Logo

Депутат мактабларни жиҳозлаш кечикаётганини танқид қилиб, вазирга савол қўйди

Bugun 17:372 daqiqa

Зуҳриддин Мавлонов давлат бюджети тўғрисидаги қонунга асосан доскалар харид қилиш учун 100 млрд сўм, компютер синфлари учун 250 млрд, жами 350 млрд сўм пул ажратилиши лозимлигини эслатиб, йилнинг ўтган даври давомида битта ҳам компютер синфи, янги синф ташкил этилмагани, бир дона ҳам янги электрон доска харид қилинмаганини танқид қилди. Вазир кечикиш сабабларини айтди.

Депутат мактабларни жиҳозлаш кечикаётганини танқид қилиб, вазирга савол қўйди © Oliy Majlis

Депутат Зуҳриддин Мавлонов парламентнинг 25-августдаги йиғилишида йил якунигача мактабларга етказилиши белгиланган минглаб компютер ва доскалардан ҳали бирортаси сотиб олинмаганини айтди.

У 2026-йил охиригача 1000 та янги компютер синфи ташкил этиш ҳамда 6300 та электрон доскалар харид қилиш бўйича топшириқ 2030-йилгача мўлжалланган стратегияда белгиланганини эслатиб, бу вазифага Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъул эканини урғулади. Муддат 2026-йил декабр қилиб белгиланган. Энг муҳими эса, давлат бюджети тўғрисидаги қонунга асосан аввалдан ҳар иккала жиҳозлар учун, доскалар харид қилиш учун 100 миллиард сўм, компютер синфлари учун 250 миллиард, жами 350 миллиард сўм пул маблағ ажратилиши лозим. Аммо, ҳисоботда қайд этилишича, йилнинг ўтган даври давомида битта ҳам компютер синфи, янги синф ташкил этилмаган, бир дона ҳам янги электрон доска харид қилинмаган.

«Фақат ҳисоботда тендер эълон қилингани ҳақида маълумот бор, холос. Шунда бизда савол пайдо бўляпти: бир ҳафтадан кейин янги ўқув йили бошланадиган мактабларимизда нега ҳалигача электрон доскалар ёки компютер синфлари ташкил этилмади? Маблағ аниқ, масъул аниқ, муддат бор. Лекин ҳозирга қадар бирортаси амалга оширилмаган. Кечикиш сабаблари нимада? Йил якунига тўрт ой қолди. Тўрт ой якунигача 1000 та компютер синфи ва 6000 дан зиёд электрон доскалар мактабларга етказиб бериладими?» — дея депутат вазирга савол қўйди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримованинг айтишича, дастлабки экспертиза хулосалари асосида ушбу маблағларга 1000 та эмас, балки 1350 та компютер синф тўпламмасини харид қилиш белгиланган. Ҳозирда дастлабки экспертиза хулосалари олинган ва тендер савдолари эълонга жойлаштирилган, давлат харидлари амалга оширилади.

Бундан ташқари, мактабларни электрон доскалар билан таъминлаш бўйича ҳам 100 миллиард сўм маблағ ажратилган. 12-июл куни электрон доскаларни сотиб олиш бўйича тендер савдоларига эълонга қўйилган, лекин ғолиб аниқланмагани сабабли 10-август куни қайта тендер эълон қилинган.

У ғолиблар эълон бўлгандан кейин барча харидлар амалга оширилишини айтган.

«Октябр ойи якунига қадар барча белгиланган компютер синф тўпламлари ҳам ва электрон доскалар ҳам мактабларимизга тўлиқ етказиб берилади ва ўша давлат дастурида белгиланган кўрсаткичларга чиқамиз, яъни бажарамиз», — деди вазир.

Teglar

Mavzuga oid