Logo

Давлат корхоналарининг 80 фоиздан ортиғини хусусийлаштириш мумкин — ХВЖ

Bugun 19:554 daqiqa

Халқаро валюта жамғармасида Ўзбекистонда давлат корхоналарининг иқтисодиётдаги ўрнини таҳлил қилди. Жамғармага кўра, давлат иштирокидаги корхоналарнинг 80 фоиздан ортиғини хусусийлаштириш мумкин. Активлар бўйича давлат банклари улуши халқаро меъёрлардан қарийб уч баравар юқори бўлиб турибди.

Давлат корхоналарининг 80 фоиздан ортиғини хусусийлаштириш мумкин — ХВЖ © Foto: Bloomberg.com

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) «Ўзбекистонда давлат корхоналари: муаммолар ва ривожланиш имкониятлари» мавзусида ҳисоботини эълон қилди. Унда давлат сектори ва унинг мамлакат иқтисодиётидаги роли бўйича ташкилотнинг бир қанча тавсиялари келтириб ўтилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистонда давлат корхоналари иқтисодиётда ҳануз жуда катта улушга эга. 2024-йил якунига кўра, уларнинг активлари мамлакат иқтисодиётининг (ялпи ички маҳсулот) 101 фоизига тенг бўлган.

Шундан 52 фоизи давлат иштирокидаги молиявий корхоналарга, 49 фоизи эса молиявий бўлмаган корхоналарга тўғри келган. ХВЖ бундай катта давлат иштироки ресурслар самарали тақсимланишига тўсқинлик қилиши ва бюджет учун қўшимча хатарлар келтириб чиқариши мумкинлигини айтмоқда.

Ҳисоботга кўра, давлат корхоналари иқтисодиётда нафақат активлари, балки бандликдаги улуши билан ҳам муҳим ўрин тутади. 2024-йил якунига келиб, уларда 566 минг нафардан ортиқ киши ишлаган. Бу мамлакатдаги умумий бандликнинг 4 фоизи, расмий бандликнинг 8 фоизи ҳамда марказий давлат секторидаги иш ўринларининг қарийб бешдан бир қисмига тенг.

1

Давлатнинг молия секторидаги иштироки ҳам халқаро кўрсаткичлардан сезиларли даражада юқори. ХВЖ маълумотларига кўра, Ўзбекистонда банк активларининг 63 фоизи давлат банклари ҳиссасига тўғри келади.

Таққослаш учун, ўрта даромадли мамлакатларда бу кўрсаткич ўртача 23 фоизни ташкил этади. Жамғарма бундай юқори давлат улуши молия тизими барқарорлигига хатар туғдириши ва келажакда давлат бюджети зиммасига қўшимча мажбуриятлар юклаши мумкинлигини қайд этади.

Жамғарма яна бир муҳим хулосани илгари суради: давлат корхоналарининг катта қисми рақобат кучли бўлган соҳаларда фаолият юритмоқда. Ҳисоботда айтилишича, корхоналарнинг 84 фоизи рақобатли бозорларда ишлайди, 80 фоиздан ортиғини эса хусусийлаштириш ёки тугатиш мумкин.

2

ХВЖ фикрича, айнан шу йўл давлат улушини қисқартириш, хусусий сектор учун тенг шароит яратиш ва иқтисодиёт самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

Давлат корхоналарида молиявий ҳолат қандай?

Шу билан бирга, ҳисобот давлат корхоналарининг молиявий самарадорлиги ҳам кутилган даражада эмаслигини кўрсатади. Давлат активларини бошқариш агентлиги базасига киритилган 2 148 та давлат корхонасидан атиги 982 таси, яъни 46 фоизи 2024-йилни фойда билан якунлаган. Қолганлари зарар кўрган, фаолият юритмаётган, тугатилиш жараёнида бўлган ёки молиявий натижаларини тақдим этмаган.

Жамғарма таҳлилига кўра, давлат корхоналари орасида энг катта фойда кончилик тармоғига тўғри келади. Ушбу соҳа молиявий бўлмаган давлат корхоналари фойдасининг 69 фоизини ҳамда давлат бюджетига тўланган дивидендларнинг 87 фоизини таъминлаган. Аксинча, электр энергетикаси, коммунал хизматлар ва сув хўжалиги энг кўп зарар кўраётган йўналишлар сифатида қайд этилган.

Нега давлат корхоналари ислоҳоти суст кетмоқда?

Ҳисоботда таъкидланишича, сўнгги йилларда давлат корхоналарини ислоҳ қилиш борасида муайян қадамлар ташланган. Жумладан, корпоратив бошқарув тизими такомиллаштирилган, молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари (МҲХС) жорий этилган, UzNIF миллий инвестиция жамғармаси ташкил этилган ҳамда бир қатор давлат активлари хусусийлаштирилган. 2020-йилда қабул қилинган ислоҳотлар стратегиясидан буён давлат корхоналари сони қарийб 3 мингдан 2 мингтагача қисқарган.

Бироқ ХВЖ бу натижаларни етарли деб ҳисобламайди. Ташкилотга кўра, стратегияда давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини кескин камайтириш мақсад қилинган бўлса-да, йирик корхоналарнинг аксарияти ҳануз давлат назоратида қолмоқда.

Бунга темир йўл, авиация ва энергетика соҳаларидаги қайта қуриш жараёнларининг чўзилиши, айрим тариф ислоҳотларининг кечикиши ҳамда геосиёсий омиллар сабаб бўлгани қайд этилади.

Шунингдек, ислоҳотларнинг суст кечишига давлат корхоналарига берилаётган кенг кўламли имтиёзлар ҳам таъсир қилаётгани айтилган.

Давлат улуши мавжуд корхоналар субсидия, имтиёзли кредитлар, давлат кафолатлари ва бошқа молиявий қўллаб-қувватлаш воситаларидан фойдаланмоқда. Улар айрим ҳолларда ер ажратиш, давлат харидлари ва бошқа йўналишларда ҳам устунликларга эга.

ХВЖ бундай амалиёт хусусий бизнес учун тенг рақобат муҳитини заифлаштириб, янги инвесторларнинг бозорга киришини қийинлаштиришини таъкидлади.

Нима тавсиялар берилмоқда?

ХВЖ фикрича, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнининг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Шу боис ташкилот рақобат мавжуд бўлган тармоқларда фаолият юритаётган давлат корхоналарини, агар улар фойдали бўлса, халқаро амалиёт асосида хусусийлаштиришни, зарар кўраётганларини эса тугатишни тавсия қилмоқда.

Ҳисоботда бу давлат бюджетига тушаётган юкни камайтириши, ресурсларнинг самаралироқ тақсимланишига хизмат қилиши ва хусусий сектор ривожланишини тезлаштириши таъкидланган.

Стратегик аҳамиятга эга бўлгани сабабли давлат тасарруфида қоладиган корхоналар учун эса корпоратив бошқарувни кучайтириш, кузатув кенгашлари мустақиллигини таъминлаш, давлат кўмагини босқичма-босқич қисқартириш ҳамда уларнинг фаолиятини бозор тамойиллари асосида ташкил этиш тавсия этилган.

Шунингдек, давлат корхоналарининг барчаси молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари (МҲХС) бўйича аудитдан ўтган молиявий ҳисоботларини ўз вақтида эълон қилиб бориши кераклиги қайд этилган.

Teglar

Mavzuga oid

Давлат корхоналарининг 80 фоиздан ортиғини хусусийлаштириш мумкин — ХВЖ | Vaqt.uz