Эрон Жаҳон Чемпионати ўйинларини тўхтатиш билан таҳдид қилди
Расмийлар терма жамоага қарши шиорлар ёки расмий бўлмаган байроқлар намойиши ҳолатида ўйинлар тўхтатилишини билдирди.

Эрон ҳукумати Жаҳон чемпионати ўйинларида мамлакат терма жамоасига қарши шиорлар янграса ёки расмий тасдиқланмаган байроқлар намойиш этилса, учрашувлар тўхтатилиши мумкинлигини маълум қилди.
Эрон спорт вазири Аҳмад Дунямалининг баёнотига кўра, мамлакат расмийлари бу масала юзасидан FIFAни огоҳлантирган. Унинг сўзларини Эрон оммавий ахборот воситалари келтирмоқда.
2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати 12 июн куни старт олади. Эрон G гуруҳидаги илк ўйинини 15 июн куни Лос-Анжелесда Янги Зеландияга қарши ўтказади. Кейинги баҳслар Белгия ва Миср терма жамоаларига қарши бўлиб ўтади.
FIFAга мурожаат қилинди
Аҳмад Дунямалининг таъкидлашича, Эрон томони FIFAга расмий бўлмаган байроқлар олиб кирилиши ёки миллий жамоага қарши чақириқлар янграши ҳолатида ўйин тўхтатилиши мумкинлиги ҳақида маълумот берган.
Унинг айтишича, Мисрга қарши учрашув вақтида стадионда тартибсизликлар юз бермаслиги бўйича кафолат олинган.
Апрел ойида Ванкуверда FIFA конгресси олдида намойишчилар йиғилиб, Эрон терма жамоасини мусобақадан четлатишни талаб қилган. Улар жамоа Эрон халқи эмас, балки Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси манфаатларини ифода этаётганини таъкидлаган.
Шу билан бирга, Эрон футбол федерацияси чемпионат бошланишига бир неча кун қолганда мухлислар учун ажратилган чипталар квотаси бекор қилинганини маълум қилди. Бу эса сафар режаларини тузиб бўлган кўплаб мухлисларнинг ўйинларга кириш имкониятини чеклаган.





