13 мингга яқин абитуриент тест синовларидан озод қилинди
Бу йил жами 677 минг 907 нафар абитуриент ўқишга ариза топширган.
© gov.uzЖорий йилда барча фанлардан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган 12 минг 997 абитуриент тест синовларидан озод қилиниб, бевосита танлов босқичига ўтказилди. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги хабар берди.
Ушбу тоифадаги абитуриентларга «Абитуриент рухсатномаси» шакллантирилмаган. Таққослаш учун 2025-йилда бундай имкониятдан 678 абитуриент фойдаланганди.
Маълумот учун, бу йил жами 677 минг 907 абитуриент онлайн рўйхатдан ўтган. Шундан 451 минг 744 нафари бу йилги битирувчилар, 226 минг 163 нафари таълим муассасаларини аввалги йилларда тамомлаганлардан иборат. Абитуриентларнинг 365 минг 196 нафарини, яъни 54 фоизини аёллар, 312 минг 711 нафарини ёки 46 фоизини эркаклар ташкил этади.
Алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига 36 минг 500 нафар, олий ҳарбий таълим муассасаларига 10 минг 581 нафар абитуриент ҳужжат топширган.
Рўйхатдан ўтишда абитуриентлар томонидан юкланган халқаро сертификатлар текширилиб, уларнинг 24 минг 526 таси тасдиқланган.
Қайд этилишича, жорий йилда тест синовларини сифатли ташкил этиш ва ўтказиш учун 64 та ёпиқ турдаги катта сиғимли бино тест синовларига тайёрланган. Уларда бир кунда 70 минг 980 абитуриент тест синовида иштирок этади.





