Эрон ракеталаридан қочиш: Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базалари кўчиришилиши мумкин
АҚШ Эрон ракеталари ва дронлари таҳдиди ортидан Яқин Шарқдаги ҳарбий инфратузилмасини қайта кўриб чиқмоқда.

АҚШ Яқин Шарқда янги ҳарбий можаролар келиб чиққан тақдирда, Эрон ҳужумлари олдидаги заифлигини камайтириш мақсадида Кувайт ва Саудия Арабистонидаги ҳарбий базаларининг бир қисмини бошқа ҳудудларга кўчиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Wall Street Journal» (WSJ) нашри музокаралардан хабардор бўлган америкалик мулозимларга таяниб хабар берди.
«Айни пайтда АҚШ ҳарбий раҳбарияти Баҳрайндаги базани модернизация қилиш, Кувайт ва Саудия Арабистонидаги ҳарбий иштирокини қисқартириш, шунингдек, айрим базалар ва уларнинг вазифаларини Эрон ракеталари ҳамда дронлари етиб бора олмайдиган ғарбий ҳудудларга кўчириш имкониятларини ўрганмоқда», — дейилади мақолада.
Хусусан, гап АҚШнинг Баҳрайндаги ҳарбий-денгиз базаси ҳақида бормоқда. WSJ нашрининг ёзишича, ушбу база Эронга қарши операциялар бошланганидан буён кўплаб зарбаларга учраган. Газета ҳужумлар жиддий вайронагарчиликларга олиб келганини, бироқ Пентагон бу ҳақда оммага хабар бермаганини таъкидламоқда.
Манбалардан бирининг сўзларига кўра, АҚШ шикастланган объектларнинг айримларини тиклашдан воз кечиши мумкин. Бунинг ўрнига баъзи қўмондонлик марказларини ер остига кўчириш ва ҳарбий инфратузилмани минтақа бўйлаб тенгроқ тақсимлаш кўзда тутилмоқда. Бироқ бу борада ҳали якуний қарор қабул қилинмаган.
Қайд этилишича, Америка қўшинларини жойлаштириш учун эҳтимолий манзиллардан бири сифатида Исроил ҳам кўриб чиқилмоқда. Эронга қарши ҳарбий операциялар вақтида АҚШ ўзининг ўнлаб самолётларини, жумладан, қирувчи ва ёқилғи қуювчи учоқларини айнан Исроил ҳудудига жойлаштирган эди.

