“Юз фоиз тўлов қилинган, лекин уй топширилмади” — уйсиз яшнабодликлар

Бугун 16:413 дақиқа

Янги хонадон учун тўлов қилган бир гуруҳ яшнабодликлар уйлари битмаётганидан норози. Қурувчи ва фуқаролар ўртасида инвестициявий шартномалар тузилган. Унга кўра, тураржой мажмуаси 2023 йил 1 декабрга қадар фойдаланишга топширилиши белгиланган. Лекин шу кунга қадар хонадонлар қуриб битказилмаган. Vaqt.uz мухбири ҳолатни бориб ўрганди.



Пойтахтнинг Яшнобод тумани Авиасозлар кўчасида қурилаётган турар жой мажмуасидан улуш киритиш асосида хонадон сотиб олган юзлаб харидор уйлари битмаётганидан норози.

Маълум бўлишича, қурилишни амалга ошираётган “RM Minora” МЧЖ ва фуқаролар ўртасида инвестициявий шартномалар тузилган. Унга кўра, тураржой мажмуаси 2023 йил 1 декабрга қадар фойдаланишга топширилиши бегиланган. Лекин шу кунга қадар хонадонлар фойдаланишга топширилмаган.

Фуқаролар тузилган шартномага мувофиқ улуш киритиш асосида мажмуанинг қурилиши учун тўловларни амалга ошириб келишган. Кимдир шартнома бўйича белгиланган сумманининг асосий қисмини тўлаган бўлса, яна кимдир тўловни тўлиқ амалга ошириб бўлган.

2 хонали хонадон харид қилган Алексей Зокировга кўра, шартнома тузган пайтда уйнинг монолит ишлари амалга оширилаётган бўлган.

“2023 йил 15 январда хонадон учун тўлиқ суммани — 379 миллион сўмдан ортиқ пул тўладим. Ва хонадонимни ўша йили 1-декабрда олишим керак эди. Бугунги кунга қадар, кўриб турганингиздек, қуриб битказилмаган. Биз сотиб олаётганимизда жараён кетаётганди, монолит ишлари аллақачон қилинган эди. Бугунги кунгача давом этяпти, ҳа, ташқи қисмини бироз ёпишди, лекин бу жуда узоққа чўзиляпти. Биз пул тўлаганимизда, қурилиш давом этади ва бир йил ичида ҳаммаси қуриб битказилади, дейишганди. Аслида эса деярли бутун йил тўхтаб турди, ҳеч нарса қилинмади. Бугунги кунгача аниқ жавоб ололмаяпмиз: қачон тайёр бўлади, қачон кўчиб кирамиз, қачон кадастр оламиз... Жавоблар йўқ.

Бизга бирорта ҳам расмий қоғоз, қурилиш кечикаётгани, нима учун кечикаётгани ҳақида бирорта ҳам хат беришмади. Ҳеч қандай аниқ жавобларни ололмаяпмиз. Қандайдир тушунарсиз форс-мажор ҳолатларга ишора қилишади: об-ҳаво, ҳар хил баҳоналар.

Биз прокуратурага ариза ёздик, кейин Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига. Лекин жавоблар — судга мурожаат қилинг, деган мазмунда. Бошқа жавоблар йўқ”, дейди Алексей Зокиров.

Яна бир фуқаро кўпчилик тўлиқ тўловни амалга оширгани, йиғилган пулга аллақачон уй битган бўлиши кераклигини таъкидлайди.

Феруза Хўжаева 2023-йил апрелда 60 метр квадратли 2 хонали хонадон учун ҳозиргача 40 минг доллар 100 фоиз тўлов қилган. Унга қурувчи томонидан йил охиригача уйни битириб берилиши ваъда қилинган. Лекин 2026 йилга келиб ҳам фойдаланишга топширмаганидан норози. Ҳозир ижара нархлари қимматлиги сабабли ҳали битмаган уйга кўчиб ўтишга мажбур бўлган. Унинг қўшимча қилишича, қурувчи томонидан бир неча йилдан бери қуруқ ваъдалар бериб келинади.

Битмаган уйга кўчиб ўтган Фазилат Жуманиёзовага кўра, оилавий харажатлар кўплиги туфайли ёмон шароитда яшашга мажбур бўлмоқда. Яна бир фуқарога кўра, икки ўртада шартнома бор. Юридик ҳужжатда тарафларнинг мажбуриятлари бўлиб, унинг мажбурияти — қурувчига пул бериш, қурувчининг мажбурияти — қурилишни тугатиш. Ушбу фуқаро ўз мажбуриятини бажаргани, нега қурувчи бажармаётганига эътирозини билдирди.

Аниқланишича, қурувчи фирма Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан хонадонлар фуқароларга топширилиши кераклиги бўйича  огоҳлантирилган. Бунга жавобан МЧЖ, ҳозир қурилиш ишлари амалга оширилаётгани ва тез фурсатларда қурилиш ишлари якунланиб, хонадонлар фуқароларга топширилишини билдирган.

Қурилиш фирма вакили биз билан суҳбатда молиявий томонлар ўрганиб чиқилаётгани, қурилиш ишлари тўхтаб қолмагани ва давом этаётганини маълум қилди. Саволларимизга тегишли ходим томонидан тез орада жавоб берилишини қўшимча қилди.

Vaqt.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

 

Бахтиёр Тўхтаев, журналист

Оператор ва монтажчи: Мирвоҳид Мирраҳимов

 

 

Теглар

Бахтиёр Тўхтаев

Бахтиёр ТўхтаевМақолалар сони: 12

Барчаси

Мавзуга оид