Давлат байроғидан фойдаланиш ва уни намойиш этиш тартиби аниқлаштирилди

19.02.2026 | 20:252 daqiqa

Байроқни вертикал осиш, расмий тадбирларда жойлаштириш ва дафн маросимида қўллаш қоидалари батафсил белгиланмоқда.

Давлат байроғидан фойдаланиш ва уни намойиш этиш тартиби аниқлаштирилди

Ўзбекистонда давлат байроғидан фойдаланиш ва уни намойиш этиш тартиби янада аниқлаштирилади. Адлия вазирлиги «Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

rasm

Лойиҳага мувофиқ, байроқни дастасиз вертикал ҳолатда девор ёки бошқа конструкцияга осиш тартиби алоҳида модда билан белгилаб қўйилади. Унда ой ва 12 та юлдуз тасвири юқори ўнг бурчакда жойлашиши шартлиги қайд этилган. Шунингдек, байроқнинг пастки қисми ер сатҳидан камида 30 сантиметр баланд бўлиши керак.

Ҳужжатда байроқни тескари ёки нотекис ҳолатда намойиш этиш, унинг устига буюм қўйиш ҳамда ҳурматсизликни англатувчи ҳар қандай ҳаракатлар қатъиян тақиқланиши белгиланмоқда. Бу нормалар давлат рамзларига нисбатан ягона стандартни таъминлашга қаратилган.

Мажлислар заллари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва дипломатик ваколатхоналарда байроқни жойлаштириш талаблари ҳам қайта кўриб чиқилмоқда. Бошқа байроқлар билан бирга намойиш этилганда, Ўзбекистон давлат байроғи марказда ёки ўнг томонда устувор тарзда жойлаштирилиши шарт бўлади.

Оммавий тадбирларда эса байроқ олд ўнг қанотда ёки марказда туриши, уни бошқа байроқлардан кейин олиб юришга йўл қўйилмаслиги кўзда тутилган.

Лойиҳа билан давлат байроғини тобут устига ёпиш тартиби ҳам алоҳида моддада мустаҳкамланади. Унда бу ҳуқуқ кимларга берилиши ва маросимда жойлашув қоидалари аниқ кўрсатилади. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши режалаштирилган.

Ҳужжатда ҳукумат қарорларини янги нормаларга мувофиқлаштириш, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ҳамда аҳолига тушунтириш ишларини ташкил этиш вазифаси белгиланган.

Teglar

Mavzuga oid