add

Зеленский Хитойни Россияга сунъий йўлдош маълумотлари беришда айблади

Украина президенти Хитой компаниялари Россияга энергетика объектларига зарба беришда ёрдам бераётганини айтди.

Зеленский Хитойни Россияга сунъий йўлдош маълумотлари беришда айблади

Володимир Зеленский Россия Украина энергетика инфратузилмасига зарба беришда Хитойга алоқадор компаниялардан олинган спутник маълумотларидан фойдаланаётган бўлиши мумкинлигини маълум қилди. У бу ҳақда Украина Ташқи разведка хизмати раҳбари Олег Ивашенко тақдим этган ҳисоботга таяниб, Telegram каналида ёзди.

Зеленскийнинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда Россия ва Хитойдаги айрим тузилмалар ўртасида алоқалар фаоллашган. Унга кўра, Украина ҳудудининг Хитой спутниклари орқали суратга олиниши ва Россия армиясининг шу ҳудудлардаги энергетика объектларига берган зарбалари ўртасида маълум даражада мослик кузатилган. Президент бу ҳолат Киевнинг урушни тўхтатишга қаратилган дипломатик саъй-ҳаракатларига жиддий путур етказишини қайд этди.

Украина раҳбари мазкур масалани халқаро иттифоқчилар билан муҳокама қилиш ниятида эканини билдирди. Шу билан бирга, у Хитой ҳукумати эҳтимолий маълумот узатишдан хабардор ёки йўқлигини аниқ айтмади. Пекин расмийлари эса аввал ҳам Москвага ҳарбий ёрдам кўрсатаётгани ҳақидаги даъволарни қатъий рад этиб келган.

Аввалроқ, 2023 йил баҳорида АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Дениел Критенбринк Хитойнинг Spacety Co компанияси Украинада жанг қилган «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига спутник суратларини узатганини айтган эди.

Сўнгги ойларда Россия Украина энергетика инфратузилмасига ракета ва дронлар орқали ҳужумларни кучайтирди. Бунинг оқибатида қиш мавсуми бошланган бир пайтда миллионлаб украиналиклар мунтазам равишда электр таъминотисиз қолмоқда. Фақат декабрь ойининг ўзида Россия қўшинлари энергетика объектларига уч марта оммавий зарбалар берган.

Сўнгги шундай ҳужум 23 декабрь куни тунга тўғри келган. Украина расмийларига кўра, ғарб ва марказий ҳудудларда, шунингдек, Харков шаҳрида электр, иситиш ва жамоат транспорти ишида жиддий узилишлар кузатилган.

Теглар

Мавзуга оид