Аукционга қўйилган вазирлик биноси, кўчмас мулк бозоридаги янги рекордлар ва инфляцияни жиловловчи янги марказ — 13 феврал дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Бандлик вазирлиги биноси 180 млрд сўмга аукционга қўйилди
Янги Тошкент шаҳрига кўчиш жараёни доирасида Миробод туманида жойлашган Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги биноси 180 млрд сўм бошланғич нарх билан аукционга чиқарилди. Умумий майдони 12 647 кв метр бўлган ушбу объект бўйича савдолар 23 февраль куни бўлиб ўтиши белгиланган. Вазирлик бинони 3 йил ичида тўлиқ бўшатиб бериш мажбуриятини олган, бироқ Янги Тошкентдаги маъмурий бино вақтлироқ битса, объект харидорга муддатидан олдин топширилади.
Аукцион шартларига кўра, харидорларга тўловни бўлиб-бўлиб амалга ошириш имконияти берилади, бунда дастлабки тўлов 35 фоиздан кам бўлса, қолган суммага йиллик 14 фоиз устама ҳисобланади. Агар харидор бир ой ичида тўловни тўлиқ амалга оширса, унга 14 фоиз миқдорида чегирма тақдим этилади. Янги эгаси ушбу мажмуада шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқ офис ва хизмат кўрсатиш фаолиятини ташкил этиши шарт.
Президент ташаббуси билан Рамазон ойида арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркалари йўлга қўйилади
Ўзбекистонда Рамазон ойи муносабати билан деҳқон бозорлари ва йирик савдо мажмуаларида арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилади. Бу ҳақда 13 феврал куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ўтказилган тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
«Кейинги ҳафтадан муборак Рамазон ойи бошланади. Саховат, меҳр-оқибат ва шукроналик рамзи бўлган ушбу муқаддас кунларда ички бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим», – деди Мирзиёев ҳамда деҳқон бозорлари ва йирик савдо комплексларида арзонлашган озиқ-овқат ярмаркаларини бошлаш бўйича топшириқ берди.
Шу билан бирга, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тармоқ бозорлари ва меҳнат унумдорлиги маркази инфляцияга таъсир этувчи ички ва ташқи хатарларни олдиндан аниқлаш ҳамда уларга амалий ечимлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Вазирликнинг ҳудудий бошқармаларида марказнинг 2 нафардан вакили бўлади. Марказ ҳар ҳафтада туман ва шаҳардаги бозорларни таҳлил қилиб, қайси маҳсулотга ҳозир қанча эҳтиёж борлиги, бир ой, уч ой, бир йилдан кейин талаб қандай ўзгаришини прогноз қилади.
Энг катта ўсиш Сурхондарёда: Ўзбекистон ҳудудларида уйлар нархи қандай ўсяпти?
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, 2026 йил январь ойида Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида фаоллик ошиб, уй-жой олди-сотди шартномалари сони ўтган йилга нисбатан 12 фоизга кўпайган. Иккиламчи бозорда республика бўйича ўртача нархлар йил давомида 8 фоизга кўтарилган бўлса, энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида (қарийб 24 фоиз) қайд этилди. Шунингдек, Хоразм ва Қорақалпоғистонда ҳам нархлар сезиларли даражада — 16 фоизга ошган.
Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойнинг 1 кв метри ўртача 1120 долларни ташкил этиб, Яккасарой ва Миробод туманларида нархлар энг тез суръатда ўсган. Пойтахтнинг бирламчи бозорида (янги қурилган уйлар) эса нарх ўсиши янада юқори бўлиб, ўтган йилга нисбатан 9 фоиздан ошди. Айниқса, Миробод (18,4 фоиз) ва Мирзо Улуғбек (17,3 фоиз) туманлари янги уйлар нархининг кўтарилиши бўйича етакчилик қилмоқда.
Ёш тадбиркорлар учун 1 млрд сўмгача инвестиция ажратилади
2026 йилдан Ўзбекистонда ёшларнинг стартап ва бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ёш тадбиркорлар» чемпионати ўтказила бошланади. Президент қарорига мувофиқ, танлов доирасида саралаб олинган 100 тагача энг яхши лойиҳанинг ҳар бирига 1 млрд сўмгача инвестиция ажратилади. Маблағлар махсус жамғармалар ҳисобидан йўналтирилиб, лойиҳаларни брендга айлантириш ва маркетинг хизматлари учун БҲМнинг 100 бараваригача харажатлар давлат томонидан қоплаб берилади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб «Рақамли стартаплар» дастури иштирокчиларига экспорт талабисиз IT-парк резиденти мақоми ва имтиёзлари берилади. Ғолиблар «Фаол тадбиркор» ва «Ўзбекистон белгиси» каби давлат мукофотларига тавсия этилиши, шунингдек, ҳар йили анъанавий «Стартап экспо» кўргазмаси ташкил этилиши белгиланган.
«Асакабанк» раҳбари Олмазор туманига ҳоким бўлди
Қудратилла Асатуллаевич Тўлаганов Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги расмий маълум қилди.
Қудратилла Тўлаганов 1982 йил 6 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган. У 2008 йилда Тошкент молия институтини, 2016 йилда эса Банк-молия академиясини тамомлаган. Молия ва банк тизимидаги кўп йиллик фаолияти давомида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
Янги тайинловга қадар у 2023 йилдан буён «Асакабанк» бошқарув раиси сифатида фаолият юритиб келаётган эди. Маълумот учун: ҳозирда Тошкентнинг Шайхонтоҳур, Сергели ва Учтепа туманларини ҳам банк соҳасида фаолият юритган кадрлар бошқариб келмоқда.





