Энергетик инқироз: Вашингтон Россия нефтидан фойдаланишга мажбур бўлди
Ҳўрмуз бўғозидаги таранглик Вашингтонни бозор барқарорлигини таъминлаш мақсадида Россия нефтига қўйилган чекловларни қисман юмшатишга ундамоқда.

Дунё энергетика тизими кескин бурилиш палласига келиб қолди. Овал кабинетда Ҳўрмуз бўғози хариталари муҳокама қилинаётган бир пайтда, бозорлар кутиш ҳолатида қотган: Трамп маъмурияти Эрон билан тўғридан-тўғри тўқнашувга борадими ёки ноябрдаги сайловлар олдидан иқтисодий барқарорликни деб ўз геосиёсий мақсадларидан воз кечадими?
АҚШ разведкасининг хабарларига кўра, Эрон дунёнинг энг муҳим сув йўлини миналашни бошлагач, Форс кўрфазидаги вазият шунчаки маҳаллий зиддият даражасидан чиқиб кетди.
Бугун Оқ уй замонавий тарихда мисли кўрилмаган оғир танлов қаршисида турибди: ҳарбий флотни «мина қопқони» хавфига рўбаро қилиш ёки глобал иқтисодиётнинг занжир реакцияси сингари қулашига йўл қўйиб бериш.


«Ёпилиб қолган қудуқлар» эффекти
Бугунги кундаги муаммо фақатгина нефт тақчиллигида эмас, балки уни сотиш имкони бўлмаган ҳудудларда захираларнинг кўпайиб кетганидадир. Кувайт, Ироқ ва БААдаги омборлар деярли тўлиб бўлган.
«Bloomberg» агентлигининг маълум қилишича, танкерлар кўрфаздан чиқиб кета олмаётгани сабабли, бу давлатлар қазиб олиш ҳажмини кунига қарийб 6,7 миллион баррелга камайтиришга мажбур бўлган.
Нефт саноати учун бу вазият яқинлашиб келаётган ҳалокатли инқироз белгисидир. Қудуқларни вақтинча ёпиб қўйиш — уларнинг маҳсулдорлигига катта зарба берадиган ва аксарият ҳолларда ортга қайтариб бўлмайдиган жараён. Агар яқин икки-уч ҳафта ичида бўғоз орқали экспорт тикланмаса, дунё бозори узоқ муддатли тузилмавий тақчилликка юз тутади. Бу камомадни ҳатто ҳарбий ҳаракатлар якунланганидан кейин ҳам қоплашнинг иложи бўлмайди.
«Бу минтақанинг нефт ва газ саноати дуч келган энг катта инқироздир», — дея таъкидлади «Saudi Aramco» компанияси раҳбари Амин Носир.


Танкерларни ҳарбий кемалар ҳимоясида олиб ўтиш режаси
Пентагоннинг эътирозларига қарамай, Трамп маъмурияти 1980-йиллардаги тажрибани қайта тиклаш — танкерларни ҳарбий кемалар ҳамроҳлигида олиб ўтиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Режага кўра, АҚШ ҳарбий кемалари Эрон томонидан «кириш тақиқланган ҳудуд» (A2/AD) деб эълон қилинган бўғознинг энг тор қисми орқали юкларни кузатиб бориши кўзда тутилган.
Хавф даражаси ниҳоятда юқори. Ҳўрмуз бўғози йирик ҳарбий кемаларнинг эркин ҳаракатланиши учун ўта торлик қилади. Бу эса Америка кемаларини дронлар тўдаси, қирғоқдаги ракета мажмуалари ва сув ости миналари қаршисида ҳимоясиз нишонга айлантириб қўяди. Ҳарбий экспертларнинг огоҳлантиришича, бу ҳудуддаги кичик бир «учқун» ҳам кенг кўламли минтақавий урушга айланиб кетиши ва Форс кўрфазини номаълум муддатга бутунлай «ёпиб қўйиши» мумкин.
Оқ уй бошберк кўчадан чиқиш йўлларини излар экан, бундан бир ой олдин ақлга сиғмайдигандек туюлган қадамларни ташламоқда.
Россия нефтига қўйилган чекловларнинг юмшатилиши ҳақидаги хабар очиқ осмонда момақалдироқ гумбурлагандек акс-садо берди: АҚШ Ғазначилик котиби Скотт Бессент Ҳиндистон томонидан Россия нефтини сотиб олиш учун 30 кунлик истисноларга аллақачон рухсат берди.
Аслида, Вашингтон бозордаги «иқтисодий ёнғин»ни ўзи шу пайтгача йўлини тўсиб келган нефт барреллари ёрдамида ўчиришга уринмоқда. Бу ҳаддан ташқари сурбетлик билан йўғрилган прагматизмдир: Трампга ҳар қандай ҳолатда ҳам арзон нефт керак — бунинг учун ҳатто Москванинг бўйнидаги «санкциялар сиртмоғи»ни вақтинча бўшатишга тўғри келса ҳам.
Бундан ташқари, Оқ уй Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) орқали кемаларни қайта суғурталаш бўйича 20 миллиард долларлик давлат дастурини эълон қилди. Бундан кўзланган мақсад — ҳарбий хавфларни давлат зиммасига олиш орқали хусусий юк ташувчиларни низоли ҳудудга қайтаришдир. Бироқ «J.P. Morgan» таҳлилчилари бу чораларнинг етарли эканига шубҳа билан қарамоқда: кўрфазда қамалда қолган танкерлар ва юкларнинг умумий қиймати 350 миллиард доллардан ошади.


Нефт нархи ва сайлов: Трамп учун ҳал қилувчи палла
Трамп учун бу нафақат глобал хавфсизлик, балки сиёсий майдонда жон сақлаб қолиш масаласи ҳамдир. АҚШда бензин нархи бир ҳафта ичида 47 центга ошиб кетди. Агар «Brent» маркали нефтнинг бир баррели 120 доллардан юқори кўрсаткичда мустаҳкамланиб қолса, инфляцион шок унинг сайловолди кампанияси таянган иқтисодий ютуқларни йўққа чиқаради.
Трамп маъмурияти ўзининг «максимал босим» сиёсати тузоғига тушиб қолди. Эронни мағлуб этиш учун унинг инфратузилмасига зарба бериш керак, аммо бундай ҳар бир зарба Огайо ва Флоридада бензин нархининг ошишига олиб келади.
Дунё бу нозик мувозанатни диққат билан кузатмоқда. Иқтисодий таназзулнинг олдини олишга уринаётган Вашингтон воқелик билан ҳисоблашишга мажбур: у айрим рақибларига нисбатан санкцияларни юмшатаётган бир пайтда, бошқалари билан тўқнашувга ўз флотини шайламоқда. Бироқ Эрон миналари ва энергия ресурсларининг нархи каби «номаълумлари» кўп бўлган бу мураккаб тенгламада хато қилиш хавфи ниҳоятда юқори.
Агар танкерларни ҳарбий кемалар ҳимоясида олиб ўтиш режаси барбод бўлса ёки бирор йирик кема бой берилса, вазият «ортга қайтиш йўқ бўлган нуқта»га етади. Шундан сўнг жаҳон иқтисодиёти шундай тартибсизлик гирдобига ғарқ бўладики, уни на «X»даги шов-шувли баёнотлар ва на парда ортидаги дипломатик ўйинлар билан изга солишнинг иложи бўлмай қолади.





