эса 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳолатда 109 нафар бола заҳарланиш аломатлари билан шифохонага мурожаат қилган, текширувлар давомида боғчалар кефирни «Shark Milk Product»дан тўғридан-тўғри шартномалар орқали харид қилгани аниқланган.

Сурхондарёда ўта иссиқ кунларда оғир юк автомобиллари ҳаракати чекланади

Сурхондарё вилоятида аномал иссиқ об-ҳаво туфайли оғир юк автомобиллари ҳаракатига вақтинчалик чеклов жорий этилди. Унга кўра, Термиз шаҳри, туман марказлари ҳамда уларни боғловчи умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида оғир юк машиналари ҳар куни соат 10:00 дан 19:00 гача ҳаракатлана олмайди.

Ҳокимлик маълумотига кўра, кундузи ҳаво ҳарорати +42...+44 даражагача, асфалт қопламаси эса +70...+80 даражагача қизиши мумкин. Чеклов йўл қопламасини деформациядан сақлаш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўлларнинг хизмат муддатини узайтириш мақсадида жорий этилган.

Payme 2025 йилда 390 млрд сўм соф фойда олди

Payme 2025 йилда соф фойдасини 42,2 фоизга ошириб, 390 млрд сўмга етказди. Компаниянинг соф тушуми ҳам 56,4 фоизга ўсиб, 769,7 млрд сўмни ташкил қилди. Ялпи фойда эса 578,3 млрд сўмга етди.

Компаниянинг молиявий ўсиши 2026 йилнинг I чорагида ҳам давом этди. Уч ойда даромад 230 млрд сўмга, соф фойда эса 104 млрд сўмга етди. Payme TBC Uzbekistan экотизими таркибига киради ва 2023 йилдан буён тўлиқ TBC Group'га тегишли.

«Ёз мавсумида «тонировка» арзонлаштирилмайди» — ИИВ

Ички ишлар вазирлиги ёз мавсуми учун «тонировка» нархини арзонлаштириш бўйича ҳозирча ҳеч қандай қарор қабул қилинмаганини маълум қилди. Вазирликка кўра, амалдаги тартиб сақланиб қолади.

ИИВ маълумотига кўра, 2018 йилдан буён олд ва олд ён ойналарини қорайтириш рухсатномаси нархи тўрт марта қайта кўриб чиқилиб, 11,25 баравар арзонлаштирилган. Шунингдек, орқа ён ойналари ва орқа ойнани қорайтириш бепул қилинган. Вазирлик бу масала бўйича қўшимча таклифлар ҳам ўрганилаётганини билдирди.

«Равшан Золотой» нега Interpol қидирувидан олиб ташлангани очиқланди

ИИВ маълум қилишича, «Равшан Золотой» номи билан танилган Равшан Муҳиддиновга нисбатан 2021 йилда қўзғатилган жиноят иши бўйича жавобгарликка тортиш муддати тугагани сабаб унга оид иш қисми тугатилган. Шундан кейин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар келиб тушган бошқа мурожаатлар асосида қўшимча тергов ҳаракатларини ўтказган, аммо янги айбловларни тасдиқловчи далиллар аниқланмаган. Шу боис унга нисбатан эълон қилинган халқаро қидирув ҳам бекор қилинган.

Равшан Муҳиддинов Жиноят кодексининг мулкни қасддан шикастлаш, жиноий уюшма ташкил этиш ва безориликка оид моддалари бўйича айбланган эди. Оммавий ахборот воситаларида у тадбиркор Ғофур Раҳимовнинг жияни сифатида тилга олинади. У аввал Туркия ва БААда ҳам Interpol орқали қўлга олинган, бироқ Ўзбекистон томони илгари сурган айбловлар исботланмагани сабаб озод қилинган эди.

Теглар

Мавзуга оид