Logo

Даромад ва харажат декларацияси нега оддий фуқародан бошланди?

Bugun 19:102 daqiqa

Навоий ва Чирчиқда аҳолининг даромад ва харажатларини декларациялаш бўйича тажриба-синов бошланмоқда. Давлат буни яширин иқтисодиётга қарши кураш воситаси деб изоҳлайди. Бироқ маълумотлар дахлсизлиги, норасмий даромад ва жамғармаларнинг ҳисобга олиниши, шунингдек, амалдорлар декларацияси йиллар давомида кечикаётгани саволлар туғдирмоқда. Vaqt.uz’нинг «Томонлар» лойиҳасида Солиқ қўмитаси вакили Санжар Хайритдинов ва иқтисодчи  Барногул Саноқулова билан шу мавзуни муҳокама қилдик.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 19-октябрдаги 574-сонли қарори билан Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида, шунингдек, солиқ органлари ходимлари учун жами йиллик даромад декларациясини топшириш тажриба-синов тариқасида жорий этилди. Декларацияда фуқароларнинг даромадлари ҳамда кўчмас мулк, транспорт, қимматбаҳо буюмлар ва кредитларга қилинган харажатлари акс этади. Тажриба натижалари ва уни бутун мамлакатда жорий этиш бўйича таклифлар 2028-йил 1-майгача Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Харажатлар вазирлик ва идоралар маълумотлари, «Soliq» иловасидаги чеклар ва электрон ҳисобварақ-фактуралар асосида шакллантирилади. Аммо кундалик истеъмол, нақд пулдаги ҳисоб-китоблар, тўй-маросимлар ва оиланинг бошқа аъзолари ҳисобидан қилинган харидлар тизимдан ташқарида қолиши мумкин. Шу сабабли фуқаронинг харажатлари расмий даромадидан кўп чиқса, бу ҳолат қандай баҳоланиши ҳали очиқ савол. Йиллар давомида йиғилган нақд пул, совға ёки мерос ҳисобидан қилинган харидларни ҳужжат билан тасдиқлаш эса кўпчилик учун қийин.

Қарорда декларация асосида қўшимча солиқ ҳисобланмаслиги ва ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланмаслиги белгиланган. Бу аҳолини хотиржам қилиши мумкин. Лекин унда фуқарони декларацияни ихтиёрий ва тўғри топширишга нима ундайди, деган савол туғилади.

Интервьюда маълумотларнинг махфийлиги ҳам муҳокама қилинди: базага кимлар кира олади, маълумот сизиб чиқса ким жавоб беради. Яна бир муҳим жиҳат: кафолатлар қонунда эмас, вақтинчалик регламентда ёзилган, шу сабабли улар келажакда ўзгартирилиши мумкин.

Тизимнинг иқтисодий самараси ҳам эътибор талаб қилади. Бозор сотувчилари, усталар ва таксичилар каби норасмий бандлар расмий иқтисодиётга ўтиши ҳам, аксинча, нақд пулга янада кўпроқ ўтиб кетиши ҳам мумкин. Натижа кўп жиҳатдан фуқаро декларациядан қандай манфаат кўришига боғлиқ.

Суҳбатнинг асосий мавзуларидан бири давлат хизматчиларининг даромадларини декларациялаш бўлди. Бу масала 2017-йилдан бери кун тартибида турибди, бир неча бор муддатлар белгиланди, бироқ тегишли қонун ҳанузгача қабул қилинмаган. Оддий фуқаролар учун декларация тажрибаси эса бир йилга етмай қарор билан белгиланди.

Бу фарқ коррупцияга қарши кураш ва давлат бошқаруви шаффофлиги нуқтаи назаридан савол туғдиради. Фуқаролар декларацияси учун техник тизим яратилган экан, уни давлат хизматчиларига ҳам қўллашга нима тўсқинлик қилмоқда?

Vaqt.uz’нинг «Томонлар» лойиҳасида шу ва бошқа саволларга жавоб изладик.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 241

Barchasi

Mavzuga oid